1 мартдан фуқароларга уй-жой шароитларини яхшилаш учун субсидиялар бериш бошланди. Улар айнан кимларга берилади?

02.03.2021, 15:45

1 мартдан фуқароларга уй-жой шароитларини яхшилаш учун субсидиялар бериш бошланди. Улар айнан кимларга берилади?

Хабарингиз бор, 1 мартдан даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларга субсидиялар бериш жараёнлари қайтадан ишга туширилди. Қуйида субсияда ўзи нималиги, улар кимларга берилиши ҳақида сўз юритилади. 

Субсидия ўзи нима?

Субсидиялар — даромади юқори бўлмаган шахсларга ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олишлари учун бошланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш мақсадида давлат бюджетидан қайтариб берилмайдиган маблағлар.

Бошланғич бадал — бу бирламчи бозордаги (яъни, янги қурилган) уй-жойларни сотиб олиш учун ажратиладиган пуллар. Шаҳар ва қишлоқ жойларда уларнинг қиймати ҳар хил бўлади.

Субсидия, шунингдек ипотека кредити бўйича фоизларни қоплаш учун ҳам берилиши мумкин.

Бунда қишлоқ жойларда — биринчи 5 йил давомида ипотека кредити бўйича фоиз тўловлари билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун — 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига, Шаҳарларда (шу жумладан, Тошкент шаҳрида ҳам) эса — дастлабки бадалнинг бир қисмини тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун уй-жой ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида;

Тошкент шаҳрида биринчи беш йил давомида кредит бўйича фоизларни қоплаш учун — 12 фоизлик пунктдан ошган қисмига;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларида 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади.

Ҳар бир ҳудудда қуриладиган уй-жойлар сонидан келиб чиқиб, йил давомида ажратиладиган субсидиялар миқдори ҳақида Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликка қарши курашиш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ҳамда тегишли ҳокимликлари томонидан оммавий ахборот воситаларида маълумот берилади.

Субсидия олиш учун аризани Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали электрон тарзда бериш мумкин.

Субсидиялар кимга берилади?

Эслатиб ўтамиз, мазкур маблағлар фақатгина уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва шу тоифадаги бошқа Ўзбекистон фуқароларига ажратилади.

Субсидия олиш учун фуқаро 18 ёшга тўлган бўлиши керак. Агар фуқаро меҳнат мигранти бўлганда, унинг номидан оила аъзолари ҳам ариза бериши мумкин.

❗️ Субсидиялар фақатгина ариза берувчининг рўйхатдан ўтган ҳудуди бўйича берилади.

Субсидия ва арзон уйлар — бир хил тушунчами?

Эътибор беринг! Субсидиялар уйларни БОЗОР НАРХИДА харид қилишга берилади. Яъни, субсидия билан арзон уй-жойлар иккита бир бирига умуман алоқаси йўқ бўлган тоифадаги тушунчалар.

Шунингдек, субсидияларга тегишли Фармон чиқиши билан арзон уй-жойлар дастури ёпилгани йўқ! Ҳокимликлар фуқароларни қабул қилмасликлари бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритилмаган.

Арзон уй-жой учун НАВБАТларингиз ДХМлар орқали ўзгартирилмайди. Ушбу масалада маҳаллий ҳокимиятларга мурожаат этиш лозим.

Субсидия олишда баллар... бу нима?

Субсидия бўйича ариза топширган ҳар бир талабгорга пул маблағи берилмайди. Бунинг учун бир қатор талаб ва ҳолатларга жавоб бериш лозим.

Субсидия берилиши учун авваламбор масъул органлар вакилларидан шакллантирилган махсус комиссия ариза берувчиларга мезонлар бўйича балл беради.

Масъул органлар — ички ишлар бўлими, молия бўлими, давлат солиқ инспекцияси, бандликка кўмаклашиш маркази, кадастр корхонаси, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, туман (шаҳар) ҳокимликлари, иштирок этувчи тижорат банклари. Буларнинг ҳаммаси ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ҳаққоний эканлигини текшириш учун керак.

Ижтимоий мезонлар уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқароларни аниқлашга хизмат қилади. Балл тўплаш учун мезонларга талабгор ва (ёки) унинг оиласининг даромади (шаҳар ва қишлоқ жойлари учун алоҳида кўрсаткичлар белгиланган), турар жой мақоми (ижара ёки шахсий мулк), ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлганлар (меҳнат мигрантлари, етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ёлғиз аёллар ва ҳоказо), шунингдек, оилада ногиронлиги мавжуд бўлган шахслар инобатга олинган.

Субсидия тартиб бўйича юқори балл тўплаганларга берилади.

Субсидия олиш учун қандай маълумотларни тақдим этиш керак?

– паспорт;

– оила аъзоларининг паспорти ва никоҳ қайд этилганлиги гувоҳномаси (тўлиқ оила ва вояга етган фарзанди(лари) бўлганда) ва фарзандларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари (агар вояга етмаган бўлса) нусхаси;

– никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки никоҳ ҳақиқий эмас деб топилганлиги тўғрисидаги суд қарори (никоҳ қайд этилган ҳолларда) ва оилавий ҳолати тўғрисида ФҲДЁ органлари архивидан маълумотнома нусхаси (никоҳ қайд этилмаган ҳолларда);

– доимий прописка жойидан кадастр рақами ва турига тегишли маълумотлар;

– доимий прописка жойидан уй дафтарининг ёки квартира карточкасининг (17-шакл бўйича) нусхаси;

– ариза берувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг даромади ҳамда ушлаб қолинган даромад солиқлари ҳақида маълумотнома (қўшимча даромадлар бўлса солиқ декларацияси).

Ариза якунлари бўйича талабгорга ижобий жавоб олинган тақдирда фуқаро ўзининг танловига кўра субсидияни уй-жой сотиб олиш учун бошланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплашга қаратилган маблағ шаклида олиши мумкин бўлади.

Субсидия олиш учун ойлик маоши қандай бўлиши керак?

 

Ойлик миқдори (меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида)

Балл

Ойлик миқдори сўмда

Туманларда

1.

МҲТEКМнинг 3,8 дан кам бўлмаган 4,5 дан кўп бўлмаган

10

2 581 000 – 3 056 985

2.

МҲТEКМнинг 4,6 дан кам бўлмаган 5,2 дан кўп бўлмаган

6

3 124 918 – 3 532 516

3.

МҲТEКМнинг 5,3 дан кам бўлмаган 5,8 дан кўп бўлмаган

2

3 600 449 – 3 940 114

Шаҳарларда (Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарлари)*

1.

МҲТEКМнинг 4,0 дан кам бўлмаган 5,0 дан кўп бўлмаган

10

2 717 000 – 3 396 650

2.

МҲТEКМнинг 5,1 дан кам бўлмаган 6,0 дан кўп бўлмаган

6

3 464 583 – 4 075 990

3.

МҲТEКМнинг 6,1 дан кам бўлмаган 6,5 дан кўп бўлмаган

2

4 143 931 – 4 415 664,5

Тошкент шаҳрида*

1.

МҲТEКМнинг 4,5 дан кам бўлмаган 6,0 дан кўп бўлмаган

10

3 056 998 – 4 075 998

2.

МҲТEКМнинг 6,1 дан кам бўлмаган 7,5 дан кўп бўлмаган

6

4 143 931 – 5 094 997

3.

МҲТEКМнинг 7,6 дан кам бўлмаган 9,0 дан кўп бўлмаган

2

5 162 930 – 6 113 997

 

Танганинг орқа томони-чи?

Агар талабгор ипотека шартномаси бўйича шартнома мажбуриятларини (тўловларни) сурункали равишда бажармаслиги оқибатида ипотека шартномаси бекор қилинса, шартнома бўйича ундириладиган маблағлар, шу жумладан, ажратилган субсидиялар гаровдаги уй-жой сотилишидан тўлиқ равишда қайтарилади.

Эътибор беринг! Субсидия олиш жараёнида Давлат хизматлари марказлари Сиздан фақатгина ариза олиб қолиб тайёр натижани тақдим этишга ваколатли.

Қолган масалалар, яъни кимга, қайси ҳамда қанча миқдорда субсидиялар ажратишни ташкил этиладиган КОМИССИЯ томонидан ҳал қилинади. Бу ишга Давлат хизматлари маркази аралашмайди.

Субсидиялар бир оилага (оила аъзоларининг биттасига) ФАҚАТ 1 марта берилади.

Субсидия ажратиш учун қайси вақтда аризалар қабул қилинади?

Ариза берувчи томонидан ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун ариза бериш муддати йилнинг 1 мартидан 1 октябргача этиб белгиланади. Ушбу муддат тугагандан кейин тақдим этилган аризалар кўриб чиқилмайди.

  • Кўрилди
    4110
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Насиба2021-03-03 02:53:12

Яхши имконият


Мукаррам2021-03-02 23:06:28

Ман ипотека банкидан кредитга Уй олганман карантин туфайли тпдбиркорлигим фаолиятини тухтатдим сабаби иш булмади шу сабабли ишлолмай колдим эндиликда ипотека банкидан карз булиб колдим манга субседия килиб ердам беришларенгни сурадим мпхпллада аеллар дафтприда руйхатда турибман амалий ердам берспларенг яхши буларди иктта вояга етмаган фарзандим бор.


Панжи2021-03-02 22:52:30

Ассалому алайкум Субсидияни халққа ажратувчилар мени ойлигим 750.000 минг оиламни иш хаққиси 1.450.000 минг сум энди мен уч нафар фарзандим бор ва менга уй жой керак ахир мен 4.500.000 ошмаган ойлик учун қайрда ишлайин қайси ташеилотда шунақа ойлик биради мен ётиб олиб ишлаймат шу ташкилотда


Фахриддин2021-03-02 22:29:30

Мени ойлигим 1.000.000 сўмдан озроқ ошади, лекин уйга муҳтожман, вақтинчалик прописка билан яшаб юрибман, менга ўхшаганларга бундай шароитли субсидалар насиб қилмас экан, жамиятда ҳозирги кунда уйга муҳтожлар жуда кўп, нима қиламиз янги Ўзбекистон омадини берсин.


Жумабоева2021-03-02 21:19:50

Уйни ўзи йўқку субсидия бўйича бериладиган. Мен комиссиядан ўтгандим.Шахардан оласлар деди туман хокими


Шукуржон Кодир-Ахунов2021-03-02 21:19:04

Мен 11 Нафар Фарзанд Отасиман. МФЙ янги хаёт Орол ку'ча 23 уйда истикомат киламан ойлам билан. Темир дафтари ру'хатидамиз. Уйимиз битмаган фарзанларим учун етарли шароитлар мавжуд эмас. 11 Нафар Фарзандларим учун шароит яратиш лозим. Биздек оилаларга хам субсидия ажратиладими. Биз каерга мурожаат килишимиз лозим. Хурмат бн Кодир-Ахуновлар ойласи. Тел ракамим +99891 496 23 03.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+