АҚШнинг «The Jamestown Foundation» маркази: Ўзбекистонда мислсиз ўзгаришлар бўлмоқда

05.02.2018, 10:47

АҚШнинг «The Jamestown Foundation» маркази: Ўзбекистонда мислсиз ўзгаришлар бўлмоқда

Мамлакатимиздаги ислоҳотлар хорижий экспертлик доираларда тобора кўп муҳокама қилинаётган мавзуга айланмоқда. Юртимизда юз бераётган янгиланишларни АҚШнинг “The Jamestown Foundation” маркази мутахассислари ҳам таҳлил этишди. Марказнинг таҳлилий материалида ўтган йилнинг энг муҳим воқеалари — ички сиёсатдаги либераллаштириш, қўшни давлатлар билан муносабатларнинг яхшиланиши, шунингдек, 2018 йилда кутилаётган асосий ўзгаришлар ҳақида сўз боради.

“The Jamestown Foundation” АҚШдаги энг нуфузли “ақл марказлари”дан. Ўзбекистон ҳақидаги таҳлилий материал собиқ иттифоқ мамлакатларига бағишланган “Eurasia Daily Monitor” бўлимида эълон қилинди.

Мақолада, жумладан, Шавкат Мирзиёев Президент сифатида иш бошлагач, ички ва ташқи сиёсатдаги мавжуд жиддий нуқсонларни йўқотиш ҳамда давлат бошқаруви тизимидаги турғунликни бартараф этишга киришди.

Шавкат Мирзиёев 2017 йилда мамлакатдаги вазиятни ўзгартириш учун салмоқли саъй-ҳаракатни зиммасига олди. Асосий ислоҳотлар хусусий секторни янада жонлантиришга қаратилди. Янги ҳукумат кичик ва ўрта бизнесга Ўзбекистонни иқтисодий тараққий топтириш кучи сифатида қарамоқда. Президент бошчилигида молия ҳамда пул-кредит сиёсатини либераллаштириш, хусусан, валюта конвертациясини енгиллаштириш ва давлатнинг тартибга солиш ролини сезиларли даражада камайтириш бўйича аниқ қадамлар ташланди. Ҳукумат бизнес юритиш муаммоларини амалда ҳал қилишга киришди.

Ўтган йилдан янги раҳбарият ижтимоий-сиёсий масалаларга алоҳида эътибор қарата бошлади. Диссидентлар озодликка, экстремизм ғояларига мойил бўлган 16 минг киши “қора рўйхат”дан чиқарилди. Тошкент БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайнга Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид вазиятни баҳолаш имкониятини яратиб берди.

Президент 2017 йилда кенг кўламли ўзгаришларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида мингга яқин ҳужжатларни имзолади. Ҳокимият амалдорлари ҳамда аҳоли ўртасида масофанинг қисқара бошлагани Ўзбекистондаги энг муҳим воқеалардан бири бўлди, дейиш мумкин. Бинобарин, 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланган эди. Шавкат Мирзиёев барча чиқишида амалдорлар халққа хизмат қилиши, одамларнинг розилигини олиши зарурлигини уқтириб келади. Умуман, Ўзбекистон 2017 йилда ўзгаришларга умид уйғотган давлат сифатида намоён бўлди. Бу умид замирида сифатсиз давлат хизматлари ҳамда коррупция сингари иллатларга қарши курашиш мақсади ҳам мужассам.

Халқаро масалаларда янги раҳбарият қўшни мамлакатлар билан йиллар давомида шаклланган “музликларни эритиш” билан шуғулланди. Дунё ҳамжамияти билан интеграциялашув жонланди. Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонда йирик этник ўзбеклар жамоаси истиқомат қилади. Шу ва бошқа сабаблар туфайли Тошкент ўтган йили ҳар бир қўшни давлат билан муносабатларни яхшилашга алоҳида эътибор қаратди. Натижада Ўзбекистон шу пайтга қадар жуда танг муносабатларга эга бўлган Қирғизистон ҳамда Тожикистон билан алоқаларида туб ўзгаришларни ясади. Чегараларни делимитация қилиш, ҳаво қатновлари йўлга қўйилиши, транспорт алоқасини кенгайтириш, иқтисодий ҳамкорлик Марказий Осиёнинг қўшни мамлакатлари ўртасидаги музокараларнинг марказида бўлди.

Дунёнинг йирик давлатлари билан муносабатларда ҳам Ўзбекистонда прагматик сиёсат олиб борилди. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг инвестиция ва савдо салоҳиятини кенгайтириш мақсадида яқин қўшнилар билан ҳам, бошқа мамлакатлар билан ҳам фаол ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйди. Мисол учун, Ўзбекистон Жанубий Корея билан ахборот технологиялари, автомобиль ишлаб чиқариш, тиббий таълим, соғлиқни сақлаш, Туркия билан туризм ҳамда ишлаб чиқариш, Россия билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кўпайтириш, Хитой билан нефть-газ секторини ривожлантириш ва кредит-молия соҳаларида ҳамкорликни фаоллаштирди.

“The Jamestown Foundation” тадқиқот марказининг прогнозларига кўра, мамлакат раҳбарияти 2018 йилда ҳам асосий эътиборини ҳақиқий бозор иқтисодиётини ривожлантиришга қаратиб, тадбиркорлик ҳамда кичик бизнесни янада такомиллаштиришни изчил давом эттиради. Янги маъмурият иқтисодиётни тараққий топтиришда йирик корхоналарга эмас, асосан, кичик ва ўрта корхоналарга таянаяпти. Бинобарин, ҳукумат хусусий секторни ривожлантириш, қулай сармоявий муҳит яратиш учун кўп томонлама ислоҳотларни давом эттиради.

Таъкидланишича, маъмурий ислоҳотлар бундан кейин ҳам фаол олиб борилади. Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг кўплаб чиқишларида мансабдор шахслар янада фаол ишлаши зарурлигини қатъий уқтириб келмоқда. Гарчи, аксар мутасаддилар аввалги тизимдан буён ишлаб келаётган бўлсалар-да, улар Президент томонидан қўйилаётган талабларга жавоб бериши шарт. Шунга мувофиқ, 2018 йилда ҳам кадрларни алмаштириш жараёни давом этиши кутилмоқда. Шу билан бирга, очиқлик сиёсати сабабли кўплаб мансабдорлар оммавий ахборот воситаларида тез-тез чиқиш қилмоқдалар ва бу аҳолига уларни яхши таниб олиш учун имконият яратаяпти.

Ўзбекистоннинг 2018 йилги ташқи сиёсати иқтисодий ҳамкорликка асослангани билан муҳим аҳамиятга эга. Расмий Тошкент катта эҳтимол билан турли блокларга қўшилмаслик мақомини сақлаб қолади ҳамда барча учун очиқ мамлакат бўлиб қолади. Ташқи муносабатларда, эҳтимол, икки томонлама форматга амал қилишни давом эттиради. Ҳукумат кун тартибининг марказида турган Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой темир йўлини қуриш ва бошқа лойиҳалар амалга оширилади.

Умуман олганда, ўтган йил мобайнида мамлакат ички ҳамда ташқи сиёсат соҳаларида мисли кўрилмаган ўзгаришлар юз берди, дейилади порталда. Мутахассисларнинг умид билдиришича, маҳаллий аҳоли ҳамда хорижликларда аввалги йилларда пайдо бўлган турли шубҳа ва гумонларни мамлакат раҳбарияти ўзининг қатъий ҳамда тизимли саъй-ҳаракатлари билан йўққа чиқаради. Айни шу жараён 2018 йилда кутилаётган энг муҳим воқеликлардан биридир.

Манба

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1496
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+