“Business city” – “Юнусобод” ишбилармонлик маркази OʻzLiDeP электорати учун катта имкониятлар яратади

02.11.2018, 15:53

Рената Юсупова
Рената Юсупова

OʻzLiDeP Юнусобод туман Кенгаши раиси, Халқ депутатлари Юнусобод туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 26 октябрь куни Тошкент шаҳри Юнусобод туманига ташриф буюриб, бу ерда амалга оширилиши мўлжалланган лойиҳалар, истиқболдаги режалар билан танишди.

Ташриф доирасида давлатимиз раҳбари Юнусобод туманининг Отчопар – 2 маҳалласи ҳудудида қуриладиган “Business city” – “Юнусобод” замонавий ишбилармонлик марказини ҳам кўздан кечирди. Мазкур замонавий ишбилармонлик марказида кўп қаватли турар жойлар, бизнес офислар, савдо-кўнгилочар масканлар, меҳмонхоналардан иборат кўп тармоқли мажмуалар, сайлгоҳлар, ижтимоий объектлар, тиббий соғломлаштириш марказлари бунёд этилади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, қиймати 500 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа 2019-2023 йилларда қуриб битказилади.

Президентимиз янги ишбилармонлик маркази пойтахт аҳолисига қулай шарт-шароит яратиш билан бирга, хорижий инвесторлар, бизнес доираларни жалб қилиш кераклигини ҳам алоҳида таъкидлади. Марказ қурилишида рельефдан оқилона фойдаланиш, дунё шаҳарлари тажрибасини ўрганиш зарурлигини қайд этди.

Таъкидлаш керак, “Business city” – “Юнусобод” замонавий ишбилармонлик маркази OʻzLiDePнинг асосий электорати бўлган тадбиркорлар ва ишбилармонлар учун катта имкониятлар эшигини очади. Чунки тадбиркорлар марказда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, савдо-сотиқ сингари ўнлаб йўналишларда фаолият олиб боришлари мумкин. Бу эса юзлаб янги корхоналарни ташкил этиш ва минглаб иш ўринларини яратиш имконини беради. Шу жиҳатдан ишбилармонлик марказини ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишларни партиявий воситалар билан назоратга олишимиз лозим. Президентимизнинг Юнусободга ташрифи давомида белгилаб берилган аниқ вазифалар биз депутатлар учун муҳим дастуриламал бўлиши, халқимизга сидқидилдан хизмат қилишга ўргатиши зарур.    


  • Кўрилди
    2313
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+