Замонамиз қаҳрамонлари сийратини яратиш даври келди

13.12.2018, 16:48

Бахтиёр Якубов
Бахтиёр Якубов

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари

Ёзувчи ва журналистлар билан ҳамкорлик O‘zLiDeP ғоя ва мақсадларига қанчалик ҳамоҳанглиги борасида партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Бахтиёр Якубов билан суҳбат. 

– Маълумки, Ўзбекистонда ижодкорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ижодий танловлар талайгина. Хўш, шу туркумда яна бир танловни ўтказишга қандай зарурат туғилди?

– Ҳақиқатан ҳам кейинги йилларда мамлакатимизда ижод аҳлига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Ижодкорларни рағбатлантириш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш, давлат сиёсати даражасига кўтарилмоқда. Шу маънода O‘zLiDeP ташаббуси билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Фаол тадбиркор – ижодкор нигоҳида” танлови ҳам ана шу тизимли ишларнинг яна бир амалий ифодасидир, десак асло муболаға бўлмайди.

Фақат мазкур танлов бу йўналишдаги танловлардан бир мезонга кўра ажралиб турди. Бошқача айтганда, бадиий, публицистик материаллар орқали бугунги фаровон ҳаёт яратувчиси, тараққиётимиз локомотиви бўлган тадбиркорлар, фермерлар қиёфасида замонамиз қаҳрамонлари образини яратиш, ушбу эзгу ғояни халқимиз онгига сингдириш, истеъдодли ижодкорларимизни айнан шу мавзуда ўқишли асарлар яратишга руҳлантириш, энг асосийси, ёшларда қизиқишни кучайтириш эди. Қувонарли томони, танловда иштирок этган ҳар бир қаламкаш айни мақсад йўлида бизга чин маънода ҳамфикр, ҳаммаслак бўлди.

– Албатта, фидойи, заҳматкаш инсон образини талқин этиш осон иш эмас. Кўплаб соҳа вакиллари ёки фаол ишбилармонларимиз, бир сўз билан айтганда, бугунги давр қаҳрамонлари образини яратишда ўзига хос прототип ролини ўйнаши мумкин. Айтинг-чи, нега ушбу танловда айнан тадбиркорлар ва  фермерларга алоҳида урғу берилди?

– Тўғри. Бошқа соҳа вакиллари орасида ҳам замона қаҳрамони десак арзийдиган фидойи инсонлар бор. Уларнинг аксарияти тўғрисида бадиий асарлар ишланяпти.

Бу ижодкорларимиз томонидан қилинаётган жуда салмоқли иш. Лекин... Бир нарсага эътибор қаратишингизни истар эдим. Ҳар қандай давлат, айниқса, кенг миқёсли ислоҳотларни амалга ошираётган жамият мана шу ўзгаришларнинг бутун масъулиятини елкасига оладиган кучга, керак бўлса, янгиланаётган жамиятнинг ўзига хос локомотивига таянади. Инсоният тарихига назар солсак, ҳар бир мамлакат ҳаётидаги энг масъулиятли даврда жавобгарликни ўз зиммасига олган етакчи куч майдонга чиққанининг гувоҳи бўламиз. Худди шу сингари бугун Ўзбекистонда ҳам барча жабҳаларни қамраб олган ислоҳотларда мана шундай масъулиятни ўз зиммасига олган етакчи куч бор. Улар – тадбиркорлар, фермерлар, ишбилармонлардир. Бугун юртимиз иқтисодиётининг қиёфасини ўзгартираётган замонавий ишлаб чиқариш корхоналари, завод ва фабрикаларнинг барпо этилишида ҳам, юз минглаб ёшларимизни иш билан таъминлаш масаласини ҳал қилишдек муҳим ишлар ортида ҳам фаол тадбиркорлар саъй-ҳаракати турибди, десак хато бўлмайди. Шундай экан, уларни замонамиз қаҳрамонлари дейишга, айнан уларнинг ҳаёт йўли мисолида ёшларимиз учун ўрнак бўладиган бадиий образлар яратишга, бунинг учун улар тўғрисида назм ва насрда, драматургия ва публицистика йўналишларида асарлар дунёга келишига туртки бермаслик қанчалик тўғри бўлади?

– Ростдан ҳам ажойиб, ниҳоятда мазмундор ғоя. Сиз, туртки ҳақида айтдингиз. Хўш, қандай омиллар бу ишга қўл уришга ундади?

– Ўринли савол. Ўтган йил 3 август санасида Президентимиз ижодкорлар, зиёлилар билан бўлган учрашувда замонамиз қаҳрамони кимлиги борасида асосли ва дастуриламал фикрларни билдирган эди. Шунингдек, 2018 йилга ном беришда фаол тадбиркор тушунчасига атрофлича ва теран таъриф бергани бизни ҳам руҳлантириб юборди. Ушбу фикрлардан хулоса қилган ҳолда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Матбуот ва ахборот агентлиги билан ҳамкорликда қаламкашларимизни замона қаҳрамони бўлмиш фаол тадбиркор образини яратишга қаратилган асарлар ёзишга рағбатлантирувчи янги танловни ташкил этиш ва ўтказиш ташаббуси билан чиқдик.

Бу ғояни ижодкорларимиз самимий кутиб олди. Биргина мисол, гарчи танлов илк бор ўтказилаётган бўлса-да, қолаверса, шу йилнинг март ойида эълон қилинганига қарамасдан “Энг яхши бадиий асар” йўналишида юзга яқин, публицистика йўналишида 150 га яқин муаллифлар ўз ижодий ишлари билан қатнашди. Танловнинг нуфузи ортганининг яна бир сабаби, унда ёш, эндигина ушбу соҳада қалам тебратишни бошлаган иқтидорли ёшлардан тортиб, таниқли адибларимиз, драматургларимиз ҳам қатнашганлигидир. Ҳатто ҳаваскор қаламкашлар ҳам танловда ўз ишлари билан иштирок этди.

– Бугун давлатимиз, ҳукуматимиз, биринчи навбатда, шахсан Президентимиз томонидан тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бу тушунарли, албатта. Лекин ушбу жараёнга ижод аҳлининг кенг жалб қилиниши ва бундай танловлар ўтказиш билан қандай натижаларга, қандай аниқ мақсадларга эришиш мумкин?

– Чиндан ҳам бугунги кунда тадбиркор ва фермерларимизнинг яратувчанлик салоҳиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида сўнгги икки йилда жуда катта ишлар амалга оширилди. Аҳамиятли жиҳати, соҳа вакилларига, умуман кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга бўлган эътибор мазмун-моҳияти мамлакатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда тўла очиб берилди. Маърузада тадбиркор халқ – фаровон ҳаётнинг бунёдкори эканлиги алоҳида таъкидланди.

Энг муҳими, билдирилаётган бундай юксак ишонч, орзу-умидлар юкини тадбиркорларнинг ўзи чуқур англаётгани. Бунга мисол тариқасида шу йил февраль ойида O‘zLiDeP ташаббуси билан “Президент ғоялари билан келажак сари” шиори остида ўтказилган Ўзбекис­тон фаол тадбиркорлар форумини кўрсатиб ўтиш ўринлидир. Видеоконференция шаклида ўтказилган анжуманда иштирок этган икки мингга яқин тадбиркорлар давлат раҳбари томонидан уларни қўллаб-қувватлаш борасида тизимли равишда чиқарилаётган фармон ва қарорларга жавобан мамлакатнинг барча тадбиркорларига мурожаат қабул қилишди. Шу орқали уларни ўзлари фаолият олиб бораётган жойларда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар сиёсатининг таянчига айланишга, ҳудудларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаол қатнашишга, инновацион технологияларни кенгроқ жалб қилиш, янги иш ўринлари яратиш ва бошқа йўналишларда жонбозлик кўрсатишга даъват этишди.  Форумдан кейин ўтган даврда ташаббускор тадбиркорларимиз томонидан жойларда амалга оширилган ишларни кўлами алоҳида мавзу.

Ўз навбатида жамиятда тадбиркорларга, фермерларга нисбатан алоҳида қараш, фикрларни шакллантириш муҳим ўрин тутади ва бунда айнан бадиий асар, драматургия, публицистиканинг ўрни бўлакча. Ижодкорларни рағбатлантирувчи танловни эълон қилишдан, ўтказишдан кўзланган мақсад ҳам айнан шунга қаратилган.

Энди бевосита кутилаётган натижалар тўғрисида тўхталсак.

Даставвал, юқорида таъкидланганидек, бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга ошишидан шу жамиятда яшаётган ҳар бир киши бирдек манфаатдор. Демак, ушбу ислоҳотларни амалга оширишда етакчилик қилаётган фаол тадбиркорларга нисбатан одамларда шунга мос, объектив фикрларни шакл­лантириш, бир сўз билан айтганда, улар онгига яхши бадиий, публицистик асарлар орқали кириб бориш ниҳоятда муҳимдир.

Иккинчидан, бунда ёшлар тарбияси алоҳида ўрин тутади. Чунки, яратувчи қатлам вакиллари бўлмиш – фаол тадбиркорлар тўғрисида ёзилган эзгу асар таъсирида тарбияланган ёшлар, келгусида ўз тақдирини шу соҳа билан боғлашга, келажакда ўзи яшаб турган жойда ўзгача руҳда янги ишлаб чиқариш корхонасини бунёд этиш, шу орқали нафақат ўзини, балки қўни-қўшнисини, тенгдошларини иш билан таъминлаш фикри билан яшайди.

Учинчидан, жамиятда тадбиркорларга нисбатан бундай фикрларнинг шаклланиши ҳали-ҳануз баъзи жойларда ишбилармонларга нисбатан учраб турадиган, эскидан қолган нотўғри қарашларнинг бартараф бўлишига ёрдам беради.

– Кечирасиз-у, жавобларни эшитарканмиз, бошқа бир савол туғилди? Фикримизча, сиёсий партиялар бирмунча бошқа ишлар билан шуғулланиши керак эмасми? Бундай танловлар қанчалик уларнинг мақсад ва вазифаларига яқин?

– Ҳар қандай сиёсий партия ўз ғоя ва қарашлари, шу жумладан манфаатларини ҳимоя қиладиган қатлам борасида жамиятда кенг ва объектив қараш шаклланишидан манфаатдор.

Бевосита O‘zLiDePга келадиган бўлсак, бошқа мақсад ва вазифалари қатори ўз ғоя ва мақсадларини кенг омма онгига сингдириш партия дастурида алоҳида ажратиб кўрсатилган. Демак, бугун жамиятда тадбиркорлар, фермерлар, ишбилармонлар тўғрисида атрофлича объектив қарашларнинг шаклланиши нафақат ислоҳотларимиз манфаатларига хизмат қилади, балки партиямизнинг дастурий мақсадларини амалга оширилишига ҳам асос яратади. Бевосита танлов, унинг келажакда тизимли асосда йўлга қўйилиши ижодий интелгенцияни ана шу муҳим ишга жалб этишга, керак бўлса, айнан биз учун муҳим бўлган йўналишда қалам тебратишга ихтисослашган ёш қаламкашларнинг пайдо бўлишига туртки беради.

Бу орқали жамиятда яратувчи қатлам бўлган тадбиркорлар борасида ижобий фикрни шакллантиришда мана шундай катта кучни жалб қилишга эришамиз. Ўйлайманки, юқорида билдирилган мулоҳазаларнинг ўзиданоқ партия учун бундай тадбирлар нақадар муҳим ва дастурий мақсадларни амалга оширишга хизмат қилишини  тушуниб олган бўлсангиз керак. 

Сўзим якунида шуни таъкидлашни истардимки, бу каби улуғвор мақсадларга йўғрилган ва мазкур йўналишдаги ишларимизни изчил давом эттирамиз.

Элбек ШОЙИМҚУЛОВ

суҳбатлашди.


  • Кўрилди
    1660
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Тошонов Яздон Каттақўрғон туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари аппарат раҳбари2018-12-20 10:02:20

Фаол ижодкор ёшларимизни ижтимоий тармоқларда оммалашиб бораётган партиямиз саҳифалари ва гуруҳларига ҳам кенгроқ жалб қилишимиз керак.


Машраб Казаков 2018-04-30 12:42:00

Муҳтарам юртбшимиз ёшларга бераётган имкониятлардан тўлиқ фойдаланмасак келажакдаги ёшлар бизларни норози бўлишлари аниқ. Чунки биз ёшлар имкониятлардан тўлиқ фойдалансак келажакдаги ёшларга шунча кўп иммкониятлар эшиги очилади.


Сарвиноз Холматова O`zLiDeP Қизилтепа туман бўлими ижрочи котиби2018-04-27 16:49:38

Узбекистон Республикаси Президенти Навоий вилоятига ташриф хусусида тўхталадиган бўлсам, хозир кеча -кундузда Ватанимиз келажаги бўлган ёшларга ва айниқса уюшмаган ёшларни иш билан бандлигини таъминласак, юртбошимиз айтганларидай халқ биздан рози бўлади деб бежизга айтмаганликларининг мана шундай заводларни қурилиши негизада мана шундай улкан мақсадни бирлаштирса нур устига аъло нур бўлурди.Вилоятимизнинг илмга чанқоқ ёшлари иш билан банд бўларди.


Атақулов Отабек Нурмуротович2018-04-27 10:40:24

Президентимиз томонидан вилоятимизга қилинган ташриф асосида амалга ошириладиган ишлар, вилоят фуқаролари ва ёшлари Президентимизнинг домий эътиборида эканлигидан далолатдир.


Farrux Safarov Qarshi shahar2018-04-26 12:26:06

Biznig yoshlar xechkimdan kam emas


Назаров Голибжон Хайруллаевич2018-04-25 10:11:57

Узбекистон Республикаси Президенти навоий вилоятига ташриф буйича жуда яхши ишлар амалга оширилди агар янги заводлар ишга тушса навоий вилоятимизда ишсизлар сони камаярди жуда яхши буларди


Гурлан туманидаги "Мурувваттекс" шўбъа корхонаси БПТ2018-04-24 15:13:41

Ҳозирги кунда ёшларга катта эътибор берилаётгани бежиз эмас. Сабаби юртимизнинг эртанги куни шу ёшлар қўлида. Шунинг учун уларнинг билим олишлари, малака оширишлари, хорижда тахсил олишлари учун улкан шароитлар яратилмоқда. Шундай экан давлатимиз равнақи учун иқтидорли, истеъдодли ёшлардан кенгроқ фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+