Ҳукуматнинг асосий диққат-эътибори тадбиркорга қаратилади

23.05.2019, 10:38

Мамлакатимизда сўнгги йилларда қабул қилинаётган кўплаб Фармон ва қарорлар тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш, оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама рағбатлантириш, экспорт фаолиятини амалга оширувчи корхоналар ҳамда хорижий инвесторлар учун кенг шарт-шароитларни яратиб беришга қаратилганлиги билан аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ана шу ислоҳотларнинг узвий давоми бўлди. Айниқса, ушбу ҳужжат партиямиз электоратининг асосий қисми саналган тадбиркорларимиз учун муҳим янгилик бўлди.

Мазкур қарорга кўра тадбиркорларни йўлида ғов бўлаётган турли бюрократик тўсиқлар, молиявий, сиёсий, ҳуқуқий ва бошқа масалаларга Ҳукуматнинг асосий диққат-эътибори қаратилади. Хусусан, Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти фаолияти йўлга қўйилади.

Ушбу қабулхоналар тадбиркорлар ва инвесторлар билан тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш, уларнинг қонуний манфаатлари таъминланиши, уларнинг йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, тизимли муаммолар бўйича мониторинг юргизиш ва соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш йўналишларида фаолият юритади.

Қарорнинг энг муҳим жиҳати шундан иборатки, Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарида тадбиркорларни, шу жумладан, чет эллик инвесторларни қабул қилиш ҳокимликлар, Савдо-саноат палатасининг тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари, инвестициялар ва савдо, адлия вазирликлари, солиқ инспекцияси, қурилиш, давлат кадастри органлари, банк ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудий органлари вакиллари иштирокида тасдиқланган жадвал бўйича ҳар куни амалга оширилади.

Мурожаатда кўрсатилган қонуний талаблар ва таклифларни туман ва шаҳар даражасида қаноатлантириш имконияти бўлмаса, улар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Қабулхоналарга юборилади. Республика даражасида ҳал этилиши керак бўлган мурожаатлар кейинчалик Бизнес-омбудсман, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатасининг раҳбарлари ва бошқа ваколатли органлар иштирокида кўриб чиқиш учун Котибиятга юборилади.

Бош вазир мурожаатлари ваколатли органлар томонидан ҳал этилмаган тадбиркорлик субъектларини, шу жумладан, чет эллик инвесторларни доимий асосда шахсан қабул қилади. Унинг қарори талаб этиладиган мурожаатлар Котибият томонидан киритилади.

Шуни қайд этиш лозимки, қабулхоналарда тадбиркорларнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар, шунингдек, бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан мурожаатлари кўриб чиқилади. Қарори ёки ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган ташкилотларнинг мансабдор шахсларига мурожаатларни кўриб чиқиш учун асоссиз топшириш тақиқланади.

Қарорда ҳисобот тизими жорий этилган. Туманлар ва шаҳарлардаги Қабулхоналар ҳар ойнинг 5-санасигача вилоят даражасидаги Қабулхоналарга ҳисобот ва ахборотни киритадилар ва ўз навбатида улар ойнинг 7-санасигача Котибиятга йиғма-таҳлилий ахборотни киритадилар. Котибият Бош вазирга мурожаатларнинг кўрилиши жараёни ҳақида ҳар ҳафтада ахборот киритади, ҳар чоракда унинг раислигида йиғилишлар ўтказилади. Натижалар бўйича Бош вазирнинг ўзи ҳар чоракда Президентни хабардор қилади.

Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари тегишли давлат хизматлари марказлари биноларида жойлаштирилади, шунингдек уларга кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида «business.gov.uz» ягона интерактив портали ҳам ишга туширилади. Портал орқали эса масофадан туриб мурожаат қилиш ва унинг кўриб чиқилиши жараёнини онлайн режимда кузатиб бориш имконияти яратилади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган ушбу тарихий Фармон юртимизда тадбиркорлик фаолиятининг эркинлигини кафолатлайдиган, инвестициялар ўсишини таъминлайдиган ва пировардида, халқимизнинг ижтимоий ривожланишини янада оширишга хизмат қиладиган муҳим ҳужжат эканлигига шубҳа йўқ.


  • Кўрилди
    1368
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+