Бағрикенглик ва кечиримлиликнинг амалий ифодаси

03.06.2019, 12:29

Бахтиёр Якубов
Бахтиёр Якубов

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари

Президентимизнинг бевосита кўрсатмалари асосида амалга оширилган юртдошларимизни қалтис вазият юзага келган худуддан юртимизга қайтарилиши бугунги янги, динамик тарзда ўзгараётган Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган давлат сиёсатининг яна бир ёрқин кўриниши бўлди. Ушбу гуманитар акция нафақат юртимиз балки жаҳон жамоатчилиги томонидан ҳам юқори  даражада ижобий баҳоланмоқда.

Ушбу акциянинг муҳим жиҳатларидан бири сифатида уни амалга оширишда ташқи ишлар вазирлиги, махсус хизматлар, бошқа идораларнинг бир қатор халқаро ташкилотлари ёрдамига таянган ҳолда амалга оширилганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ушбу инсонпарварлик ва бағрикенглик акцияси ушбу фуқароларнинг жамиятга, тўлақонли ҳаётга қайтариш борасида амалга ошириладиган катта йўлнинг бошланиши деб ҳисоблайди. Муҳими, ўз ҳаётида оғир вазиятни бошдан кечириб эндиликда ватанимизга қайтган барча фуқароларимизга ўзини қайта тиклашлари ва жамиятга тўлақонли равишда киришиб кетишлари учун ҳар томонлама зарур ёрдам кўрсатилади.

Биз ушбу акцияни мамлакатимиз раҳбари томонидан жамиятимизда шакллантирилаётган ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, бағрикенглик маданиятини шакллантириш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлардаги муҳим қадам сифатида баҳолаймиз.

Айтиб ўтиш керакки жамиятимизда бундай муҳитни шакллантириш борасида ишлар анча олдин бошланган эди. Хусусан, 2017 йилда мамлакат тарихида илк бор Ўзбекистон Президенти ўз конституцион ваколатларидан фойдаланган ҳолда 2700 дан ортиқ инсонни авф қилган эди, 2018 йилда эса уларнинг сони яна 990 тага кўпайганди. Мазкур эътибор натижасида 3300 дан ортиқ фуқаролар ўз оилалари бағрига қайтган бўлса, уларнинг 640 тасини айнан таъқиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок қилганлар ташкил этишини қайд этиш ўринлидир.

Энг муҳими -  алоҳида олинган ҳар бир ҳолатда авфни қўллашда аҳолининг ўзини ўзи бошқариш органлари, хотин-қизлар қўмиталари, ёшлар ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаол иштирок этмоқда, бундай шахсларнинг ҳар бири билан яккама якка суҳбатлар ўтказилмоқда. Илгари турли диний экстремистик гуруҳлар билан алоқада гумонланган 20 мингдан ортиқ шахс ҳисобдан чиқарилди.

Адашиб, алдовларга учиб бир пайтлар мамлакатдан чиқиб кетган, бунинг оқибатида оғир ҳаёт синовларини бошдан кечирган инсонларнинг муқаддас Рамазон ойида ўз ватанига қайтарилиши алоҳида эътиборга моликдир.

Ҳукумат томонидан уларга тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш кафолатланганлиги ҳам бундай инсонларга кўрсатилаётган ғамхўрликдан далолат беради.

Мазкур бағрикенглик ва инсонпарварлик акцияси жамиятимизда инсон, унинг ҳаёти ва эркинликлари  энг олий қадрият эканлигини яна бир тасдиқлади.


  • Кўрилди
    1716
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+