Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш — устувор вазифа

15.11.2017, 18:19

Аҳолининг ҳаёт даражаси ва фаровонлигини оширишда барча соҳа қатори электр энергетика тармоғи ҳам муҳим ўрин тутади. Таъкидлаш жоизки, биз, депутатлар ҳудудларга чиқиб, ижтимоий-иқтисодий аҳволни ўрганиш жараёнида истеъмолчиларга етказиб берилаётган энергия ресурслари қийматини аниқлашда табақалаштирилган ёндашув мавжуд эмаслиги ҳамда бу нооқилона фойдаланишга сабаб бўлаётганига, муқобил энергия манбаларининг жорий этилмаганига гувоҳ бўлдик. Президентимизнинг шу йил 8 ноябрдаги “Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада учраётган бундай камчиликларни бартараф қилиш баробарида, янги технологияларни татбиқ этишга қаратилгани билан ғоят аҳамиятлидир. Мазкур ҳужжатга кўра, 2018 йил 1 январдан эътиборан энергия ресурсларидан тўғри ва тежамкорлик билан фойдаланишни рағбатлантирувчи бир қатор механизмлар назарда тутилмоқда. Жумладан, пишган ғишт, гипс, цемент ҳамда бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи, шунингдек, муайян хизматлар кўрсатувчи (ресторанлар, кафелар ва бошқалар) истеъмолчилар уланган қуввати 750 кВА бўлган электр энергияси ҳамда табиий газ учун тўловлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан ўрнатиладиган ўсиб борувчи коэффициент ва тарифларга мувофиқ амалга оширилади. Уланган қуввати 750 кВА ҳамда ундан юқори бўлган электр энергияси учун ҳисоб-китоблар сутка вақтларининг табақалаштирилган тарифи бўйича қилинади. Эътиборлиси, мазкур тартиб бюджет ташкилотлари, фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмалари насос станциялари, ўз навбатида, Давлат бюджетидан молиялаштириладиган насос станция-ларига нисбатан татбиқ этилмайди. Республика электр таъминоти тизимига юкламани тенглаштириш мақсадида электр энергиясидан фойдаланганлик учун тўловларнинг қулай тарифлари ишлаб чиқилмоқда. Ўзбекистондаги энергия тежалишига оид ҳуқуқий база 1997 йил 25 апрелдаги “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган. Айни пайтда “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам тайёрланмоқда. Унда қайта тикланувчи энергия манбаларини қўллаш билан бирга, электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳамда сотиш масалалари алоҳида инобатга олинаётир. Ўзбекистон миллий иқтисодиётининг барча тармоғига оид устувор вазифалардан бири, шубҳасиз, энергия ресурсларидан фойдаланишда суиистеъмолчиликка йўл қўймаслик ва тежамкорлик билан ёндашишдан иборатдир. Бунда жисмонан ҳамда маънан эскирган ишлаб чиқариш қувватларини энергия тежайдиган технологияларга алмаштириш, қолаверса, янги лойиҳаларни амалга оширишда айнан шу технологияларни, ишлаб чиқаришда эса электр ва газ тежайдиган қурилмаларни жорий қилиш, мавжуд хом ашё -базасидан оқилона фойдаланиш, иккиламчи қайта ишлаш лойиҳаларини илгари суриш, асосий ишлаб чиқариш ҳамда ёрдамчи қувватларда муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни оммалаштириш сингари йўналишларга кенг урғу берилмоқда. Шубҳасиз, мамлакатимизда энергия тежамкор технологияларнинг жорий этилиши аҳоли фаровон турмуш тарзининг янада яхшиланишига олиб келади.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!


  • Кўрилди
    1883
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+