Тадбиркорларнинг ташқи савдода иштирок этиш имконияти ошмоқда

15.11.2017, 18:28

Эрназаров Комилжон Юлдашалиевич
Эрназаров Комилжон Юлдашалиевич

Жорий йил 3 ноябрь куни Президентимизнинг “Махсус турдаги товарлар экспорти ва импортини лицензиялаш, шунингдек, экспорт контрактларини рўйхатга олиш ва импорт контрактларини экспертизадан ўтказишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур меъёрий ҳужжатлар мамлакатимиздаги барча тадбиркорлик субъектлари қатори O’zLiDeP фракцияси аъзоларини ҳам қувонтирди.

Мазкур ҳуқуқий ҳужжатларда ташқи савдо фаолиятини амалга ошириш тартиб тамойилларини соддалаштириш ва экспорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қуватлашга қаратилган бир қанча янгиликлар мужассам.

Жумладан, фармон биноан экспорт-импорт тартиб-таомилларини оптималлаштириш ва махсус турдаги товарларни экспорт ҳамда импорт қилиш учун лицензия бериш функциялари ягона органда бирлаштирилмоқда. Шунингдек, заргарлик буюмлари, қимматбаҳо металлардан ясалган буюмлар, қимматбаҳо тошлар ҳамда улардан тайёрланган буюмларни лицензиялаш тартиби, 100 минг АҚШ долларидан кам миқдордаги импорт контрактларини экспертизадан ўтказиш тартиб-таомиллари бекор қилинмоқда.

Янги қарор билан эса товарлар, ишлар ва хизматлар экспортини олдиндан тўлов, очилган аккредитив, расмийлаштирилган банк кафолати ва экспорт контрактини сиёсий ва тижорат таваккалчиликларидан суғурта қилиш бўйича полис бўлмаса ҳам хорижий валютага экспорт қилиш ҳуқуқи берилмоқда. (Янги узилган мева-сабзавот маҳсулотлари ва рўйхати келтирилган товарлар бундан мустасно). Экспорт операциялари бўйича дебиторлик қарзни ҳисоблаш муддати узайтирилиб, 120 кун этиб белгиланмоқда.

Умуман олганда, мазкур меъёрий ҳужжатлар тадбиркорлар учун ташқи савдо фаолиятини амалга оширишдаги ортиқча тўсиқларни бартараф этади, улар учун янги имкониятлар яратиш, мамлакатимизга валюта тушимларини кўпатириш ва юртимиз иқтисодий салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 


  • Кўрилди
    191
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш