Янги босқичга кўтарилган икки томонлама алоқа

29.11.2017, 12:10

Корея Республикаси юксак тараққий этган, иқтисодий, илмий-техник, инновацион ва интеллектуал салоҳиятга эга давлат ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Корея Рспубликаси Президенти Мун Чже Иннинг таклифига биноан ушбу мамлакатга уюштирган давлат ташрифи ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини белгилаб бериш билан бирга, ҳар томонлама сермаҳсул бўлди.

Музокаралар чоғида узоқ муддатли икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, шунингдек ўзаро манфаатли долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Хусусан, йирик инвестициявий лойиҳаларни молиялаштириш, иқтисодиёт, энергетика, молия, сармоя, юқори технологиялар каби соҳалар бўйича ҳамкорлик алоқаларини янада фаоллаштириш, мамлакатларимиз ўртасидаги товар айланмаси ҳажмини ошириш, инсонпарварлик алоқаларини кенгайтириш, вазирлик ва идоралар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва бошқа соҳалар бўйича умумий қиймати 10 миллиард АҚШ долларидан ортиқ 60 дан зиёд ҳужжат имзоланди. Улардан 4,5 миллиард АҚШ доллари тўғридан-тўғри инвестициялардир. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзолари мазкур рақамлар ҳар иккала мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг жадал ривожланаётгани ҳамда бугунги кунда юртимизда бизнесни юритиш борасида яратилаётган шароитлар, чет-эллик тадбиркорлар билан ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга бўлган қизиқишнинг яққол ифодаси эканлигига қатъий ишонади.

Ўтган 2016 йил якунига кўра, мамлакатларимиз ўртасидаги товар айланмаси бир миллиард АҚШ долларидан ошди. Жанубий Корея ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги товар айланмасининг деярли тенг ярми мамлакатимиз улушига тўғри келади. Бу ва бошқа мисоллар очиқ, ўзаро англашилган ва томонларнинг манфаатларни ҳурмат қилишга асосланган ҳамкорликнинг яққол мисолидир. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзолари давлатимиз раҳбарининг мазкур ташрифи Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини изчил ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлди, деб ҳисоблайди. Имзоланган шартномалар ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, ушбу йўналишдаги кўрсатгичларни янада яхшилашда мавжуд салоҳият ва имкониятлардан тўла фойдаланишга хизмат қилади.


  • Кўрилди
    1540
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+