Пахтачиликда янги ислоҳотлар бошланди

30.11.2017, 14:23

Пахтачилик тармоғини ривожлантириш, энг аввало, мамлакат озиқ-овқат стратегияси йўналишлари талабларини бажариш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хзмат қилади. Шунингдек, бошқа томондан, пахтачилик тармоғига кирувчи корхоналарнинг мавжуд меҳнат, ер, сув, моддий ва молиявий ресурсларидан, мулк шаклларидан қатъий назар, улар ўртасидаги иқтисодий муносабатларни такомиллаштириш асосида, оқилона фойдаланиш эвазига тармоқ самарадорлигини ошириш муҳим ҳисобланади. Бир сўз билан айтганда, соҳада маҳсулот ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш кўп жиҳатдан мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланишга боғлиқ.

Ўзбекистонда пахтачилик тармоғини самарали ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири қишлоқда аграр ва иқтисодий муносабатларни ислоҳ қилишнинг ҳуқуқий асосларини ҳаётга тўлалигича татбиқ этишдир. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилган тадбирлар ва уларнинг самарадорлигини оширишда мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳасида 180 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасига айрим хусусиятлари билан тааллуқли бўлган 500 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар амалда ишлаб келмоқда.

Ҳозирги даврнинг асосий талабларидан бири қишлоқ хўжалигида, жумладан, пахтачиликда хом ашё ишлаб чиқаришгина эмас, балки уни қайта ишлаш ва сотишни тўғри ва самарали амалга оширишдан иборатдир. Чунки яратиладиган қўшимча қийматнинг, яъни даромаднинг асосий қисми айнан кейинги соҳаларда ташкил топмоқда. Республикамизда аввалдан пахтачилик асосий маҳсулотларининг самарадорлигини ошириш омилларидан тўлароқ фойдаланиш масалалари пахта хом ашёси, пахта толаси, пахта ёғи, газлама ва бошқа пахтачилик маҳсулотлари бўйича алоҳида-алоҳида ҳал этиб келинган. Улар ўртасидаги товар-пул муносабатларининг пировард натижаларини таҳлил этиш ва баҳолаш амалга оширилган. Ушбу тармоқни бошқариш тизими ҳам алоҳидалашган кўринишда ташкил этилган.

Демак, келажакда пахтачилик тармоғини юксак даражада самарали ривожлантириш учун, алоҳида ўзига хос бўлган томонларини ҳисобга оладиган ҳуқуқий асослар яратилиши мақсадга мувофиқ эди. Бу эса, ўз навбатида, пировард маҳсулотни ишлаб чиқаришдаги умумий жавобгарлик, соҳада самарадорликни оширишдаги биргаликдаги фаолият, тармоқда яратилган пировард маҳсулотдан бирламчи ва иккиламчи фойдаланиш ва бошқа қатор масалаларни ҳал қилиш бир мунча яхши йўлга қўйилиши мумкин.

Энг муҳими, тармоқ бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш, юқори қўшилган қийматли рақобатбардош тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш, уларни йирик хорижий бозорларга янада олиб чиқиш заруратини ҳисобга олишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Куни кеча мамлакатимиз аграр соҳасида туб бурилиш ясайдиган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пахтачилик тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори қабул қилинганлиги юқорида таъкидланган масалаларнинг тўлақонли ечими бўлди.

Мазкур Қарорнинг эълон қилингани, барча қишлоқ хўжалиги ходимлари, мазкур соҳага алоқадар барча меҳнаткашларни, халқимизни, қолаверса, бу соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш йўлида хизмат қилаётган биз депутатларни ҳам беҳад қувонтирди.

Қарорда соҳадаги барча масалаларнинг ечими аниқ ва равшан белгилаб берилди. Яъни Қарорга мувофиқ, «Ўзпахтасаноат» ва «Ўзпахтаэкспорт» акциядорлик жамиятларини бирлаштириш, шунингдек, «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компаниясини тугатиш асосида пахтачилик тармоғи учун масъул бўлган ягона ташкилот — «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти ташкил этилди. Ёғ-мой тармоғини ривожлантиришнинг мақбул йўлларини белгилаб олиш мақсадида «Ўзпахтаёғ» акциядорлик жамияти ушбу тизимдан ажратиб чиқарилди.

Мазкур ҳужжат билан пахтачилик тармоғида ишлаб чиқариш жараёнларини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилмоқда. Хусусан, пахта хом ашёсини қабул қилиш, тўлдириш, сақлаш ва қайта ишлашнинг техник воситалари ва услублари яхшиланади. Пахта тозалаш корхоналари замонавий ўлчов воситалари, лаборатория ускуналари, пахта хом ашёсини қабул қилишда инсон омилининг ролини пасайтирадиган энг янги ахборот технологиялари билан жиҳозланади.

Мазкур чора-тадбирлар пахта хом ашёсини қабул қилиш, ташиш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотларни реализация қилиш устидан самарали ҳисобот ва назорат тизимини жорий этишга қаратилган бўлиб, қўшиб ёзиш ва аниқ маълумотларни бошқача тарзда бузиб кўрсатиш ҳолатларини истисно қилади.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Сифат» пахта толасини сертификатлаш маркази «Ўзстандарт» агентлиги тузилмасига ўтказилди.

Бундан ташқари, пахтачилик тармоғида молия интизомини мустаҳкамлаш мақсадида Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармасига пахта тозалаш корхоналарида ҳисобга олиш ва ҳисоботнинг ҳаққонийлиги устидан назоратни амалга ошириш вазифаси юклатилди.

ЎзЛиДеП фермер ва деҳқон хўжаликларини ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қишлоқда реал мулкдорлар синфини шакллантириш асосида қишлоқ хўжалигини янада диверсификация қилиш ва ривожлантиришга оид ғояларига таянган ҳолда мазкур Қарорнинг мазмун-моҳиятини электоратимиз ўртасида кенг тарғиб этиш ва ижроси юзасидан фаолият олиб бориши келгусида ижобий самаралар бериши шубҳасиз. Зеро, Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш бўйича муҳим тадбирлар белгиланганлиги, мазкур Қарор унинг ижросидаги асосий босқич бўлиши каби саъй-ҳаракатлар соҳани янги босқичга олиб чиқишига хизмат қилади.


  • Кўрилди
    2499
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+