Аҳолига кўрсатиладиган давлат хизматлари такомиллаштирилмоқда

22.12.2017, 15:34

Бугунги кунда мамлакат Конституциясида белгиланганидек, ҳалқимизнинг муносиб ҳаёт кечиришини ва инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш каби устувор вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниб, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқланди ва ҳаётга изчил тадбиқ этилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси” тасдиқланиб, давлат бошқарувининг мутлақо янги, самарали ва сифатли фаолият юритувчи тизимини яратиш, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг уйғун фаолиятини ташкил этишнинг муҳим йўналишлари белгиланди.

Мамлакат тараққиётининг замонавий босқичида кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилишида инсон манфаатларининг бош мезон сифатида белгиланиши ҳамда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган улуғвор ғоянинг илгари сурилиши давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматларни янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг таъсирчан механизмларини яратиш, уларнинг фаровонлигини ва ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятидан қаноатланиш даражасини янада оширишда “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштириш орқали давлат хизматлари кўрсатишнинг самарадорлигини ошириш муҳим аҳамият касб этади.

Зеро, мамлакатимизда давлат хизматлари кўрсатиш тизимининг изчиллик билан такомиллаштирилиши ва модернизация қилиниши аҳолимизнинг ҳаёт сифати, инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилаш ва бизнесни янада ривожлантириш имконини беради.

Хусусан, давлат хизматларининг 2017 йил 1 апрелдан бошлаб рўйхатга олиш тартиб-таомилларини 30 дақиқагача қисқартириш имконини берувчи тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг автоматлаштирилган тизими ишга туширилганлиги “Doing Business 2018” глобал рейтингидаги “Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” кўрсаткичи бўйича Ўзбекистоннинг мавқеини 24-ўриндан 11-ўринга яхшилашга хизмат қилди. Бундай давлат хизматларини кўрсатишда Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонуни муҳим аҳамият касб этмоқда.

Қонунга электрон давлат хизмати институти киритилиб, унга мувофиқ электрон давлат хизмати бу ахборот-коммуникация технологиялари қўлланилган ҳолда кўрсатиладиган давлат хизмати ҳисобланади.

Эндиликда мазкур қонунга кўра давлат органлари жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда ахборот-коммуникация технологияларини қўллаши, шунингдек, идоралараро электрон ҳамкорлик қилишни таъминлашга қаратилган зарур ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни белгилаши лозим бўлади.

Қонунга мувофиқ давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини, тезкорлигини ва шаффофлигини таъминлаш, уларнинг масъулиятини ва ижро интизомини кучайтириш, тадбиркорлик субъектларини электрон ҳужжат айланишидан фойдаланишга, шу жумладан статистика ҳисоботини тақдим этиш, божхона расмийлаштируви, лицензиялар, рухсатномалар, сертификатлар бериш жараёнларида, шунингдек давлат органларидан ахборот олиш жараёнларида электрон ҳужжат айланишидан фойдаланишга ўтказиш, тадбиркорлик субъектларининг электрон тижорат, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали маҳсулотни сотиш ва харидларни амалга ошириш тизимларидан фойдаланишини, шунингдек коммунал хизматларни ҳисобга олишнинг, назорат қилишнинг ва улар учун ҳақ тўлашнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этишни кенгайтириш, нақд бўлмаган электрон тўловлар, давлат харидларини амалга ошириш, масофадан фойдаланиш тизимларини ва банк-молия соҳасидаги фаолиятнинг бошқа электрон шаклларини ривожлантириш каби муҳим бўлган устувор вазифалар белгиланди.

Бу борада Жанубий Корея тажрибасини таҳлил қиладиган бўлсак, кўчиш, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ва бошқа қарийб 5000 турдаги маълумотлар 100 фоиз онлайн тарзда тақдим қилинмоқда. Компанияларни рўйхатга олиш ва бошқа 3020 турдаги аризаларнинг 76 фоизи онлайн амалга оширилади. Фуқарони рўйхатга олиш маълумотномаси нусхаси ва бошқа 1208 турдаги ҳужжат олиш билан боғлиқ хизматларнинг 99 фоизи Интернет ёрдамида битказилмоқда.

Шу ўринда қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 сентябрдаги Фармон билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси”да ҳам маъмурий тартиб-таомилларни оптималлаштириш, бошқарув жараёнини автоматлаштириш, ҳудудлар ва бутун мамлакатда юзага келаётган таҳдид ва муаммоларга ўз вақтида ҳамда муносиб таъсир кўрсатиш учун ахборот алмашишнинг самарали тизимини шакллантириш мақсадида барча даражадаги ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятида “Электрон ҳукумат” тизими ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенг жорий этиш вазифаси белгиланди.

Шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга ошириш, шунингдек, аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг Миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг қабул қилиниши мазкур соҳада бошланган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Фармонга мувофиқ давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи орган сифатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилиб, унга жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, ортиқча маъмурий тартиб-таомилларни бартараф этиш, шунингдек, идоралараро электрон ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобига давлат хизматлари кўрсатиш тартибини такомиллаштириш, Давлат хизматлари ягона реестрини шакллантириш, мазкур соҳада давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат хизматлари кўрсатишда фойдаланиладиган ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларини лойиҳалаштириш, тайёрлаш, жорий этиш ва интеграция қилишга ягона ёндашувларни ишлаб чиқишда иштирок этиш, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида, шу жумладан тегишли ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларини жорий этиш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини назорат қилиш ва самарадорлигини баҳолаш, давлат хизматлари кўрсатишнинг инновацион шакллари ва услубларини жорий этишни ташкил қилиш, мазкур соҳада қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш каби вазифалар юклатилди.

Шунингдек, фармонга мувофиқ 2018 йил 1 январдан Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман (шаҳар)лардаги Халқ қабулхоналари ҳузурида фаолият юритувчи Давлат хизматлари марказларига айлантирилиб, унга жисмоний ва юридик шахсларга “ягона дарча” тамойили бўйича, шу жумладан олис жойларга чиққан ҳолда давлат хизматлари кўрсатиш, давлат хизматлари сервисининг юқори сифати, тезкорлиги, шаффофлиги, қулайлиги ва фойдаланиш имкониятини таъминлаш, мазкур соҳада бюрократия, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларга йўл қўймаслик, идоралараро ҳамкорликни, энг аввало, давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур ҳужжат ва ахборотларни тезкорлик билан олишни таъминловчи электрон ҳамкорликни амалга ошириш, давлат хизматлари кўрсатишда жисмоний ва юридик шахсларга малакали ахборот ва маслаҳат ёрдамларини тақдим этиш, ваколатли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатишда қонун ҳужжатлари ва маъмурий регламентлар талабларига риоя этилишини таъминлаш каби вазифалар белгиланди.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатда давлат хизматлари кўрсатиш тизими изчиллик билан такомиллаштирилмоқда ва модернизация қилинмоқда, бу эса энг аввало ҳалқимизнинг ҳаёт сифати, инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилаш ва бизнесни ривожлантириш имконини беради.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!


  • Кўрилди
    2059
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+