Тараққиётга инновациясиз эришиб бўлмайди

06.01.2018, 17:07

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида аҳоли фаровонлигини тубдан ошириш ва турмуш сифатини яхшилаш, жамият ва давлатни ҳар томонлама жадал ривожлантириш, мамлакатни модернизация қилиш ва ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш бўйича аниқ мақсадлар белгилаб олинган. 

Ривожланишнинг инновацион моделига тўлиқ ўтмасдан туриб мазкур мақсадларга эришишнинг иложи йўқ. Бу вазифалар мамлакатда инновацион фаолиятни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ҳамда давлат бош­қаруви, иқтисодиётнинг устувор тармоқлари ва ижтимоий соҳага инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни амалда жорий қилишни рағбатлантиришнинг самарали тизимини яратиш заруратини тақозо этаётган эди.

Шу йилнинг 22 декабрь куни мамлакатимиз тарихига унутилмас саҳифа бўлиб киришига шубҳа йўқ. Чунки Президентимиз илк марта парламент палаталарига Мурожаатнома тақдим этиши бугунги давр талабларидан келиб чиқилди, дейишга бизда тўла асос бор.

Юртбошимиз ибораси билан айтганда, “Бугун биз давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган инновацион ривожланиш йўлига ўтмоқдамиз. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки замон шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда ким ютади? Янги фикр, янги ғояга, инновацияга таянган давлат ютади”.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 ноябрда имзолаган “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятида ҳам замонавий шароитларда жаҳон фани ва инновация фаолиятининг ютуқларидан кенг фойдаланиш, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларини изчил ва барқарор ривожлантириш, мамлакатнинг муносиб келажагини барпо этишнинг муҳим омиллари акс этган.

Ҳозирги кунда инновацион технологиялар амалга оширилаётган мамлакатлар жаҳонда энг муваффақиятли ва барқарор ҳисобланади. Бундай давлатларнинг барқарор тараққиёти, жаҳон бозорларида рақобатбардошлиги табиий ресурсларни экспорт қилиш ва жисмоний меҳнатдан фойдаланишга эмас, балки айнан инновацион ғояларни тизимли равишда ҳаётга татбиқ этиш шарофати биландир.

Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, республикамиз бу йўналишда ҳам улкан салоҳиятга эга. Мамлакатимизда фан ва технологияларни ривожлантириш соҳасида зарур инфратузилма барпо қилинган. Истеъдодли юртдошларимиз, хусусан, ёшларнинг илмий-назарий ишланмалари, амалга жорий қилинган ғоялари, кашфиётлари хорижда ҳам эътироф этилаётгани маълум. Мунтазам ўтказилаётган кўрик-танловлар, кўргазмалар, тақдимотлар янги-янги истеъдодларни кашф этиш имконини бермоқда.

Қайд этиш жоизки, O‘zLiDeP ташаббуси билан ўтказилаётган “Ёш олимлар ва мутахассислар”, шунингдек, ҳамкорлар билан биргаликда йўлга қўйилган “Стартап­лар ва инвесторлар” лойиҳаларидан кўзланган асосий мақсад ҳам интеллектуал мулк соҳибларининг бутун салоҳияти рўёбга чиқишига кўмаклашиш, иқтидорли инсонларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашдир. Лекин шу каби ташаббуслар тизимлилик, тегишлича миқёс касб этмагани, манфаатдор идоралар, ташкилотларнинг куч ва имкониятлари бирлаштирилмагани ҳам кўзга ташланаётганди.

Президентимиз фармонида муфассал баён қилинганидек, Ўзбекистонда инновацияларни жорий этиш ишлари тизимли асосда йўлга қўйилмагани, давлатнинг ривожланиш дастурларини ишлаб чиқишда замонавий фан ва инновацион технологияларнинг ютуқлари ва ривожланиш тенденциялари лозим даражада комплекс таҳлил қилинмасдан ва ўрганилмасдан келингани, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни стратегик прогноз қилиш, қўллаб-қувватлаш ва жорий этишни, шунингдек, мамлакатнинг илмий-тадқиқот ва ахборот-таҳлил муассасалари фаолиятини мувофиқлаштиришни таъминлайдиган ягона орган мавжуд эмаслиги, инновацион маҳсулотларни жорий этиш учун инфратузилмани такомиллаштиришга етарли эътибор қаратилмагани ва бошқа муаммолар мамлакатимизнинг инновацион ривожланишига тўсқинлик қилаётган эди. Ушбу фармон билан стратегик режалаштириш тизимини яратиш, давлат бошқарувининг инновацион шаклларини амалга киритиш, фан ва инновация фаолиятини ривожлантиришнинг замонавий инфратузилмасини шакллантириш, инвестицияларни кенг жалб қилиш, ҳуқуқий базани такомиллаштириш, илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётнинг долзарб соҳаларига илғор технологияларни фаол жорий этиш каби мамлакат инновацион ривожланишининг асосий йўналиш­лари белгиланди. Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилиб, унинг давлат ва жамият қурилиши, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий ривожланиш, илғор технологияларни жорий этиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳаларидаги фаолиятининг асосий йўналишлари қайд этилди. Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг инновацион ва илмий-техник ривожланиши соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи орган саналади. Янгидан ташкил этилган Инновацион ривож­ланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ўтказилаётган тадқиқотлар бўйича ҳисобот беришнинг шаффоф тизимидан фойдаланган ҳолда инновацион ғоялар ва уларни ишлаб чиқишни молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбаси ҳисобланади.

Парламентдаги O‘zLiDeP фрак­ция­си аъзолари давлатимизнинг иқтисодий тараққиётида фан ва техниканинг янги ютуқлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлиги, мазкур фармоннинг партиямиз дастурий ғоя ва мақсадларига ғоят уйғунлигини теран англамоқдалар ва ушбу ҳужжатни амалий ишлар билан қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилмоқдалар. Хусусан, партиямиз вакиллари илмий ишланмалар ва технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилувчи “Инновацион фаолият тўғрисида”ги ва “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилишида фаол иштирок этади. Ҳозирда мазкур лойиҳалар бўйи­ча билдирилаётган таклиф ва тавсия­лар умумлаштирилмоқда.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!


  • Кўрилди
    1925
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+