Умида Рўзимбетова, Бристоль университетининг давлат бошқаруви йўналиши бўйича магистранти:

26.01.2018, 19:02

Умида Рўзимбетова
Умида Рўзимбетова

Бристоль университетининг давлат бошқаруви йўналиши бўйича магистранти

– Айни пайтда нафақат Буюк Британияда, балки жаҳон таълим муассасалари орасида ҳам катта нуфузга эга университетда давлат бошқаруви йўналиши бўйича таҳсил олаяпман. Дарсларда турли мамлакатлар мисолида ҳукуматларнинг иш услубларини таҳлил қиламиз. Ҳокимиятнинг халққа яқинлик даражаси, мавжуд ресурслардан келиб чиқиб, аҳоли муаммоларини еча олиш қобилияти нақадар муҳимлигини ўрганамиз.

Кейинги пайтда бошқарувга фуқаролик жамияти институтларининг қанчалик жалб қилингани ҳукуматлар фаолиятини баҳоловчи асосий мезонга айланаётганини кўриш мумкин. Шу маънода Президентимиз ташаббуси билан давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак деган тамойил жорий этилгани жуда катта тарихий қадам бўлди. Айниқса, Парламентга йўлланган Мурожаатномада Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгашини тузиш кўзда тутилгани ҳам қувонарли. 2018 йилда режалаштирилаётган “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши эса республикамиз ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлайди. Ушбу қутлуғ қадамлар Ўзбекистондаги давлат бошқаруви тизимини жаҳон андозалари даражасига олиб чиқади, албатта.

Ўқишни тамомлагач, Ўзбекистондаги фаол ёшлар қаторида туриб, билим ва тажрибамни мени тарбиялаб, улғайтирган халқимиз, давлатимиз равнақи йўлида сарфламоқчиман. Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳамда “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармонидан ўрин олган улуғвор мақсадлар мени шунга даъват этмоқда.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!


  • Кўрилди
    111
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш