Халқ фаровонлиги йўлида

06.04.2018, 11:40

Ҳар қайси мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида аҳолининг бирламчи эҳтиёжи бўлган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабини қондириш ва энг тўғри стратегик йўлни белгилаб олиш – халқ фаровонлигини таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади. Шу маънода Президентимизнинг шу йил 30 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчиликни жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада кўзда тутилган вазифаларни амалга оширишни мантиқан янги босқичга олиб чиқади.

Фармонда ушбу йилдан эътиборан кафолатланган шартномалар асосида “уруғ-кўчат-маҳсулот етиштириш-тайёрлаш-сақлаш-қайта ишлаш-транспортировка қилиш-бозорга етказиш” тамойили бўйича узлуксиз занжирни шакллантиришни кўзда тутувчи ташкил этишнинг кластер усулини кенг жорий этиш кўзда тутилган.

Мазкур кластерлар логистика марказлари, шунингдек, замонавий иссиқхона хўжаликлари ва интенсив боғлар яратиш ҳамда улардан фойдаланиш, шахсий ва жалб қилинган молиявий маблағларга эга, мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқаришдан то сотишгача (экспорт қилишгача) бўлган жараённи мустақил равишда амалга оширувчи ягона ёки ўзаро боғлиқ хўжалик юритувчи субъектлари гуруҳи доирасида шакллантирилади. Бу қулайлик корхоналарга биринчи навбатда ердан узоқ муддатли ижара шартларида фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этади.

Биринчидан, юқори ҳосилдорликка эга уруғ ҳамда кўчатлар билан таъминлаш, замонавий интенсив технологияларни жорий қилиш, етиштирилган маҳсулотларни сақлаш ва транспортировка қилишнинг ягона тизимини шакллантирса, иккинчидан, рақобатбардош тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш кенгайтирилиб, бозорларимиз юқори сифатли маҳсулотлар билан тўлдирилади ва йирик хорижий бозорларга сотиш имконияти ошади.

Фармонда таъкидланганидек, 2021 йил 1 январга қадар кўчатхоналар ва иссиқхоналарда уруғ, кўчат ва пайвандтаг етиштирувчи ва уларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга етказиб берувчи хўжалик юритувчи субъектлар барча турдаги солиқ ва йиғимлар тўлашдан, четдан олиб кирилаётган уруғлар, кўчатлар ва пайвандтаглар, минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ҳимоялаш воситалари, замонавий энергия тежовчи иссиқхоналар ва уларнинг бутловчи қисмлари иловага мувофиқ божхона тўловларидан, импорт бўйича олиб кирилаётган, мева-сабзавот маҳсулотларини ташишга ихтисослашган транспорт воситалари божхона тўловлари ва республика йўл жамғармасига йиғимлар тўлашдан озод этилади.

2018 йилнинг 1 апрелидан битта мева-сабзавот кластери ичида сотиладиган маҳсулотга қўшимча қиймат солиғи солинмайди ва давлатнинг мақсадли фондларига мажбурий ажратмалар ундирилмайди.

Албатта, давлатимиз раҳбари томонидан ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида аҳоли турмуш даражаси, тадбиркор ва фермер хўжаликларининг даромадларини ошириш йўлидаги ўз вақтида ва ҳаётий қадам бўлганини таъкидлаш жоиз. Мазкур фармоннинг мазмун-моҳияти, ундан келиб чиқадиган вазифалар айни пайтда парламент Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси депутатлари томонидан катта қизиқиш ва юксак кўтаринкилик руҳида ўрганилмоқда.

Олдимиздаги яна бир муҳим масала ушбу фармоннинг амалиётга татбиқ этилиши билан боғлиқ бўлиб, жойларда сайловчиларга унинг аҳамиятини батафсил тушунтириш ва мазкур жараён устидан самарали парламент назоратини ўрнатишдир. Шу мақсадда O‘zLiDeP фракцияси ва бизнинг қўмитамиз томонидан ҳам фармоннинг ижро этилиши ва амалдаги қонунчилик билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш, мунтазам мониторинг қилиш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.


  • Кўрилди
    2248
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

ЙЎЛЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ КОРХОНАСИ БПТ2018-05-04 12:13:08

МАЗКУР ФАРМОН ЮРТИМИЗДАГИ МЕВА-САБЗАВОТЧИЛИК ЙЎНАЛИШИДАГИ ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИ УЧУН ЯНАДА КЕНГ ИМКОНИЯТЛАР ЯРАТИБ БЕРДИ.


Машраб Казаков 2018-04-30 12:13:31

Фармонда таъкидланганидек, 2021 йил 1 январга қадар кўчатхоналар ва иссиқхоналарда уруғ, кўчат ва пайвандтаг етиштирувчи ва уларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга етказиб берувчи хўжалик юритувчи субъектлар барча турдаги солиқ ва йиғимлар тўлашдан, четдан олиб кирилаётган уруғлар, кўчатлар ва пайвандтаглар, минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ҳимоялаш воситалари, замонавий энергия тежовчи иссиқхоналар ва уларнинг бутловчи қисмлари иловага мувофиқ божхона тўловларидан, импорт бўйича олиб кирилаётган, мева-сабзавот маҳсулотларини ташишга ихтисослашган транспорт воситалари божхона тўловлари ва республика йўл жамғармасига йиғимлар тўлашдан озод этилиши бу яхши имконият


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+