“ОБОД ҚИШЛОҚ” ДАСТУРИ қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартиришга қаратилган кенг кўламли ҳаракатнинг ғоявий асосини яратди

06.04.2018, 11:45

Бахтиёр Якубов
Бахтиёр Якубов

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи

Президентимизнинг “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги фармони жуда чуқур таҳлилларга асосланганлиги, мавжуд ҳолатнинг очиқ кўрсатилиши ва шу асосда аниқ тадбирларнинг белгиланиши билан ажралиб туради. Ҳақиқатан ҳам, ўз олдига дунёнинг ривожланган мамлакатларидан бирига айланиш мақсадини қўйиб, замонавий иқтисодиётни, ижтимоий муносабатларни шакллантириш йўлидан бораётган давлат учун аҳолисининг қарийб ярми истиқомат қиладиган, қолаверса, мамлакат моддий бойлигининг салмоқли қисмини яратаётган қишлоқ ҳудудларининг тараққиётнинг магистраль йўлидан четда қолиб кетиши, бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бермайдиган бир шароитда яшаши тушуниш қийин бўлган вазият эди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Ушбу жиддий масалага шахсан юртбошимиз ташаббуси билан ошкора эътибор қаратилганлиги мавжуд муаммоларни кўтариш ва уларни ҳал қилиш борасида давлатимиз қандай қадамларга тайёрлигини яна бир бор яққол кўрсатди. Таъкидлаш лозим, қабул қилинган фармон доирасида кўтарилган ва ўз ечимини кутаётган масалалар қайсидир бир ҳудуд, туман ёки қишлоқ эмас, балки бутун мамлакатимизни қамраб олган тизимли асосга эгалиги билан аҳамиятли. Ижро доирасида амалга ошириладиган ишлар қишлоқларимиз, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган миллионлаб ватандошларимиз тақдирига дахлдор.

Абгор аҳволга келган аҳоли масканлари, оғир шароитларда кун кечираётган оилалар, яроқсиз ҳолга келиб қолган уй-жойлар, моддий имконияти чекланган фуқароларни қийнаётган, яъни йиллар, ўнйилликлар давомида йиғилган долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни кўтариш, нафақат кўтариш, балки уларни ҳал этишнинг аниқ манзилли режалари, манбаларини ўзида акс эттирган “Обод қишлоқ” дастурини эълон қилиш бўйича Президентимиз фармони, албатта, мамлакатимиз тарихида катта воқеа бўлди. Давлатимиз раҳбарининг, ҳукуматимизнинг аҳолини ўйлантираётган, керак бўлса, ечими топилишига ишончи қолмаган масалаларни ҳал қилишга қўрқмасдан бел боғлаб ўртага чиқишга тайёрлигини намоён қилди. 

Фармоннинг аҳамиятли жиҳатларидан яна бири шундаки, унда белгиланган вазифаларнинг ҳаётга жорий этилиши нафақат қишлоқларимиз қиёфасини ўзгартиради, балки ушбу ҳудудларда истиқомат қилаётган юртдошларимизни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар бу телевизорда кўрсатиладиган чиройли тасвирлар эмас, балки ўзларининг ҳаётига дахлдор реал ижобий ўзгаришлар эканлигига ишончини мустаҳкамлайди. Халқнинг ислоҳотларга, давлат сиёсатига бўлган бундай ишончи эса жуда катта куч эканлиги, эртага унга таяниб юртимиз ҳар бир соҳада улкан қадамларни олға ташлаши мумкинлиги тўғрисида гапириб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак.

Фармон ва унинг шарҳида бу борада қилинадиган ишлар кўлами жуда аниқ ва лўнда қилиб белгилаб берилган. Биз мазкур ҳужжатда кўрсатиб ўтилган долзарб вазифаларни яна такрорлаб ўтиришимиз ортиқча, албатта.

Бир нарса аниқки,  “Обод қишлоқ” дастури мазмун-моҳиятида барча бефарқ бўлмаган кучларни бунёдкорлик ишларига ундовчи мобилизацион куч мавжуд десак муболаға бўлмайди. Бу куч бошланган ишларни қишлоқларимиз ҳаётини тубдан ўзгартирувчи умуммиллий ҳаракатга айлантиришига ҳеч қандай шубҳа йўқ.

Шундай бир шароитда нафақат ҳукумат, ижро ҳокимияти органлари, балки бутун фуқаролик жамияти институтлари, биринчи навбатда, сиёсий партиялар ушбу, нафақат қишлоқларимиз, балки юртимизнинг қиёфасини ўзгартиришга қодир бўлган миқёси кенг ҳаракатдан четда туриши мумкин эмас деб ҳисоблаймиз. Айниқса, O‘zLiDeP учун, унинг барча даражадаги бўғинлари учун ушбу ҳаракат доирасида фаол иштирок этиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бирига айланиши керак.

Шунинг учун ҳам ушбу дастур доирасида илк ишлар бошланган – Жиззахнинг Дўстлик туманидаги “Манас” ҚФЙда ишлар бошланиши биланоқ партия бу ҳаракатга фаол тарзда қўшилди. Аксариятини фаол тадбиркорлар ташкил қилувчи партиямиз аъзолари, маҳаллий кенгашлардаги партиядан сайланган депутатлар, “Ёшлар қаноти”миз бир неча ҳафта давомида тинимсиз иш олиб борди. Саъй-ҳаракатларимиз натижалари тўғрисида “XXI asr” газетасининг аввалги сонларида материаллар чоп этилди.

Энг асосийси, Манасдаги амалий ҳаракатларимиз бугун юртимизда фаолият юритаётган фуқаролик жамияти институтлари, сиёсий партиялар ҳам бундай бунёдкорлик ишларида муносиб иштирок этишга етарли куч ва имкониятларга эга эканлигини яққол кўрсатди.

Шу боис Президентимизнинг фармони қабул қилиниши билан O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳудудий кенгашлар ташаббусини қўллаган ҳолда “Обод қишлоқ” лойиҳаси доирасида “O‘zLiDePнинг обод кўчалари” акциясини эълон қилишга қарор қилди! Лойиҳа доирасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида белгилаб олинганкўчаларни обод этиш партия вилоят кенгашлари ўз зиммасига олди.

Мақсадимиз ҳар бир ҳудудда партиямиз фаоллари, биринчи навбатда, юрт эртасига бефарқ бўлмаган тадбиркорларни жалб қилган ҳолда белгилаб олинган кўчаларда хонадонма-хонадон юриб, ўрганиб чиқиш, муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш чораларини кўриш, кўчаларни обод қилиб, бугунги кун талабларига жавоб берадиган қиёфага киритиш, маънавий муҳитни таҳлил этиб, аҳолини ўйлантирган масалаларга жавоб топиш борасида барча зарур ишларни амалга ошириш юзасидан жавобгарликни ўзига олди.

Таъкидлаш керакки, бу борада ишлар аллақачон бошлаб юборилди. Бу эса бутун халқимизни бунёдкорлик ишларига йўналтирган, олижаноб мақсадларни кўзлаган “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги муҳтарам Президентимиз фармонига O‘zLiDeP фаолларининг муносиб жавобидир!.

Ҳозирги кунда дастур доирасида амалга оширадиган бир қатор бундан-да кўламлироқ ишлар режалаштирилмоқда. Улар ҳам юртимиз ободлигини, халқимиз фаровонлигини таъминлашга партиямизнинг ҳиссаси бўлиб қўшилишига ишонамиз.


  • Кўрилди
    234
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

+