Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги тубдан такомиллаштирилади ва соҳадаги бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар бартараф этилади

16.05.2018, 12:11

Нуриддин Муродов
Нуриддин Муродов

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси котибият мудири, гуруҳ раҳбари

Давлатимиз раҳбарининг “Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги тизимини тубдан такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги Қарор эълон қилинди. Ушбу қарорда жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги ҳамда суд тергов соҳасидаги қуйидаги тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлиги қайд этилди:

- жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги тизимида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, жиноят ишлари бўйича судгача ва суд жараёнида қонунийликни таъминлашга тўсқинлик қилувчи ҳуқуқий бўшлиқларнинг мавжудлиги; 

- жиноятларни профилактика қилиш ва олдини олиш, шунингдек, фуқароларга юксак ҳуқуқий маданият ва қонунга ҳурмат ҳиссини сингдириш борасидаги ҳуқуқий механизмларнинг етарли даражада самарадор эмаслиги; 

- алоҳида турдаги жиноятларни содир этганлик учун санкциялар қилмишларнинг ижтимоий хавфлилик хусусияти ва даражасига номувофиқлиги, жумладан жазонинг муқобил турлари, рағбатлантирувчи нормалар ва жамоат таъсир чоралари етарли даражада қўлланилмаслиги ва самарасизлиги; 

- тезкор-тергов тадбирларини ўтказиш сифатининг қониқарсизлиги ва процессуал қонунчилик талабларини бузган ҳолда олинган маълумотлардан далил сифатида фойдаланилиши;

- халқаро амалиётда эътироф этилган жиноят-ҳуқуқий институтларнинг етарли даражада имплементация қилинмаганлиги, жумладан юридик шахслар жиноий жавобгарлигининг мавжуд эмаслиги;

-суд-тергов фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш жуда паст даражада эканлиги.

Давлатимиз раҳбари ўз сайловолди дастурида қонун устиворлигини таъминлаш ва суд ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, куч адолатда тамойилини амалга ошириш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларимизнинг бош вазифаси – бу суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқароларниг ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоясини, одил судловнинг мустаҳкам кафолатини таъминлашдан иборат эканлигини таъкидлагандилар. Шунингдек, сайловолди дастурида ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятида очиқлик ва ошкороликни таъминлаш, бу борада фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ ва аҳоли билан самарали ҳамкорлик механизимларини кенг қўллаш асосий вазифамиз деб биламиз деб қайд этилган. Шу нуқтаи назардан ҳам айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбари томонидан ушбу соҳада қабул қилинаётган фармон ва қарорлар, олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида ушбу қарорда ҳам фуқароларниг ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоясини ҳамда мустаҳкам кафолатини таъминлашга қаратилган қуйидаги: 

- жиноят қонунчилиги нормаларини унификация қилиш;

- жиноий жавобгарлик ва жазо тизимини такомиллаштириш;

- фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларининг таъсирчан ва ишончли муҳофаза қилинишини таъминлаш; 

- жиноят-процессуал қонунчилиги нормаларини тизимлаштириш ва уйғунлаштириш; 

- жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини ишончли таъминлаш механизмларини такомиллаштириш; 

- жиноят процессининг янги шакл ва тартиб-таомилларини киритиш; 

- 2018 йил 1 декабрга қадар Тошкент шаҳрининг Яккасарой ва Миробод туманларида “Электрон жиноят иши” дастлабки лойиҳаси амалга киритилади, ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этиш; 

- 2019 йил 1 декабрга қадар ушбу қарор билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси асосида Жиноят кодекси ва Жиноят-процессуал кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаларини киритиш каби вазифалар белгилаб берилди.

O‘zLiDeP Сайловолди дастурининг “Партиянинг қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштириш соҳасидаги устувор вазифалари” деб номланган III- бўлимида ҳуқуқий давлатни шакллантириш ва жамиятни демократлаштириш, қонун устуворлигига эришиш, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг энг муҳим шарти бўлган судларнинг мустақиллиги ва эркинлигини амалда таъминлаш белгилаб олинган. Шунингдек, суд тизимини янада ривожлантириш ва унинг самарали фаолият юритишини таъминлаш мақсадида процессуал ҳаракатларни мақбуллаштириш судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни кенгайтириш, суд қарорларини уларнинг расмий веб-сайтларида электрон шаклда эълон қилиш тизимини йўлга қўйиш, тадбиркорлик субъектлари учун виртуал инфо-киосклар очиш. Жиноят, маъмурий қонунчиликни либераллаштириш жараёнларини давом эттириш, иқтисодий жиноятларнинг баъзи турларини декриминаллаштириш кабилар таклиф этилган. Айтиш жойизки,  қарорда белгилаб берилган вазифалар O‘zLiDePнинг мақсад ва вазифаларини ҳам амалда ифода этган.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур қарор асосида нафақат жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги тубдан такомиллаштирилади, соҳадаги бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар бартараф этилади. Балки, қарорда белгилаб берилган асосий йўналиш ва вазифалар билан фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, жиноят ишлари бўйича судгача ва суд жараёнида қонунийликни таъминлашга тўсқинлик қилувчи омиллар бартараф этилади.

 

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!


  • Кўрилди
    1516
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+