Ўзбекистон – АҚШ: стратегик ҳамкорлик йўлида

19.05.2018, 12:16

“Ўзбекистоннинг янги қиёфаси” – айнан ушбу сарлавҳа кейинги икки йил давомида мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларига, амалга оширилаётган ислоҳотларга жаҳон ҳамжамияти ҳамда етакчи хорижий давлатлар раҳбарларининг эътирофини ўзида тўлиқ акс эттирмоқда.

Дарҳақиқат, ўтган қисқа вақт давомида жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилган туб ўзгаришлар мамлакатимизнинг янги қиёфасини яратиб, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг нуфузи ва салоҳиятини янада оширди. Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг дастлабки натижалари, минтақамизда ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларининг мустаҳкамланиши, жаҳондаги ривожланган давлатларнинг мамлакатимизга бўлган қизиқиши ва ҳайриҳоҳлигини ошишига сабаб бўлди.

Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг таклифига биноан мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу давлатга амалга оширган расмий ташрифи давомида ўтказилган олий даражадаги учрашувлар, эришилган келишув ва имзоланган битимлар Ўзбекистоннинг халқаро майдонда нуфузли ва ишончли ҳамкор эканлигини яққол кўрсатди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, АҚШ етакчиси Ўзбекистоннинг Марказий Осиёни янада ривожлантириш ва минтақада яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган очиқ ва конструктив ташқи сиёсатини қўллаб қувватлашини билдирганлиги муҳим аҳамият касб этди.

Давлатимиз раҳбари Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистоннинг мустақиллигини доимо қўлаб-қувватлаб келганлигини, мамлакатимиз АҚШ билан муносабатларини янада кенгайтириш, ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш тарафдори эканлигини таъкидлаб ўтди.

Олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон – АҚШ ҳамкорлигининг истиқболлари, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинганлиги, икки давлат вазирликлари ва идоралари ўртасида узоқ муддатли ва кенг қамровли ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган кўплаб хужжатларнинг имзоланганлиги ушбу ташрифнинг амалий аҳамиятини янада оширди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон ва АҚШ компаниялари ўртасида тузилган 20 дан ортиқ йирик шартномаларни амалга оширилиши натижасида 5 млрд долларга яқин инвестицияларни мамлакатимиз иқтисодиётига жалб этилиши назарда тутилди. Шунингдек, икки давлат раҳбарлари таълим, фан, маданият, туризм ва спорт соҳаларида икки томонлама алоқаларни янада кенгайтириш бўйича ўзаро фикр алмашдилар.

Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлаш, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, халқаро терроризм ва экстремизмга қарши биргаликда курашиш масалалари олий даражадаги музокараларнинг диққат марказида бўлди.

Ўзбекистон билан Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, айниқса халқаро майдонда ва минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалаларида икки давлат раҳбарлари қарашлари ва ёндашувларининг ўхшашлиги мамлакатларимиз ўртасидаги кўп томонлама муносабатларни изчил ривожлантириш учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилмоқда.

Музокаралар давомида томонлар олий даражадаги мулоқотларни изчил давом эттиришга, иқтисодиёт, энергетика, юқори технологиялар, туризм, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш каби соҳаларда ҳамкорликни янада фаоллаштиришга, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишга ҳамда гуманитар алоқаларни кенгайтиришга келишиб олинганлиги икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

“Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари: стратегик шериклик янги даврининг бошланиши” деб номланган Қўшма баёнотни имзоланиши мазкур тарихий ташрифнинг сиёсий аҳамиятини ошириб, икки давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни янада ривожлантиришга ва мамлакатимизнинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилади.


  • Кўрилди
    1457
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+