Нотариат тизимидаги мавжуд тўсиқ ва ғовлар тизимли бартараф этилади

30.05.2018, 12:36

Сағиндиқ Турманов
Сағиндиқ Турманов

O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси

Сир эмас нотариат институти жисмоний ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқлари бўйича малакали юридик ёрдам олиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий низоларнинг олдини олиш, шунингдек, ҳуқуқий муносабатларни ишончли ва тинч йўл билан ҳал этилишини таъминловчи муҳим институт ҳисобланади. Бу Нотариал идораларнинг ўзига хос бўлган, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қи­лувчи идоралардан фарқ қилувчи жи­ҳат­ларидан биридир.

Умуман олганда ушбу институт бевосита аҳоли билан ишлайдиган тузилма. Зеро барчамиз шарт­нома ва битимлар тузишда, олди-сотди ишларини амалга оширишда, мерос ва бошқа шунга ўхшаш ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида албатта нотариал идораларга мурожаат қиламиз. Шундай экан ушбу институт ишлаш тизими халққа яқин ва замон билан ҳамнафас бўлиши лозим.

Шу маънода давлатимиз раҳбарининг шу йил 25 май куни қабул қилинган “Низоларнинг олдини олишга қаратилган институт сифатида нотариат тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳани янада такомиллаштириш, уни замон талабига мослаштиришга қаратилган десак, муболаға бўлмайди.

Аввало мазкур қарор Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда нотариат институтининг роли ва аҳамиятини ошириш, шунингдек, аҳолига кўрсатилаётган нотариал хизматларнинг сифатини яхшилаш, ортиқча сансалорликни бартараф этиш мақсадида қабул қилинганини таъкидлаш жоиз.

Қарор билан киритилаётган муҳим воқеликлардан бири 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартибини ўрнатиш орқали кўчмас мулкни ижарага бериш ва текин фойдаланиш шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш бўйича талаб бекор қилинаётгандир. Белгиланган муддатдан бошлаб, кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни нотариал тасдиқлаш фақат “Давлат белгиси” давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан тайёрланадиган, ҳимоя даражасига, серияга, тартиб рақамига ва ҳудудий кодга эга бўлган қатъий ҳисобот бериладиган гербли (махсус) бланкаларда амалга оширилади.

Қарор билан киритилган янгиликлардан яна бири нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахсларнинг шахсини аниқлаш бармоқ изларини сканер қилиш ва уларни паспортдаги биометрик маълумотлар билан солиштириш орқали, қолаверса, мурожаат этувчиларнинг нотариал ҳаракатлар бажарганлигини тасдиқлаш нотариал тасдиқланаётган ҳужжатларга улар томонидан имзо қўйиш ва махсус мосламаларда уларнинг бармоқ изларини сканер қилиш йўли билан амалга оширилади. 

Қарорда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тижорат банклари билан биргаликда бир ой муддатда барча нотариал идораларни уларда белгиланган иш вақтига мувофиқ фаолият кўрсатувчи махсус кассалар, шунингдек, махсус кассаларни банк пластик карточкаларидан тўловни қабул қилиш бўйича ҳисоб терминаллари билан таъминлаш чораларини кўриш қатъий белгиланди. Бу эса илгари мавжуд бўлган муаммоларни тизимли бартараф этиб, тадбиркорлик субъектлари ва халқимизга қўшимча қулайлик яратади.

Ўз навбатида нотариат институтига қаратилаётган эътибор жисмоний ва юридик шахслар ўртасида тузиладиган ҳар қандай битим ва шартноманинг қонуний асосларга эга бўлишига, юридик жиҳатдан мустаҳкамланишига, шунингдек, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари муҳофазасини янада кучайтиришга қаратилган мазкур қарор мазмун-моҳиятини халқимизга атрофлича тушунтириш асосий вазифаларимиздан биридир.


  • Кўрилди
    363
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг. ЭСЛАТМА! ЖЎНАТИШ ТУГМАСИНИ БОСГАНИНГИЗДАН СЎНГ БИЛДИРГАН ФИКРИНГИЗ ШУ ЗАҲОТИ КЎРИНИШИ УЧУН САҲИФАНИ ҚАЙТА ЯНГИЛАНГ (ОБНОВИТЬ).

+