Илм-фан ютуқларисиз инновацион тараққиётга эришиб бўлмайди

09.06.2018, 12:56

Бахтиёр Хўжаёров
Бахтиёр Хўжаёров

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши аъзоси, Самарқанд давлат университети профессори

Президентимизнинг “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Албатта, мазкур қарор билан 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифалар ижросидан келиб чиқиб, олий таълим тизимида чуқур ва пухта ўйланган янгича ёндашувлар жорий этилмоқда. Хусусан, алоҳида таълим йўналишлари бўйича ўқиш муддати камида уч йил бўлган бакалавриат ҳамда камида бир йил бўлган магистратурани жорий этиш, баҳолаш тизими ва мезонларини узлуксиз таълим тизимининг босқичларига мувофиқлаштириш, талабаларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, уларнинг педагог кадрлар ҳақидаги фикрини тўлиқ ўрганиш мақсадида ижтимоий сўровлар ўтказиш, Ўзбекистон ва хорижий олий таълим муассасаларининг ўзаро келишуви ҳамда қўшма таълим дастурлари асосида талабаларни ўқитишни ташкил этиш ва икки томонлама тан олинадиган диплом бериш амалиёти жорий этилаётгани Олий таълим муассасаларида таълим сифатини тубдан такомиллаштириш ҳамда уни дунё стандартларига мослаштиришга хизмат қилади.

Қарорнинг O‘zLiDeP дастурий мақсад вазифаларига ҳамоҳанг бўлган муҳим жиҳатларидан бири шундаки, унда мамлакатда фаол тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, инновацион ғоя ва технологияларни ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида фан ва инновацион фаолият жадал ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қарорда бу борада амалга оширилиш лозим бўлган вазифалар аниқ кўрсатилган. Яъни эндиликда профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар ва талабаларнинг инновацион технологияларни яратиш борасидаги ташаббускорлигини оширишга қартилган аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳалар ташкилотлари раҳбарлари, етакчи мутахассислари, фаол тадбиркорлар билан долзарб масалаларда семинар ва давра суҳбатларини доимий равишда ўтказиб бориш, уларнинг фаолиятида юзага келаётган муаммоларнинг ечимига қаратилган илмий-амалий изланишларни ўтказиш қатъий белгиланди.

Бу амалда таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини замон талаби даражасида ривожлантиришга олиб келади. Қолаверса, ёш олимларнинг илмий ишланмалари, ихтироларини ишлаб чиқаришга жорий этишни аниқ механизм асосида амалга оширишни таъминлайди.

Алоҳида айтиш керакки, инновацион иқтисодиёт аслида билимлар иқтисодиётидир. Шу маънода қарорга биноан олий таълим тизими ва иқтисодиёт тармоқлари ҳамда фаол тадбиркорлар ўртасида мустаҳкам, ишончли алоқани самарали йўлга қўйиш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда. Зеро, инновациялар модернизациянинг бош омилидир. ХХI асрда жамиятнинг иқтисодий тараққиёти асосан инновациялар асосида таъминланади. Бугун барчага аён бўлиши керакки, ким технологияларга эга бўлса, у рақобат курашида ғолиб бўлади. Табиийки, O‘zLiDeP юқори технологияларни ўзлаштириш зоналарини яратиш орқали иқтисодиётнинг инновацион турига ўтиш учун асосларни шакллантириш, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини, илмий-тадқиқот ва инновацион ишларни рағбатлантиришни давом эттириш тарафдоридир. 

Умуман олганда мазкур қарор илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада чуқурлаштириш, илмий-техник салоҳиятдан самарали фойдаланиш, мамлакатимиз илм-фанининг илғор ютуқлари ва истиқболли илмий технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш, пировардида Ўзбекистонда иқтисодиётнинг инновацион ривожланишига хизмат қилади.  


  • Кўрилди
    241
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг. ЭСЛАТМА! ЖЎНАТИШ ТУГМАСИНИ БОСГАНИНГИЗДАН СЎНГ БИЛДИРГАН ФИКРИНГИЗ ШУ ЗАҲОТИ КЎРИНИШИ УЧУН САҲИФАНИ ҚАЙТА ЯНГИЛАНГ (ОБНОВИТЬ).

+