Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

24.03.2018, 09:33

Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори


Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида банк тизимида хизматлар кўрсатишнинг бозор механизмлари жорий этилмоқда, уларнинг турлари кенгаймоқда, тадбиркорлар ва аҳоли учун молиявий очиқлик ошиб бормоқда. 

Аҳоли учун валюта айирбошлаш амалиётларини амалга оширишни енгиллаштирувчи янги банк хизматлари жорий этилди, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш учун имкониятлар яратилди. 

Шу билан бирга, банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига, айниқса, ҳудудларда риоя этиш ҳамда молиявий очиқликни кенгайтириш, шунингдек, хизмат кўрсатиш маданияти ва банк тизимига бўлган ишончни янада оширишда бир қатор муаммо ва камчиликлар кузатилмоқда. Хусусан: 

биринчидан, кредитларни ажратиш бўйича қарор қабул қилишда ваколатлар ҳаддан ташқари марказлашганлиги бош банклар ва уларнинг филиаллари ўртасидаги жавобгарликнинг аниқ чегараланишига тўсқинлик қилмоқда; 

иккинчидан, кредит буюртмаларини кўриб чиқишнинг мураккаб механизмлари кредитларни тезкор олиш имкониятларини чегараламоқда; 

учинчидан, тижорат банклари томонидан микроқарзлар ажратилиши имкониятининг мавжуд эмаслиги микроқарзларни олиш даражасини оширишни таъминламаяпти, микрокредит ташкилотлар ва ломбардларнинг хизматлари бўйича юқори фоиз ставкалари аксарият ҳолатларда истеъмолчиларнинг молиявий ҳолати ёмонлашишига олиб келмоқда; 

тўртинчидан,
 чакана банк хизматлари бозорининг паст даражада ривожланганлиги ва мижозлар билан ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйишнинг замонавий ёндашувлари мавжуд эмаслиги ортиқча бюрократия ва сансалорлик учун замин яратмоқда; 

бешинчидан,
 банк карталари асосида нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш бўйича давлат процессинг ташкилотининг мавжуд эмаслиги чакана тўлов тизимларининг хавфсизлик, узлуксизлик ва ишончлилик даражасига таъсир кўрсатмоқда ва аҳолининг кенг қатламлари учун очиқ инновацион лойиҳаларни амалга оширишда замонавий технологик ечимларни илгари суришга тўсқинлик қилмоқда; 

олтинчидан, кредитларни (микроқарзларни) кўриб чиқиш ва ажратиш учун хизмат ҳақлари ва бошқа тўловларнинг ундирилиши қарзнинг реал қиймати ошишига олиб келмоқда; 

еттинчидан,
 шартномаларга хизматлар учун тарифлар, ажратилган кредитлар ва қабул қилинган депозитлар бўйича фоиз ставкаларни бир томонлама ўзгартиришни назарда тутувчи шартларни киритиш, шунингдек, бир хизматни қўшимча хизматдан фойдаланиш шарти билан кўрсатиш банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини бузмоқда; 

саккизинчидан,
 банк тўлов карталаридан чет эл валютасини ечиш бўйича чекловларнинг мавжудлиги ва банкоматлар сонининг етарли эмаслиги валюта айирбошлаш амалиётларини амалга оширишда хизмат кўрсатишни талаб даражасида таъминламаяпти. 

Кўрсатиб ўтилган муаммоларни бартараф этиш, банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш ва инновацион ривожланишнинг тенденцияларини инобатга олган ҳолда молиявий очиқлик даражасини ошириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида: 

1. Белгилансинки, банк хизматларининг оммабоплигини оширишни таъминлаш ва банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. 

2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг таркибий тузилмасида банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш, молиявий очиқликни ва аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларининг молиявий саводхонлигини ошириш асосий вазифалари бўлган Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин. 

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазифаларини бажаришда: 

банк тизимида тизимли камчиликлар ва банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари бузилишларини аниқлаш, шунингдек, уларнинг олдини олишга; 

банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларининг бузилишига йўл қўйган кредит ташкилотларига нисбатан жавобгарлик чоралари кўрилишини таъминлашга; 

банк хизматлари истеъмолчиларининг бузилган ҳуқуқларини тиклашда маслаҳат бериш ва кўмаклашишга; 

молиявий очиқлик даражасини ошириш ва банк хизматлари истеъмолчиларининг саводхонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратсин. 

3. Белгилаб қўйилсинки, 2018 йил 1 июлдан тижорат банклари: 

дастлабки рухсатларсиз ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатларсиз мижозларга бевосита хизмат кўрсатиш ҳудудига тўсқинликсиз кириш; 

мижозларни дастлабки қабул қилиш маъмурият ходимларидан кўрсатилаётган банк хизматлари тўғрисида дастлабки маслаҳатларни олиш; 

кредит (микроқарз) бериш тўғрисидаги қарорни қабул қилишнинг босқичма-босқич жараёнини ва кредит (микроқарз) бериш тўғрисида хабардор қилиш ёки уни беришни асосли рад этиш тартибини кўрсатган ҳолда кредит буюртмаларини шаффофлик асосида рўйхатдан ўтказиш ва кўриб чиқиш учун шароитларни яратади. 

4. Кредит ташкилотларига: 

микроқарз шартномалари, шунингдек, ломбардлар томонидан тузилган кредит шартномалари бўйича йиллик қарз суммасининг ярмидан кўп миқдорида фоизлар ҳисоблаш, комиссия ундириш ва неустойка (штраф, пеня), жавобгарликнинг бошқа чораларини қўллаш; 

кредит буюртмаларини кўриб чиқиш, ссуда ҳисобрақамларига хизмат кўрсатиш, кредитлар ажратиш учун тўловлар, шунингдек, жисмоний шахслар ва кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан кредитлар (микроқарзлар)ни муддатидан илгари қоплаш учун неустойка ундириш тақиқланади. 

5. Тижорат банкларига: 

банк фаолиятининг илғор халқаро тажрибасини ўрганиш ва банк хизматлари ва маҳсулотларининг янги турларини жорий этиш; 

банк хизматларига бўлган талаб ва ўзини қоплашни инобатга олган ҳолда банк филиаллари ва мини-банклари тармоғини кенгайтириш; 

филиалларнинг кредит ажратишда бош банклар билан қўшимча келишувсиз мустақил қарорлар қабул қилиш бўйича ҳуқуқларини кенгайтириш тавсия этилсин. 

6. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки: 

а) 2018 йил 1 апрелга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жисмоний шахслар томонидан халқаро тўлов карталарига сотиб олинган хорижий валютани тижорат банклари томонидан белгиланган лимитлар доирасида нақд шаклда ечиб олиш механизмини жорий этсин; 

б) 2018 йил 1 апрелга қадар тижорат банклари билан биргаликда хорижий валютанинг олди-сотди операцияларини амалга ошириш ва халқаро тўлов карталаридан пул маблағларини хорижий ва миллий валютадаги муддатли омонатларга ўтказишни таъминловчи жисмоний шахсларнинг ҳисобварақларини масофадан туриб бошқариш тизимини жорий этсин; 

в) 2018 йил 1 майга қадар: 

Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатлар амалга оширилишида тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин; 

тижорат банкларига микроқарзлар ажратиш ҳуқуқи берилишини назарда тутувчи қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин; 

банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари кредит ташкилотлари томонидан бузилган тақдирда уларга нисбатан Марказий банк томонидан санкциялар қўлланилиши юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қўшимчалар киритсин; 

потенциал қарз олувчининг кредитга лаёқатлилик даражасини баҳолаш ҳамда жисмоний шахсларга ва кичик тадбиркорлик субъектларига кредитлар (микроқарзлар) ажратиш муддатларини қисқартириш имконини берувчи тижорат банклари томонидан ўз скоринг моделини яратиш имконига эга бўлган кредит бюросида скоринг моделини мавжудлиги бўйича талаб ўрнатилишини назарда тутувчи низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин; 

г) 2018 йил 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда банклар – маҳаллий ва халқаро банк карталари бўйича ҳисоб-китоблар иштирокчилари ўртасида ахборот ва технологик ўзаро муносабатларни таъминловчи ҳамда асосий вазифалари қуйидагилар этиб белгиланган Миллий банк процессинг марказини яратиш Концепциясини ишлаб чиқсин: 

транзакцияларнинг хавфсиз ва узлуксиз амалга оширилишини таъминловчи миллий чакана тўлов тизимини тузиш ва ривожлантириш; 

қулай тўлов хизматларини яратиш ва ривожлантириш; 

нақд пулсиз тўловларни амалга оширишда инновацион маҳсулотларни, шу жумладан бевосита мулоқотсиз ва мобиль технологияларни ривожлантириш ҳамда илгари суриш; 

бевосита мулоқотсиз ва мобиль технологияларни, биринчи навбатда, ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш, транспорт, савдо, умумий овқатланиш соҳаларида, айниқса, ҳудудларда жорий этиш; 

халқаро тўлов тизимлари билан ўзаро ҳамкорликни таъминлаш; 

д) 2018 йил 1 июлга қадар Ўзбекистон банклари ассоциацияси ва тижорат банклари билан биргаликда норезидентларнинг тўлов карталари барча тўлов терминаллари тармоғи орқали қабул қилинишини таъминловчи маҳаллий тўлов тизимларини асосий халқаро тўлов тизимлари билан интеграциялаш жараёнини тугалласин; 

е) 2018 йил 1 ноябрга қадар тижорат банклари билан биргаликда туристлар кўпроқ борадиган жойларда куну-тун режимда ишловчи автоматлаштирилган валюта айирбошлаш шохобчалари ташкил этилишини таъминласин. 

7. Ўзбекистон банклари ассоциациясига банк хизматлари оммабоплигини ошириш ва банк фаолиятини такомиллаштиришдаги ролини кучайтиришга қаратилган, шу жумладан қуйидагиларни назарда тутувчи чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш тавсия этилсин: 

Ўзбекистон банклари ассоциацияси фаолияти самарадорлигини янада ошириш Концепциясини тасдиқлаш; 

банк тизими ходимларининг касбий маҳоратини ошириш, илғор халқаро тажрибадан келиб чиқиб хорижий банклар билан тажриба алмашишни йўлга қўйиш; 

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш юзасидан тадбирларни амалга ошириш; 

банк хизматлари оммабоплигининг долзарб муаммолари, халқаро тажрибани ўрганиш ва уни республика банк хизматлари бозорида қўллаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, банклар ва уларнинг мижозлари учун ахборот-таҳлилий ва консалтинг хизматларини ташкил этиш юзасидан мавзуга оид изланишлар олиб бориш; 

масофавий банк хизматлари кўрсатишни ривожлантириш бўйича замонавий ва илғор банк хизматларини амалиётда рўёбга чиқариш ташаббусларини илгари суриш, янги ахборот технологияларини жорий этиш; 

банк хизматларининг янги турлари ва маҳсулотларини аниқлаш ҳамда уларни кейинчалик республика банкларида татбиқ этиш мақсадида илғор чет эл банкларининг фаолиятини ўрганиш. 

8. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 январга қадар муддатда: 

жамғариб бориладиган пенсия тизимидаги фуқаролар учун ҳисобланган маблағлар; 

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига фуқароларнинг ҳисобланган суғурта бадаллари; 

солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисобланган қарздорликлари; 

идентификациялаш учун жисмоний шахслар ва тадбиркорлик субъектлари; 

жисмоний шахсларнинг мулки ва бошқа олган даромадлари; 

юридик шахсларнинг молиявий ҳолати тўғрисидаги ахборотларни олиш имконини берувчи давлат органлари ва кредит бюро ўртасида маълумотларни қайта ишлаш ва электрон алмашиш Ягона идоралараро ахборот тизимини яратиш. 

9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тижорат банкларига филиаллар, мини-банклар ва автоматлаштирилган валюта айирбошлаш шохобчаларини ташкил этишга зарур бўлган ер участкаларини ўрнатилган тартибда ажратишда кўмаклашсин. 

10. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон банклари ассоциацияси ва тижорат банклари томонидан ишлаб чиқилган банкоматлар тармоғини қўшимча кенгайтиришнинг 2018 йилга мўлжалланган прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ маъқуллансин. 

11. Тижорат банклари ва процессинг ташкилотлари томонидан олиб кириладиган божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) 2020 йил 1 январгача бўлган муддатга озод этиладиган ускуналар, дастурий таъминот, тўлдирувчи ва бошқа материаллар рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

12. Вазирлар Маҳкамаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан тақдим этиладиган тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашнинг амалдаги механизмини банк кредитлари бўйича фоизли харажатларнинг айрим қисмларини қоплашда республика ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан келиб чиққан ҳолда табақалаштирилган ёндашув услубини қўллаш асосида қайта кўриб чиқсин. 

13. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин. 

14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг раиси М.Б.Нурмуратов зиммасига юклансин. 


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     Ш.МИРЗИЁЕВ
 

Тошкент шаҳри, 2018 йил 23 март 

  • Кўрилди
    1328
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+