#UzAfg2018. Тошкент декларацияси: Афғонистонда тинчлик, барқарорлик ва ривожланишни таъминлашнинг «йўл харитаси»

29.03.2018, 10:29

#UzAfg2018. Тошкент декларацияси: Афғонистонда тинчлик, барқарорлик ва ривожланишни таъминлашнинг «йўл харитаси»

Пойтахтимизда юқори даражада бўлиб ўтган йирик анжуман – «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги Тошкент халқаро конференциясини мамлакатимиз Президентининг Марказий Осиёни тинч, барқарор, иқтисодий ривожланган ва фаровон минтақага айлантиришга қаратилган ташқи сиёсат соҳасидаги энг муҳим ташаббусларидан бири сифатида алоҳида эътироф этамиз. Бу яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш йўлида катта ишлар амалга ошираётган Ўзбекистон томонидан навбатдаги муҳим қадам бўлди.

Муболағасиз айтиш мумкинки, Афғонистон масаласи бўйича ўтказилган мазкур нуфузли конференция нафақат Афғонистонда, балки минтақада ва бутун дунёда хавфсизликни таъминлашда сифат жиҳатдан янги босқични бошлаб берди ҳамда ушбу соҳадаги музокараларни мутлақ янги – амалий даражага олиб чиқди.

Ушбу мантиқий хулоса, конференция доирасида илгари сурилган ҳамда Афғонистонда юзага келган вазиятни тубдан ўзгартиришга қодир бўлган бир қатор муҳим ғоялар билан боғлиқ.

Хусусан, бу борада сўз кетганда, Ўзбекистон Президенти томонидан таъкидлаб ўтилган, Афғонистондаги низонинг ниҳоятда мураккаблиги, унда турли кучлар иштирок этаётганини ҳисобга олган ҳолда ҳамда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюцияларидан келиб чиқиб, тинчлик жараёнини учта ўзаро боғлиқ даражада амалга оширишни таъминлаш ниҳоятда зарурлиги тўғрисидаги ғоя алоҳида аҳамият касб этади. Бунда давлатимиз раҳбари томонидан ҳам Афғонистон ичида, ҳам минтақа ва глобал даражада тезкорлик билан ҳал этишни талаб этувчи аниқ вазифалар қатъий белгилаб берилди. Эътиборлиси, бу каби тизимли ва кенг қамровли ёндашув Тошкент конференцияси, Тошкент форматининг афғон муаммосини ҳал этишдаги муҳим, ўзига хос концептуал жиҳати бўлди, десак муболаға қилмаймиз.

Давлатимиз раҳбари маърузасида қайд этилган ва Тошкент декларациясида ўз ифодасини топган асосий ғоялардан яна бири бу – марказий ҳукумат ва қуролли мухолифатнинг асосий кучлари, авваламбор, “Толибон” ҳаракати ўртасида дастлабки шартларсиз бевосита мулоқотни йўлга қўйишга чақирувдир. Мавжуд муаммоларни тинч йўл билан, музокаралар орқали ҳал қилиш бугун мамлакатда турли кучлар ўртасида юз бераётган қуролли тўқнашувларни бартараф этишга имкон беради. Муҳими, бир қарашда имкони йўқдек туюладиган ушбу масалани амалга ошириш йўли ҳам Тошкент конференциясида кўрсатиб ўтилди. Бу афғон халқи ўз тақдирини ўзи мустақил белгилашга ҳақлилиги, қолаверса, мавжуд ихтилофларни ҳал қилиш борасида ҳам айнан ушбу давлат халқи асосий ролни ўйнаши лозимлиги тўғрисидаги тезисда ўз аксини топди. Хақиқатан ҳам, шу давргача Афғонистон муаммоси борасидаги кўплаб форматлардаги йиғилишларда ҳал қилувчи роль асосан халқаро иштирокчиларга берилиб, ушбу давлатнинг ўзи, унинг халқи бир мунча эътибордан четда қолиб кетаётгани кўзга ташланаётган эди. Тошкент конференциясида ўртага ташланган тинчлик жараёнининг муваффақиятли бўлишини таъминлаш учун афғонистонликларнинг ўзларига ташаббус кўрсатиш, музокаралар қандай форматда, қачон ва қаерда олиб борилиши бўйича танлаш имконини бериш кераклиги тўғрисидаги фикр бу борада ниҳоятда муҳим қадам бўлди. Юртбошимизнинг ушбу фикрига кўплаб халқаро экспертлар алоҳида эътибор қаратгани ҳам бежиз эмас, албатта.

O‘zLiDeP Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг минтақавий даражада қатъий консенсусга, авваламбор, Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Туркия, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ва Марказий Осиё мамлакатлари кўмагида эришишни таъминлаш зарурлиги ҳақидаги ташаббусини тўла қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, глобал даражада – тинчлик жараёнини принципиал сиёсий қўллаб-қувватлаш ва Афғонистонни жаҳондаги етакчи давлатлар ва донор ташкилотлар томонидан ижтимоий-иқтисодий тикланишига молиявий кўмаклашувини таъминлаш зарурлиги конференцияда илгари сурилган муҳим қадамлардан бири бўлди деб ҳисоблаймиз. Айтилганларнинг ўзиёқ Тошкент конференциясида Афғонистондаги зиддиятларни бартараф этиш борасида барча даражаларда қилиниши лозим бўлган ишларнинг аниқ ва лўнда тарзда белгилаб берилгани, ушбу жараёнда муаммонинг туб негизларини бартараф этишга тўсиқ бўлаётган эски рамкалардан чиққан ҳолда масалага ёндашилганини яққол кўрсатади.

Муҳими, ушбу ёндашувларнинг барчаси конференция якунига кўра қабул қилинган Тошкент декларациясида ўз аксини топдики, мазкур ҳужжатни ҳеч иккиланмасдан Афғонистонда тинчлик, барқарорлик ва ривожланишни таъминлашнинг «йўл харитаси» деб аташ мумкин. Энди гап ушбу декларацияда белгиланган вазифаларнинг барча манфаатдор томонлар томонидан сўзсиз бажарилишини таъминлашда қолди.

Тошкент конференциясининг аҳамиятини белгиловчи хусусиятлардан яна бири Афғонистон муаммосини ҳал қилишда иқтисодий омилларнинг аҳамиятига етарли баҳо берила олинганидадир. Мамлакатнинг минтақавий иқтисодий жараёнларга интеграциялашувига ҳар томонлама кўмаклашиш, ҳақиқатан ҳам, низоли ҳолатларни енгиб ўтишда алоҳида аҳамият касб этади. Афғонистонни қўшни ўлкалар билан савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар алоқаларга жалб қилиш вазиятни мақбуллаштириш ҳамда мамлакатни тинч ҳаётга қайтариш жараёнига салмоқли ҳисса бўлади. Бу борада Ўзбекистон намуна кўрсатмоқда. Хусусан, электр энергия етказиб бермоқда, янги электр ўтказиш тармоқларини барпо этмоқда, темир йўл қурмоқда, Афғонистон иқтисодиётини тиклаш, янги иш ўринлари яратиш ва мамлакатнинг транзит салоҳиятини оширишга амалий улуш қўшаётган бошқа стратегик лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Алоҳида таъкидлаш керакки, Афғонистонда тинчликка эришиш вазифаси бугун глобал хавфсизлик ва ривожланишга таҳдид солаётган терроризм ва экстремизмга қарши курашишга қаратилган саъй-ҳаракатлар билан узвий боғлиқ. Ҳозирги кунда барча мамлакатлар муайян даражада терроризм, диний экстремизм, трансмиллий жиноятчилик ва наркотрафик хавфига дуч келмоқда.

Партиямиз нуқтаи назарича, мамлакатимиз Президенти томонидан бу борада илгари сурилган хавф-хатарларнинг баъзи бирларини “ўзимизники”, бошқасини эса “бировники”, деб қабул қилмаслигимиз керак, деган фикр хавфсизлик масалаларига тўғри ёндашувларни шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Ушбу таҳдидларга самарали қарши курашишни давлатлар ўртасида амалий ҳамкорлик механизмлари доирасида фақат биргаликда таъминлаш мумкинлигини англаш имконини беради.

Ўзбекистон кўпинча эндигина мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшлар салбий таъсирига тушиб қоладиган терроризм, экстремизм ва радикализм мафкурасига қарши курашиш масалаларида ҳар доим ўз принципиал қарашларига эга бўлиб келган. Бу борада маърифат ва таълимни тинчлик ва бунёдкорлик сари энг тўғри йўл деб ҳисоблаймиз.

Миллий ва халқаро тажрибадан маълумки, экстремизмга қарши курашишнинг энг самарали усули бу – маърифат, авваламбор, ёшларга таълим бериш, уларнинг онгига исломнинг инсонпарварлик моҳияти, ислом маданиятининг асл қадриятларини етказишдан иборат. Шу маънода давлатимиз раҳбарининг Афғонистонда таълимни қўллаб-қувватлаш махсус халқаро фондини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи ниҳоятда муҳим ташаббус эканлигини алоҳида эътироф этамиз.

Ишонч билан қайд этиш лозимки, Афғонистон бўйича Тошкент конференцияси афғон тинчлик жараёни, терроризмга ва ноқонуний наркотиклар айланмасига қарши кураш, минтақавий иқтисодий ҳамкорликка оид кенг қамровли масалалар бўйича очиқ ва ҳар томонлама муҳокамалар учун қулай имконият яратди ҳамда ўзаро мақбул қарорларни ишлаб чиқишга хизмат қилди. Кўпйиллик муаммоларни ҳал этиш учун мутлақо янги имкониятларни намоён этди. Мазкур йўналишда Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари ва амалий ташаббусларининг катта аҳамиятини яққол ифодалади.

O‘zLiDeP Ўзбекистондаги етакчи сиёсий куч сифатида нафақат Тошкент конференцияси қарорларини тўлиқ қўллаб-қувватлайди, балки уларни ҳаётга тадбиқ этиш, афғон тинчлик жараёнига доир кенг қамровли масалалар бўйича амалий натижага эришиш, терроризм ва наркобизнесга қарши курашиш, минтақавий иқтисодий ҳамкорлик борасида барча куч ва имкониятларини ишга солади. Бунда биз давлатимиз раҳбарининг Афғонистон хавфсизлиги бу –  Ўзбекистон хавфсизлиги, бутун бепоён Марказий ва Жанубий Осиё минтақаси барқарорлиги ҳамда тараққиётининг гаровидир, деган фикрига таянамиз.

Бахтиёр ЯКУБОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия

қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1817
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Билдирилган фикрлар

Абдуллаев Дилшодбек-O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши Бизнес тузилмалари ва фермерлар билан ишлаш бўлими мудири2018-07-30 09:04:22

"Хавфсиз шаҳар" концепциясини амалиётга тадбиқ этишда нафақат ички ишлар ходимлари, ахоли вакиллари ва кенг жамоатчиликни роли мухим деб ўйлайман. Бугуннинг талаби хам, ёнимизда ва айни пайтда бўлиб ўтаётган воқеликларга бефарқ муносабатда бўлмасликка чорлайди. Зеро, Ватанимиз тинчлиги ва дахлсизлиги учун хар биримиз маъсул эканимизни унутмаслигимиз керак.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+