Президентимизнинг “Обод қишлоқ” дастури O‘zLiDeP фаоллари олдида ҳам катта масъулият юклайди

30.03.2018, 09:50

Президентимизнинг “Обод қишлоқ” дастури O‘zLiDeP фаоллари олдида ҳам катта масъулият юклайди

Куни кеча эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида"ги Фармони ва “Обод қишлоқ” дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори энг аввало, олис қишлоқ ва маҳаллаларимизнинг қиёфасини замонавийлаштиришга, қишлоқ аҳолиси турмуш тарзини янада яхшилаш, аҳоли учун иш жойларини яратишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Шу ўринда, республикамиз аҳолисининг салкам ярмиси қишлоқ ҳудудларда яшаб келаётганлиги ҳамда уларнинг фидокорона меҳнати, деҳқон, фермер, чорвадор ва миришкорларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида дастурхонимиз мўл-кўл бўлаётганини алоҳида таъкидлаб ўтишимиз лозим.

Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Обод қишлоқ” дастури доирасида ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилган илк манзил – Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги ­“Манас” ҚФЙ бугун чинакамига обод қишлоққа айланаётгани олис ва чекка ҳудудларда яшаётган юртдошларимиз ҳаётида чин маънода янги саҳифа очаётгани фикримизнинг яққол ифодасидир.

“Обод қишлоқ” дастури доирасида Манасдаги ободонлаштириш ишларида O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши ҳам ўз ҳиссаларини қўшди. O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши ва Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, “Ёшлар қаноти” фаоллари, тадбиркорлар ушбу хайрли ишларда  уйма-уй юриб, ҳар бир хонадон эгалари билан дилдан суҳбат қилишди. Мулоқотлар давомида фуқароларнинг ижтимоий аҳволи, яшаш шароитлари ўрганилиб, бўш турган томорқалардан даромад олиш йўллари борасида тушунчалар берилди. Тажрибали миришкорлар жалб қилинган ҳолда сабзавот ва полиз экинларини экишда яқиндан кўмаклашилди.

Лойиҳа доирасида ишсиз фуқаролар иш билан таъминланди. Иқтисодий ночор оилаларга эса қорамол, қўй, парранда ҳомийлик асосида олиб берилди. Тарғибот тадбирларида депутатлар ва партия фаоллари томонидан оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши нафақат Дўстлик туманидаги Манас қишлоғида, балки вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам “Ҳар бир инсон бахтли яшашга ҳақли” шиори остида амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” дастури доирасидаги ишларда ҳам фаол иштирок этишни ўз олдига  мақсад қилган.

Шерзод МАМАТҚУЛОВ,

 O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

раисининг биринчи ўринбосари - аппарат раҳбари

***

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида"ги Фармони ва “Обод қишлоқ” дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори жорий йилда амалга ошириладиган қурилиш ва ободонлаштириш ишларини юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади. Давлатимиз раҳбарининг мазкур ҳужжатлари ижроси замирида қишлоқларнинг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ҳамда шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш мақсадлари мужассам.

Ушбу қарор доирасида меъёрий дастурнинг ишлаб чиқилгани ва ҳаётга тизимли татбиқ этилиши маҳаллаларни ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш, бу борадаги қадриятларимизни изчил давом эттирган ҳолда, барча ҳудудларда кенг кўламли бунёдкорлик ишларини бажариш орқали қишлоқ аҳолиси учун муносиб шароитлар яратиш ва уларнинг турмуш маданиятини янада юксалтириш, энг асосийси, ёшларни хайрли ишларга даъват этиш ислоҳотларини жадаллаштиради. Ушбу ҳужжатларда белгилаб берилган вазифалар ижросида O‘zLiDeP фаоллари ҳам астойдил ҳаракат қилади, ўз ҳиссаларини қўшади.

Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” дастури доирасида O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши томонидан ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Партия вилоят Кенгаши айни вақтда Шаҳрихон тумани, Ўрта Шаҳрихон қишлоғидаги “Шокирвой” маҳалласида уй-жойларнинг ички ҳамда ташқи қиёфаларини ўзгартириш, йўлларни таъмирлаш, йўл четлари, боғу хиёбонларга мевали ҳамда манзарали дарахтлар, гул кўчатлари ўтказиш ва кўкаламзорлаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашиш, шахсий томорқадан унумли фойдаланиш учун микрокредитлар ажратиш, қўшимча даромад манбаини яратиш учун амалий ишлар олиб борилмоқда.

Дастлаб O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши мутасаддиларидан тузилган ишчи гуруҳ маҳаллада мавжуд 574 та хонадоннинг шахсий томорқалари, шарт-шароитлари, турмуш тарзини атрофлича ўрганди. Ўрганиш давомида қишлоқ аҳолиси ички йўлларни шағаллаштириш, кўчаларни ободонлаштириш, вақтинча ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар учун бепул тиббий кўрик ташкил қилиш каби қатор муаммолар борлиги аниқланди.

Ҳудуддаги 25- мактабгача таълим муассасасининг қониқарсиз ҳолати партия масъулларининг эътиборини тортди. Таъмирталаб, бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги йўналишдаги чора-тадбирларни белгилаб берди. Айни кунда боғчада таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Мактабгача таълим муассасаси 1962 йилда ташкил қилинган бўлиб, шу кунгача ушбу муассаса ичимлик суви билан таъминланмаганлиги ишчи гуруҳнинг дастлабки эътиборидаги масала бўлди. Партия фаоллари ташаббуси билан туман “Сувоқава” бўлими ҳамкорлигида зарурий амалий ишлар қилиниб, жуда оз фурсатда боғча тоза ичимлик суви билан таъминланди. Махсус сув минораси-қурилмаси ишга тушгач, муассаса мутасаддиларининг илк муаммоси ҳал этилди. Айни кунда МТМда йўлакларга асфальт ётқизиш, деворларини қайта кўтариш, хоналарни замонавий таъмирлаш, ошхона, тиббиёт хонасини янги замон талаблари асосида жиҳозлаш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Қишлоқдаги хотин-қизлар учун OzLiDeP Андижон вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан ташкил қилинган чуқурлаштирилган бепул тиббий кўрик, “Ёшлар қаноти” ташаббуси билан ўтказилган “Сен ҳам фаол ёшлар сафидасан!” шиори остида вақтинча ишсиз, диний оқимларга адашиб кириб қолган, хорижга чиқиб кетаётган ёшлар учун ташкиллаштирилган “Бўш иш ўринлари” ярмаркаси, “Томорқа-қўшимча даромад манбаи” мавзусида хонадонларда ўтказилган семинар-тренинглар ҳам айни куни кеча қабул қилинган Президентимиз ҳужжатларида белгиланган вазифалар ижроси билан ҳамоҳангдир.

Тоҳиржон ТОЛИПОВ,

 OzLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Андижон вилоят кенгаши депутати

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1762
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+