“ИЛМ-ФАН РИВОЖЛАНСАГИНА ЭРТАНГИ КУНИМИЗ ҲАҚИДА ТАСАВВУР ҚИЛА ОЛАМИЗ”

10.04.2018, 15:23

“ИЛМ-ФАН РИВОЖЛАНСАГИНА ЭРТАНГИ КУНИМИЗ ҲАҚИДА ТАСАВВУР ҚИЛА ОЛАМИЗ”

Давлатимиз раҳбари томонидан айтилган ушбу сўзлар инновацион тараққиёт йўлига ўтган ва бу йўлда жиддий қадам ташлаётган Ўзбекистон учун ниҳоятда муҳим эканлиги ўз-ўзидан аён. Тараққий этган мамлакатлар ўзининг ривожланишидаги мутлақо янги давр – “инновацион, рақамли ва билим иқтисодиёти”, “ахборот ва технологиялар жамияти” босқичига ўтаётган ХХI асрда, мамлакатимизнинг ҳам барча соҳадаги ривожланиши, иқтисодимиз рақобатбардошлиги, халқимиз фаровонлигини таъминлаш бевосита мамлакатнинг инновацион тараққиётга юз тутиши, илм-фан ривожига боғлиқ. Зеро, шиддат билан ривожланаётган бугунги даврда фақат ва фақат, янги фикр, янги ғояга, инновацияга таянган давлатгина кўзланган мақсадга эришади.

Ушбу мақсадга эришиш йўлини эса замонавий билимларни пухта эгаллаган ёш кадрларсиз тасаввур этиш қийин. Бундай кадрларни ҳам илмий ҳам амалий томондан ўз соҳасини устаси бўлган ўқитувчилар тайёрлайди. Бунинг учун эса илмий фаолиятни рағбатлантириш, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимларининг моддий манфаатдорлигини тубдан ошириш зарур. Фикримизча, жамият ривожи кўп жиҳатдан давлат ва фуқароларнинг манфаатлари уйғунлиги асосига таянса, кўзланган марраларга тезроқ эришиш мумкин. Мамлакатимизда, хусусан, илм-фан соҳасида ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Дастлаб бу борадаги амалий ташаббус Президентимиз томонидан Сайловолди дастурида “Биз илм-фан намояндалари, заҳматкаш олимларимиз учун ҳар томонлама қулай шароитлар яратиш мақсадида бор куч ва имкониятларни сафарбар этамиз” дея илгари қатъий ишонч билан сурилган эди.

Ана шундан сўнг таълим тизимида янгича ёндашув, туб ислоҳотларга қўл урилди. Биргина 2017 йилнинг ўзида Президентимиз раислигида таълим соҳасига бағишлаб 4 марта йиғилиш ўтказилиб, уларда таълим тизимида туб ислоҳотларни амалга ошириш зарурати асослаб берилди, янги истиқболли йўналишлар бўйича вазифалар белгиланди. Шу билан бирга Президентимизнинг соҳага тааллуқли 10 дан ортиқ фармон ва қарорлари қабул қилинди. Уларда ҳам илмий фаолият ва таълим жараёни интеграция­лашувини янада чуқурлаштириш бўйича мақсадли чораларни амалга ошириш бўйича муҳим вазифалар белгиланган бўлиб, улар ҳаётга босқичма-босқич тадбиқ этиб келинаяпти.

Давлатимиз раҳбари томонидан яқинда қабул қилинган “Республика олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимиз илм-фани ва иқтисодиётини инновацион ривожлантириш йўлидаги тизимли қадамларнинг мантиқий давоми десак, тўғри бўлади. Чунки мазкур қарор 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривож­лан­ти­риш­нинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг муваффақиятли ижросига қаратилганлиги билан ғоят аҳамиятлидир. Энг асосийси қарор соҳа вакилларига биринчи навбатда узоқ йиллардан бери кутилаётган моддий рағбатни берди. Шу боис мазкур қарор нафақат илм аҳли балки, кенг жамоатчилик томонидан ҳам катта мамнуният билан кутиб олинди. 

Биргина мисол: қарор билан фан доктори илмий даражаси бўлган профессорлар меҳнат ҳақи миқдори 38-44 фоизга оширилади ва амалдаги 2,5 миллион сўм ўрнига 3,46 миллион сўм бўлади ва шу билан стажёр-ўқитувчининг меҳнат ҳақи миқдори билан 100 фоизли тафовутни ҳосил қилади (стажёр маоши – 1,73 миллион сўм). Таъкидлаш жоизки, бундай моддий манфаатдорлик аввало стажёр-ўқитувчиларнинг илмий изланишга бўлган қизиқишини янада оширишга хизмат қилади, десак муболаға бўлмайди.

Қолаверса, ўз вақтида қабул қилинган ушбу қарор республиканинг олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларидаги илмий ҳамда илмий-педагогик кадрларнинг салоҳиятини кўтаради, илмий унвон ёки илмий даражага эга бўлган олий малакали илмий ва илмий-педогогик кадрларнинг мазкур жараёнлардаги улушини оширади. Илмий ходимлар ва профессор-ўқитувчилар таркибининг илмий унвон ёки илмий даражалар олишга бўлган қизиқишини кучайтиради.

Сир эмас, бугун барча соҳаларда малакали кадрлар, илмий янгиликларга эҳтиёж сезилаяпти. Шу жумладан тадбиркорлик соҳасида ҳам. Чунки, тадбиркор ўз фаолиятига янгиликларни, янги техника ва технологияларни жорий этмаса унинг фаолиятида ривожланиш бўлмайди. Айниқса, рақобат муҳитида бундай тадбиркорлар касодга учраши аниқ. Инновация эса тадбиркорлик фаолиятининг тинимсиз ривожланиши ва ўсишини таъминлайди.

Шу жиҳатдан ЎзЛиДеП давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорини якдиллик билан қўллаб-қувватлайди ва ўз навбатида партия ташаббуси билан ўтказиб келинаётган “ЎзЛиДеП — инновацион ривожланиш тарафдори” каби лойиҳаларни янада кўпайтиради. Таъкидлаш жоизки, мазкур лойиҳа тадбиркорлар ва ишбилармонларнинг мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларини модернизация қилиш ва янгилашга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлардаги иштирокини кучайтиришга хизмат қилаяпти. Бундан кўзланган мақсад, изланувчан ёшлар ва аёлларни ўзини кўрсатиши учун муҳим майдон яратиш, уларнинг истиқболли, инновацион лойиҳаларини ишлаб чиқаришга жалб этишдан иборатдир.

Бир сўз билан айтганда, Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган мазкур қарор барчамизни бирдек қувонтирди. Негаки, қарор иқтисодиётнинг инновацион ривожланишида илм-фаннинг аҳамиятини янада ошириш, ишлаб чиқаришга илм-фан ютуқларини кенг жалб қилиш орқали тадбиркорларнинг ички ва ташқи бозорда талаб юқори бўлган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга хизмат қилиши билан ғоят аҳамиятлидир.

Клара ЖУМАМУРАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O`zLiDeP фракцияси аъзоси

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1633
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+