Адвокатура ҳанузгача одамлар ишончини қозонган ҳуқуқни ҳимоя қилувчи институтга айлана олмади

16.05.2018, 10:02

Адвокатура ҳанузгача одамлар ишончини қозонган ҳуқуқни ҳимоя қилувчи институтга айлана олмади

Давлатимиз раҳбари ўз сайловолди дастурининг иккинчи бўлимида “Одил судловни таъминлашда тарафлар тенглиги принципини тўлиқ ишлатиш учун адвокатура соҳасини ислоҳ қилиш, суд, тергов жараёнларида адвокатнинг ваколатларнини кенгайтириш ва ролини янада кучайтириш бўйича қатор чора-тадбирлар кўриш зарурлиги”ни қайд этиб ўтгандилар.

Албатта,  ўтган даврда сайловолди дастурида таъкидланган адвокатура соҳасини ислоҳ қилиш, суд, тергов жараёнларида адвокатнинг ваколатларнини кенгайтириш ва ролини янада кучайтириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар атрофлича ўрганилган, таҳлил этилган. Натижаси ўлароқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти “Адвокатура институтлари самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.

Фармонда адвокатура ҳанузгача одамлар ишончини қозонган ҳуқуқни ҳимоя қилувчи институтга айлана олмади, адвокатларнинг ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилаётган ва улар томонидан сифатли юридик ёрдам кўрсатилишига халал бераётган суриштирув ва тергов органларининг айрим ходимлари томонидан адвокатлар ўзларининг ишонч билдирувчилари (ҳимояси остидагилари) олдига киришларига юзаки сабабларга кўра тўсқинлик қилинмоқда, бундай ҳолатларда адвокатларнинг шикоятларини кўриб чиқишнинг амалдаги механизмлари адвокатлик фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатларининг самарали олдини олишни таъминламаётганлиги каби 7 та асосий омиллар кўрсатиб ўтилган.

Адвокатлик фаолиятига тўсқинлик омилларни бартараф этиш мақсадида адвокатларга 2018 йил 1 июлдан бошлаб қуйидаги ҳуқуқлар, имтиёзлар ва ваколатлар берилди:

- адвокат низоларни судгача ҳал қилиш, томонларни яраштириш бўйича чоралар кўриш, шунингдек, ҳакамлик судьяси сифатида фаолият юритиш ҳуқуқига эга бўлади, адвокат томонлардан бирининг вакили бўлган ҳолатлар бундан мустасно;

- адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун адвокатлик тузилмасида мажбурий стажировка ўташ муддати олти ойдан уч ойга қисқартирилади, бунда давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходимлари ва судья, терговчи ёки прокурор лавозимида камида уч йил фаолият юритган шахслар мажбурий стажировкадан озод этилади;

- лицензияни тугатиш учун асос бўладиган адвокат томонидан узрли сабабларсиз ўз касб мажбуриятларини бажармаслик муддати амалдаги уч ойдан олти ойга узайтирилади;

- суднинг адвокатни жиноят содир этишда айбдор деб топиш тўғрисидаги айблов ҳукми кучга кирган тақдирда, судья бир сутка ичида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигини ва Адвокатлар палатасини белгиланган тартибда ёзма хабардор қилади;

- фаолият юритаётган адвокатлар ва янгидан адвокат мақомини олган шахслар Адвокатлар палатаси томонидан Адлия вазирлиги билан биргаликда белгиланган ҳар бир танланган мутахассислик бўйича алоҳида лицензия асосида юридик ёрдам кўрсатадилар. Бунда фаолият юритаётган адвокатларнинг лицензияларини қайта расмийлаштириш уларни танлаган мутахассислиги бўйича қайта аттестациядан ва йиғимларни тўлашдан озод этган ҳолда амалга оширилади;

- адвокат томонидан адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, адвокатнинг касб этикаси қоидалари талаблари, адвокатлик сири ва адвокат қасамёди мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузилганда, адвокатнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда адвокатуранинг обрўсини туширадиган қилмиш содир этилганда, шунингдек, лицензиясининг амал қилиши тўхтатиб турилган шахс лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилишига олиб келган ҳолатларни лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилган муддатларда бартараф этмаганда, лицензиянинг амал қилишини тугатиш Олий малака комиссияси хулосасига асосан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг мурожаати бўйича фақат суд томонидан амалга оширилади;

- адвокат мақомини олиш бўйича малака имтиҳонини такроран топшириш муддати бир йилдан олти ойгача қисқартирилади.

- адвокатларнинг ўзларининг ҳимоя остидаги шахслар билан аудио ва видеокузатув қурилмалари бўлмаган махсус хоналарда ҳамда бегона шахсларнинг иштирокисиз ўз вақтида ва ҳеч қандай тўсиқларсиз учрашиши таъминланади, бунда адвокат ва ҳимоя остидаги шахснинг суҳбатини учинчи шахслар эшитишини истисно этган ҳолда уларни визуал кўриб туриш имконияти сақланиб қолиниши шарт;

- адвокат ўз профессионал фаолиятини амалга ошириши учун, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддасига қатъий риоя этган ҳолда, суд биносига компьютер, мобиль ва бошқа алоқа воситаларини монеликсиз олиб кириш ҳуқуқига эга, ёпиқ суд мажлислари бундан мустасно. Бунда қайд этилган қурилмалардан суд биноси ичкарисида фойдаланиш суд жараёнини ўтказиш тартибини бузмаслиги керак;

- адвокатларнинг малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган, давлат ва бошқа органлардан ҳамда корхона, муассаса ва ташкилотлардан маълумотномалар, тавсифномалар ва бошқа ҳужжатлар ёки уларнинг нусхаларини олиш учун сўровлари сўров қабул қилинган пайтдан бошлаб кўпи билан ўн беш кун муддатда бажарилиши шарт, давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ўз ичига олган маълумотлар бундан мустасно;

- адвокатлик бюроларини таъсис этган адвокатлар ўз фаолиятини мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосда ўзларига тегишли бўлган турар жойларида амалга оширишлари мумкин, бунда ушбу турар жойларни адвокатлик бюроси фаолиятида фойдаланиш учун нотурар жой тоифасига ўтказиш талаб қилинмайди;

- адвокат сўровига кўра маълумотларни ўз вақтида тақдим этмаслик, ёлғон ёки нотўғри маълумотларни тақдим этганликда айбдор мансабдор шахслар адвокатнинг судга тўғридан-тўғри мурожаатига асосан белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиладилар;

- адвокатлик фаолияти ва суд ишини юритиш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари Адвокатлар палатаси билан келишилиши шарт;

- Адвокатлар палатаси раиси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш бўйича мажлисларида иштирок этиш ва уларга доир фикр билдириш ҳуқуқига эга. Адвокатларга нисбатан интизомий иш юритуви фақат тегишли малака комиссиялари ёки Олий малака комиссияси қарори билан қўзғатилиши мумкин.

Эндиликда тижорат ташкилотлари юридик маслаҳат хизматларини лицензия олмасдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширади. Шунингдек, ушбу фармон билан адвокатура институтини янада такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Адвокатлар палатасига эса қуйидаги ҳуқуқ ва ваколарлар берилди:

- замонавий талаблар, мазкур Фармоннинг мақсад ва вазифаларига мувофиқ адвокатура фаолиятининг кафолатларини амалда таъминлаш, адвокатлик тузилмалари ва адвокатларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида қонуний манфаатларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратган ҳолда ўз ишини қайта йўналтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш;

- Адвокатлар палатаси ҳузурида малакали юридик ёрдам кўрсатиш стандартлари ва бошқа адвокатлик фаолияти стандартларини ишлаб чиқиш, Адвокатлар касб этикаси қоидаларини қўллаш бўйича Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари, барча адвокатлик тузилмалари ва адвокатлар учун мажбурий бўлган тушунтиришлар бериш, шунингдек, адвокатлик фаолиятининг юксак стандартларини таъминлаш бўйича бошқа функцияларни амалга оширадиган Этика комиссиясини тузиш;

- адвокатура тизимида иш стажига кўра малака комиссияларининг хулосалари асосида Адвокатлар палатаси раиси томонидан бериладиган адвокатларнинг малака даражаларини таъсис этиш;

- Адвокатлар палатаси фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралиги, шу жумладан унинг молиявий-иқтисодий фаолияти шаффофлигини таъминлаш бўйича чоралар кўриш;

- гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчига давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатлик тузилмани автоматик равишда белгиловчи, бир адвокатнинг қайта-қайта жалб этилишига, учинчи шахсларнинг бу жараёнга аралашувига йўл қўймайдиган янгиланган тартиб ва мезонларни белгилаш.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Адвокатлар палатаси билан келишган ҳолда адвокатлик мақомини олиш учун малака имтиҳони жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш, шу жумладан зарур ҳужжатларни онлайн тартибда топшириш имкониятидан фойдаланиш, уларнинг рўйхатини мақбуллаштириш ва имтиҳон жараёнини Интернет тармоғида реал вақт режимида трансляция қилади. Адвокатлик тузилмалари ва адвокатлар томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига бепул ихтиёрий юридик ёрдам кўрсатишни (pro bono) ривожлантираи.

Адвокатлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатилишида уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига оид амалиётни ўрганиш ва умумлаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда жиноий ва маъмурий иш юритиш, фуқаролик ва иқтисодий низоларни ҳал қилишда жисмоний ва юридик шахслар ҳимояга бўлган ҳуқуқларининг бузилишига йўл қўяётган мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик чораларини кўриш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўрилади. Адвокатларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши ҳолатини вақти-вақти билан кўриб чиқсин ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳимояга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш бўйича таҳлилий маълумотлар киритиб борилади.

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Фармонда белгилаб берилган адвокатурани одамлар ишончини қозонган, уларнинг ҳуқуқни ҳимоя қилувчи институтга айлатириш ҳамда адвокатларнинг ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилаётган ва улар томонидан сифатли юридик ёрдам кўрсатилишига салбий таъсир этаётган омилларни бартараф асосий йўналиш ва вазифалар албатта аввало инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда манфаътларини янада кенгроқ таъминлашга хизмат қилади.

Ушбу Фармон эса, том маънода адвокатура институтини амалда одамлар ишончини қозонадиган, улар ҳуқуқни ҳимоя қилувчи институтга айланатиришга хизмат қиладиган тарихий  ҳужжатдир.

Нуриддин Муродов

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаш

Ижроия қўмитаси котибият мудири,

гуруҳ раҳбари

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    2052
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Билдирилган фикрлар

Alisher2020-12-14 12:08:08

Advakat ishimni bajarmayapti kimga murojot qilaman


Alisher2020-12-14 12:06:53

Bir ish yuzasidan Advakat ishimni bitkarmadi pullimni oldi Endi kimga murojot qilsam boladi


Хасан2019-12-02 16:00:05

адвокат ўз профессионал фаолиятини амалга ошириши учун, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддасига қатъий риоя этган ҳолда, суд биносига компьютер, мобиль ва бошқа алоқа воситаларини монеликсиз олиб кириш ҳуқуқига эга, ёпиқ суд мажлислари бундан мустасно. Бунда қайд этилган қурилмалардан суд биноси ичкарисида фойдаланиш суд жараёнини ўтказиш тартибини бузмаслиги керак деб ОАВда халкка маълум килинган, лекин аслида ундай эмас, фақат суд мажлисида раислик килувчининг розилиги билан бу иш амалга оширилади, адвокатнинг хам, суд иштирокчиларининг хам илтимослари эътиборга олинмайди. Суд жараёнида суд мажлисига раислик қилувчи мазкур кодексда "Суд залида овозларни ёзиб олиш, фотосуратга, видеоёзувга ва кинотасвирга олишга фақат суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан йўл қўйилади, бу ҳақда тегишли ажрим чиқарилади" деб кўрсатиб утилганини маълум қилади ва суд залида овозларни ёзиб олишга, фотосуратга, видеоёзувга ва кинотасвирга олишга рухсат бермайди. Шу сабабли халқни "алдамаслик" ва халқ олдида адвокатларни обрўйини тўкмаслик учун ЖПКда "суд залида овозларни ёзиб олиш, фотосуратга, видеоёзувга ва кинотасвирга олиш фақат суд мажлиси раисининг рухсати билан амалга оширилади,бу ҳақда тегишли ажрим чиқарилади " деган сўзни қолдириш керак ва бошқа сўзларни олиб ташлаш лозим. Адвокат хоҳлаган вақтда суд биносига компьютер, мобиль ва бошқа алоқа воситаларини монеликсиз олиб кириш ҳуқуқига эга эмас, бунга суд, прокуратура, ички ишлар ва бошқа органлар рухсат бермайди. Буни амалиётда ҳамма кўриб, билиб турибди, лекин оддий халқ(фуқаро), ёки судга "иши" тушмаган оддий фуқаро буни билмайди, оддий халқ(фуқаролар) адвокатларни ўз ҳуқуқ ва ваколатларини билмасликда ҳамда амалга ошира олмасликда айблашади, уларни ноўрин обрўсизлантиришади, адвокатга кенг ваколат берилгани фақат "қоғозда" эканини билишмайди. Ҳаммамиз халқ форовонлиги ва яхши турмуш кечириш учун хизмат қиламиз, келинглар, халқни(ўзимизни) алдамайлик!


Абдуллаев Турсунали2019-05-08 17:45:31

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни амалга оширилаётган бир вақтда, Хорижий инвесторларни жалп қилиш учун бир қатор ишлар амалга оширилаётган вақтда олдин уларнинг қонун манфаатларини ҳимоя қилиб уларга хар бир инвесторга адвакатларни бириктириш хам мақсадга мувофиқ деб уйлайман. Қолаверса харижий сармоёдорларнинг ишончи янада купроқ буларди.


Гульсара2018-05-18 18:01:21

Хорижий сармоядорлар хукукларини химоя килишга кодир Халкаро бизнес адвокатураларида фаолият юритишга кодир адвокат кадрлар тайерлаш тизимини яратиш ва махсус Марказлар фаолиятини ташкил килиш керак. Узбекистон иктисодиетини ривожлантиришда бу катта ахамият касб этади.


Матназаров Азизбек O`zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши ходими2018-05-18 09:37:29

Мамлакатимиз демократик ислоҳотларни амалга ошириб, инсон манфаатларини ҳимоя қилишнинг пойдевор асосини яратаётган бир пайтда адвокатлар фаолияти, масъуллиги муҳим аҳамиятга эга.


Даврон Темиров Бўка туман Кенгаши ижрочи котиби2018-05-17 11:38:46

Ушбу фармон одил судловни таъминлаш, адвокатлар обрўсини ошириш ва жавобгарлик ҳиссини кучайтириш мақсадида қабул қилинганан. Лекин шунга қарамай адвокатларнинг тергов ва суд жараёнларида фаоллиги кўринмаяпти.Чунки айбсиз бўлган фуқарони тергов ва суд жараёнида унинг айбсизлигини исботлаб берибди деган гапларни эшитмаймиз ёки гувох бўлмаяпмиз.Шунинг учун кўпгина фуқаролар агар зарурат бўлмаса адвокат олишни кераксиз ҳисоблашади.Бу эса уларга берилган баҳодир.Шунинг учун улар ўз ишларини тубдан қайта кўриб чиқиб,олий мақсад инсон мафаати эканлигини доимо ҳис қилиб фаолият юритишса мақсадга мувофиқ бўларди.


Шоира Хасанова Жиззах вилояти Аёллар қаноти2018-05-16 18:04:16

Инсон манфаатларига хизмат қилувчи, адолатлилик, халқпарварлик тамойилларига асосланган ушбу Фармон хақиқатдан хам демократик жамиятимизнинг янада ривожланишига хизмат қилишига ишонамиз.Зеро, Адолат қарор топган жамиятнинг эртаси истиқболлидир.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+