2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида

24.09.2018, 09:23

2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони


Илм-фан ва техника ютуқларини кенг қўллаган ҳолда иқтисодиёт тармоқларига, ижтимоий ва бошқа соҳаларга замонавий инновацион технологияларни тезкор жорий этиш Ўзбекистон Республикаси жадал ривожланишининг муҳим шарти ҳисобланади. 

Жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳалари шиддат билан ривожланаётгани ислоҳотларни мамлакатимизнинг жаҳон цивилизацияси етакчилари қаторига кириш йўлида тез ва сифатли илгарилашини таъминлайдиган замонавий инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларга асосланган ҳолда амалга оширишни тақозо этади. 

Шу билан бирга, ўтказилган таҳлил ишлаб чиқаришни модернизация, диверсификация қилиш, унинг ҳажмини ошириш ҳамда ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар турларини кенгайтириш борасидаги ишлар лозим даражада олиб борилмаётганини кўрсатди. 

Хусусан, бу борада кўплаб кўрсаткичларнинг мавжуд эмаслиги ва ишлар самарали мувофиқлаштирилмагани сабабли мамлакатимиз сўнгги йилларда нуфузли ва обрўли халқаро тузилмалар томонидан тузиладиган Глобал инновацион индекс рейтингида иштирок этмаяпти. 

Иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа тармоқларининг илмий муассасалар билан ўзаро ҳамкорлиги даражаси пастлиги, вазирлик ва идоралар, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг инновацион ривожланиш соҳасидаги фаолияти лозим даражада мувофиқлаштирилмаётгани бу борадаги биринчи навбатдаги мақсадлар ва вазифаларга эришиш имконини бермаяпти. 

Жаҳон фанининг замонавий ютуқлари, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар асосида мамлакатни жадал ривожлантириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларнинг ижросини изчил таъминлаш мақсадида: 

1. Қуйидагилар: 

2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси(кейинги ўринларда Стратегия деб юритилади)1-иловага мувофиқ; 

2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” (кейинги ўринларда – “Йўл харитаси”) 2-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикасини 2030 йилгача инновацион ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари (кейинги ўринларда – мақсадли кўрсаткичлар) 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

2. Белгилансинки: 

а) мамлакатнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлилиги даражасини ва инновацион жиҳатдан тараққий этганини белгиловчи асосий омил сифатида инсон капиталини ривожлантириш – Стратегиянинг бош мақсадидир; 

б) бош мақсадга эришишда Стратегиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат: 

Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилга келиб Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 илғор мамлакати қаторига киришига эришиш; 

барча даражада таълим сифати ва қамровини ошириш, узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш тизимининг иқтисодиёт эҳтиёжларига мослашувчанлигини таъминлаш; 

илмий тадқиқотлар ва ишланмаларнинг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш ва самарадорлигини ошириш, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва технологик ишлар натижаларини кенг жорий этиш учун таълим, илм-фан ва тадбиркорликни интеграция қилишнинг таъсирчан механизмларини яратиш; 

инновациялар, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва технологик ишларга давлат ва хусусий маблағлар киритилишини кучайтириш, бу соҳалардаги тадбирларни молиялаштиришнинг замонавий ва самарали шаклларини жорий этиш; 

бошқарувнинг замонавий усуллари ва воситаларини жорий этиш орқали давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш; 

мулкчилик ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш, рақобатбардош бозорлар ташкил этиш ва бизнес юритиш учун тенг шарт-шароитлар яратиш, давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш; 

барқарор фаолият юритадиган ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани яратиш. 

3. 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича комиссия (кейинги ўринларда – Комиссия) 4-иловага мувофиқ тузилсин. 

4. Комиссия (А.Н.Арипов): 

Стратегияни амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари сифатли ишлаб чиқилишини ва белгиланган тартибда киритилишини таъминласин; 

Стратегияни амалга ошириш доирасида оммавий ахборот воситалари, илмий доиралар вакиллари ва хорижий экспертларни, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари вакилларини жалб этган ҳолда учрашувлар, семинарлар, давра суҳбатлари ва матбуот анжуманларини, шу жумладан, жойларда ташкил этсин; 

ушбу Фармон ижросининг бориши тўғрисидаги батафсил ахборотни 
ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиб борсин. 

5. Қуйидагилар: 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси бўлинмалари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси комплекслари раҳбарлари – вазирлик ва идораларнинг Стратегияда ва “Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш бўйича фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, мақсадли кўрсаткичларга эришиш, шунингдек, улар ижроси боришини ҳар чоракда муҳокама қилиш учун; 

вазирлик ва идоралар раҳбарлари – илмий-таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини, мустақил экспертларни (консультантларни), шу жумладан, хорижий мамлакатлардан кенг жалб этган ҳолда Стратегияда ва “Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши, мақсадли кўрсаткичларга эришилиши учун; 

давлат илмий-таълим муассасалари раҳбарлари – Стратегияда ва “Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларни илмий-тадқиқот жиҳатидан қўллаб-қувватлаш, вазирлик ва идораларга мақсадли кўрсаткичларга эришиш учун илмий тақдимотлар ва маърузалар, таҳлилий материаллар тайёрлашда ҳар томонлама кўмаклашиш учун; 

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари – вазиятни ҳақиқий ва сифатли ўзгартириш учун муносиб шароитлар яратиш, фуқароларнинг долзарб муаммоларини ҳал этиш, ҳудудларни ва уларнинг ижтимоий инфратузилмасини Стратегияда ва “Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирлар билан узвий боғлиқ ҳолда ривожлантириш, шунингдек, вазирлик ва идоралар билан ўзаро келишилган ҳолда жойларда мақсадли кўрсаткичларга эришиш чораларини кўриш учун шахсий жавобгарлик белгилаб қўйилсин. 

6. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси ҳар йили Глобал инновацион индекс рейтингига киритилиши учун халқаро ташкилотларга зарур маълумотлар ва кўрсаткичларни мунтазам юборилишини таъминласин. 

7. Вазирлик ва идоралар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли комплекслари раҳбарлари билан келишилган ҳолда бир ой муддатда мақсадли кўрсаткичларга эришиш бўйича ўзаро боғлиқ ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, ташкилий ва техник чора-тадбирларни назарда тутадиган 3 йилга мўлжалланган ривожланиш дастурларини тасдиқласин, кейинчалик 3 йилга мўлжалланган янги ривожланиш дастурларини қабул қилсин. 

8. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги оммавий ахборот воситаларида ушбу Фармоннинг мақсад ҳамда вазифаларини кенг ёритиш бўйича чиқишлар ва мавзуга оид кўрсатувларни мунтазам ташкил этсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин. 

10. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг раиси С.Р.Холмуродов зиммасига юклансин. 


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2018 йил 21 сентябрь 

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1494
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Билдирилган фикрлар

Олим Норжигитов, Жиззах вилояти 2018-10-15 15:12:22

Президентимизнинг "2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида"ги фармони инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар асосида мамлакатимизни жадал ривожланишини таъминлайди.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+