Андижонда инвестиция оқимини кўпайтириш учун яна бир амалий қадам ташланди

18.01.2019, 21:46

Андижонда инвестиция оқимини кўпайтириш учун яна бир амалий қадам ташланди

Сир эмаски, иқтисодиётни эркинлаштириш ва модернизациялаш, шу орқали жаҳон стандартларига жавоб берадиган маҳсулот ишлаб чиқаришга эришиш хорижий инвестицияларни, биринчи галда, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш бўйича қулай шарт-шароитлар яратишни талаб этади. Бундай долзарб вазифаларни амалга оширишда эса эркин иқтисодий зоналар муҳим аҳамиятга эга. 

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш мамлакат ички бозоридаги иқтисодий жараёнларни фаоллаштиришга йўналтирилган чет эл сармоясини жалб қилиш билан бирга:

- инновацион фаолиятни ривожлантириш, илғор техноло­гия­ларни жорий қилиш;

- саноат маҳсулотлари экспортини қўллаб-қувватлаш ва валюта тушумини кўпайтириш;

- маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, маҳаллий маҳсулот ва хизматларнинг ички ва ташқи бозорларда халқаро сифат, сертификатлаштириш, қадоқлаш талабларини жорий этиш орқали рақобатдошлигини ошириш;

-  хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш ва янги иш жойларини барпо этиш;

- малакали ишчи-муҳандислар, хўжалик ва бошқарув кадрларини тайёрлаш, малакасини ошириш каби бир қатор муҳим масалаларни ҳал қилиш имконини беради.

 Президентимизнинг “Андижон-фарм” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони ва унда белгиланган вазифаларни амалга оширилиши айни шу мақсадларга энг биринчи навбатда тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишга хизмат қилади.  

Фармоннинг алоҳида эътиборга молик жиҳати шундаки, унда Ҳиндистон Республикаси етакчи компанияларининг тўғридан-тўғри инвестициялари ва илғор технологиялари жалб этилади. Бу жуда тўғри танлов. Негаки бугунги кунда Ҳиндистон фармацевтика соҳасида илғор натижаларни қўлга киритаётган етакчи мамлакатлардан саналади. Мисол учун, жаҳоннинг етакчи консалтинг компанияси “GlobalDate“ олиб борган тадқиқотга кўра, 2020 йилга бориб Ҳиндистон фармацевтика бозорининг умумий қиймати 55 миллиард долларга чиқиши айтилмоқда. Компания вакилларининг баёнотига кўра айни пайтда бутун дунёда ишлаб чиқарилаётган дори-дармон воситаларининг 20 фоизи Ҳиндистон ҳиссасига тўғри келмоқда.

Бугун Ҳиндистонда фармацевтика соҳасида фаолият олиб бораётган компаниялар сони 20 мингдан зиёд ва бу кўрсаткич йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Хусусан, “Cipla“, “Ranbaxy“, “Nicholas Piramal“, “Sun Pharma“, “Dr.Reddyʼs“, “Wokhardt“, “Torrent Pharma“, “Lupin“ каби йирик компаниялар Ҳиндистон фармацевтика бозорининг лидерлари бўлиб, дори-дармон савдосининг 36 фоиз улуши айнан улар қўлида. Аҳамиятли жиҳати ҳозирда шу каби йирик фармацевтика компаниялари 60 дан зиёд мамлакатда ўз корхоналари мавжуд.

Юқоридагиларга асосланиб шуни дадил айтиш мумкинки, Ўзбекистон ва Ҳиндистон фармацевтика соҳасида катта истиқболга эга. Ўртадаги ўзаро ишонч ва тажриба икки мамлакат ишбилармонларининг “Андижон-фарм” эркин иқтисодий зонаси негизида янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилишда муҳим пойдевор бўлади.

Фармонда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси зиммасига ҳам қатор вазифалар юкланди. Биламиз ушбу ташкилотлар ва O‘zLiDeР ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланган. Шундан келиб чиққан ҳолда келгусида ушбу вазирлик ва қўмита билан биргаликда “Андижон-фарм” эркин иқтисодий зонасида тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш ҳолатини доимий равишда ўрганиб бориш, бу борада амалга оширилаётган ишлар юзасидан депутатлик назоратини ўрнатиш ва мавзу юзасидан тегишли ташкилотлар ҳисоботларини тинглашга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Зеро, мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини оширишда, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишнинг ўзига хос ва бетакрор механизмини жорий қилиш мақсадлари кўзланган Фармоннинг бажарилишида катта масъулият билан фаол қатнашиб, парламент назоратини изчил олиб бориш, тадбиркорлар манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда фидойилик кўрсатиш устувор вазифаларимиздан саналади.

Нозимжон ЭРГАШОВ

O‘zLiDeР Андижон вилоят Кенгаши

 аппарат раҳбари

  • Кўрилди
    1231
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+