Ўзбекистон-Ҳиндистон: ҳамкорликнинг янги қирралари очилмоқда

21.01.2019, 21:33

Ўзбекистон-Ҳиндистон: ҳамкорликнинг янги қирралари очилмоқда

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модининг таклифига биноан 17-18 январь кунлари ушбу мамлакатда амалий ташриф билан бўлиб, «Жўшқин Гужарат – 2019» IX халқаро инвестиция саммитида иштирок этди.

Ушбу амалий ташриф Осиёнинг қудратли давлатларидан бири Ҳиндистон билан Ўзбекистон ўртасидаги тарихий муносабатларни янги босқичга кўтаришга яна бир муҳим қадам бўлди дейиш мумкин. Негаки, ташриф давомида кўплаб масалалар бўйича фикр алмашилди, ҳамкорликнинг янги қирраларини очиш бўйича келишувларга эришилди.

Таъкидлаш лозимки, Ҳиндистон билан иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ҳар томонлама фойдали ва муҳимдир. Боиси, бугунги кунда иқтисодий тараққиётнинг ривожланиши ва аҳоли турмуш даражасининг кўтарилиши нуқтаи назаридан Ҳиндистон тез ривожланмоқда.

Халқаро валюта жамғармаси 2018 йилда молиявий кўрсатгичлари бўйича Ҳиндистон Хитойдан камида 7,4 фоизга ўзиб кетишини тахмин қилишганди ва амалда бу ўз исботини топмоқда.

Бунинг сабабларидан бири сифатида Ҳиндистондаги 100 миллиондан ортиқ кичик фирмаларнинг муваффақиятли ишлаб тургани келтирилмоқда. Яна бир қизиқ маълумот. 2017 йилда Ҳиндистон Францияни қувиб ўтиб, ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми бўйича дунё мамлакатлари рўйхатида олтинчи ўринни эгаллади. Соҳа экспертлари яқин ўн йилда Жанубий Осиёнинг бу мамлакати жаҳоннинг учта йирик иқтисодиётларидан бирига айланишини башорат қилаётганлари ҳам бежиз эмас. Негаки, охирги йилларда давлат саноатни ва илғор ахборот технологияларини кучайтириш, экспортни кенгайтириш ва глобал интеграция жараёнларида фаол қатнашиш ҳисобига жиддий силжишга қўл урди.

Маълумки, Президентимиз парламентга қилган мурожаатномасида иқтисодиётнинг барча соҳаларини рақамли технологиялар асосида янгилашни назарда тутадиган Рақамли иқтисодиёт миллий концепциясини ишлаб чиқиш, шу асосда “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастурини ҳаётга татбиқ этиш, шунингдек, ахборот технологиялари асосида банк тизимини ривожлантириш, Замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиб, давлатимиз чегара хавфсизлигини кучайтириш ва назорат сифатини ошириш, умуман илмий ёндашувлар асосида қатор соҳаларга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш вазифаларини белгилаб берган эдилар. 

Айтиш жизки, Ҳиндистоннинг АКТ борасидаги тажрибасини ўрганиш бу борадаги вазифаларни сифатли ва самарали амалга оширишда айни муддаодир. Негаки, бугунги кунда Ҳиндистон дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришда дунёнинг етакчиларидан биридир. Маълумотларга қараганда, ушбу мамлакатда АКТнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 7,7 фоизни ташкил қилади. Ўзбекистон дастурий маҳсулотлар бозорини ривожлантиришда Ҳиндистон тажрибасини ўрганиш шу жиҳатдан фойдадан ҳоли бўлмайди. Қолаверса, Ҳиндистонда АКТ соҳасида кадрлар тайёрлаш даражаси ҳам юқори рейтингларда баҳоланади. Ўзбекистон учун бу йўналишдаги ҳамкорлик ҳам яхши самара беради.

Умуман олганда, Ўзбекистон-Ҳиндистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик алоқаларининг йилдан-йилга янги қирралари кашф этилмқода. Бу эса ҳар икки томон учун ҳам бирдек манфаатлидир.   

Акбар МУЗАФФАРОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия

қўмитаси сектор мудири

  • Кўрилди
    2041
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Билдирилган фикрлар

Тошонов Яздон Каттақўрғон туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари аппарат раҳбари.2019-01-28 08:30:58

Ўзбекистон-Ҳиндистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик алоқаларининг йилдан-йилга ривожланиши иккала давлат учун ҳам манфаатли бўлиб бунинг натижасида бир қанча иқтисодий соҳалар бўйинча катта ютуқларга эришиш мумкин.Шу жумладан туризм савдо - сотиқ ва инвестициялар каби.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+