Минтақа келажаги учун муҳим келишувлар

31.01.2019, 18:30

Минтақа келажаги учун муҳим келишувлар

Ўзбекистон Президентининг Германияга ташрифи хорижий оммавий ахборот воситаларининг катта қизиқишига сабаб бўлди. Таҳлилчилар икки давлат муносабатларида алоҳида ўрин тутган ушбу ҳодиса мазмун-моҳиятини очишга қаратилган турли фикрларни илгари сурдилар. Ҳатто баъзи “масалага объектив ёндашадиган” нашрлар ўзича шарҳлашга киришиб кетганига ҳам гувоҳ бўлдик. Хўш, мамлакатимиз раҳбарининг Германияга ташрифига дунё оммавий ахборот восталари, қолаверса, таҳлилчилар томонидан бундай қизиқиш билдирилганининг асл сабаблари нимада?

Масаланинг моҳиятига етиш учун бунга фақат икки давлат ўртасидаги муносабатлар сифатидагина тор қарамасдан, бир мунча кенгроқ ёндашиш талаб қилинади. Шу ўринда Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари, кўп йиллар мамлакатимизнинг Германиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси бўлган Содиқ Сафоевнинг “Европада Германия, Марказий Осиёда Ўзбекистон – бу ўз минтақалари тақдири учун алоҳида масъулиятни ўз елкасига олган давлатлардир”, деган фикрини келтириб ўтиш ўринлидир. Аён бўладики, ушбу давлатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатлар нафақат мазкур мамлакатлар, балки дунё географик харитасида ниҳоятда муҳим ўринга эга икки минтақа муносабатлари учун ҳам эътиборли аҳамиятга эгадир. Қолаверса, Германиянинг Европа Иттифоқи (ЕИ) давлатлари орасида ўз ташқи сиёсатида Марказий Осиёга алоҳида эътибор қаратадиган давлат эканлигини, айрим таҳлилчилар таъкидлаганидек, ЕИнинг ушбу йўналишдаги локомотиви сифатида кўрилишини инобатга олсак, икки минтақа етакчи давлатлари ўртасидаги музокараларга ОАВ ва таҳлилчилар томонидан бу даражада юқори эътибор бежиз эмаслигини тушуниш қийин бўлмайди.

Германиянинг ЕИда Марказий Осиё масалаларида қанчалик ўрин тутишини эса қуйидаги фактларда ҳам кўришимиз мумкин. ЕИнинг Марказий Осиё бўйича стратегияси ушбу иттифоққа айнан Германия раислик қилган 2007 йилда ишлаб чиқилган. Ҳозирда яна Германия шафелигида бу борада янги стратегия ишлаб чиқилмоқда. 2007 йилги стратегиянинг қабул қилиниши биланоқ кўплаб масалаларда ЕИ сиёсий ва иқтисодий доираларининг минтақага муносабатида ижобий томонга сезиларли силжишлар бўлгани кузатилди. Масалан, ушбу ҳужжат қабул қилингунга қадар минтақамиздаги лойиҳаларни молиялаштириш ваколатига эга бўлмаган Лондондаги Европа инвестицион банки ҳамда Европа инвестиция фонди шундай мандатни қўлга киритди.

Бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Демак, Германия бугун нафақат ЕИда катта таъсир кучига, балки унинг Марказий Осиёга сиёсатини белгилашда етакчи мавқега эга давлатлиги билан аҳамиятлидир. Европа Иттифоқининг Марказий Осиё стратегияси қайси йўналишда кетиши минтақамиз учун қанчалик муҳимлиги ҳақида эса гапириш ҳам ортиқча.

Савол туғилиши табиий: хўш, ЕИ ва унинг локомотиви бўлган Германия Марказий Осиёга оид ўз сиёсатида асосан қайси масалаларга эътибор қаратмоқда, қандай муаммолар уларни кўпроқ қизиқтирмоқда?

Ушбу саволга жавоб топиш нафақат Европа Иттифоқи, қолаверса, Германиянинг Марказий Осиё сиёсатидаги устувор йўналишларини аниқлаб олишга, балки нима учун уларни рўёбга чиқаришда айнан Ўзбекистон билан муносабатларга алоҳида урғу берилаётганини тушуниб олишга ёрдам беради.

ЕИнинг Марказий Осиё бўйича сиёсатида минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Бу масала ғарб давлатлари учун, айниқса, 2001 йилги Нью-Йоркдаги террористик хуружлардан кейин ниҳоятда долзарб аҳамият касб эта борди. Ушбу фожиа дунёнинг бирор мамлакати ўзини терроризм хуруж қилаётган ҳудудлардан йироқдамиз деб бехавотир яшай олмаслигини, бундай муаммоли минтақалар билан бевосита чегарада бўлган давлатлар, хусусан, Марказий Осиё мамлакатлари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилган тақдирдагина бундай балоларга самарали қарши туриш мумкинлигини кўрсатди.

Ўзбекистон минтақада хавфсизликни таъминлаш масалаларида доимо етакчи ўрин эгаллаб келганлиги аён. Мамлакатимизнинг бу борада ҳамиша аниқ ва қатъий позициясига эгалиги, халқаро доираларда ҳам дунё эътиборини доимий равишда ушбу масалаларга қаратиб келаётгани жаҳон ҳамжамиятига яхши маълум. Айниқса, ўтган йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилган халқаро конференция ва унинг асосида қабул қилинган Тошкент декларацияси Афғонистондаги вазиятни ўнглаш борасида мутлақо янгича ва реал ечимлар ўртага ташланган ёндашув эканлиги билан ажралиб туради. Анжуман доирасида афғон муаммосини ҳал қилишдан манфаатдор бўлган дунё ҳамжамиятига ўзига хос аниқ “йўл харитаси” тақдим этилгани яна бир бор Ўзбекистоннинг ушбу жиддий масалада минтақадаги алоҳида мавқега эга эканлигини кўрсатди.

Европа Иттифоқи, қолаверса, Германия сиёсатининг Марказий Осиёдаги устувор йўналишларидан яна бири савдо-иқтисодий муносабатлар, қолаверса, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалалари билан чамбарчас боғлиқ. Албатта, ҳар бир давлат ўз маҳсулотлари импорти учун янги бозорларни очишдан манфаатдор.

Шу ўринда Марказий Осиё тўғрисида гап кетар экан, бу минтақанинг қарийб 50% аҳолисини қамраб олган Ўзбекистон бу борада албатта муҳим ўрин тутади. Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ўз навбатида ЕИ давлатлари учун ҳам стратегик аҳамиятга эга. Бугун Европа Иттифоқига кирувчи давлатлар ўзларининг 70% гача нефтга, 40% гача газга бўлган эҳтиёжини импорт ҳисобидан қоплайди. Айниқса, саноат соҳаси ниҳоятда юқори даражада ривожланган Германия учун энергетика ресурслари билан узлуксиз таъминот фавқулодда муҳимдир. Бир ёки икки таъминотчи давлатга боғлиқ бўлиб қолмаслик мақсадида янги ҳамкорларни излаб топиш улар учун ҳаётий муҳим масалага айланган. Шу нуқтаи назардан Қозоғистон, Туркманистон билан бир қаторда йирик энергия захираларига эга Ўзбекистон ҳам улар учун алоҳида қизиқиш объекти саналиши табиий.

Марказий Осиёнинг Европа билан Шарқий ҳамда Жанубий Осиё ўртасидаги, янада кенгроқ маънода Евроатлантик ва Осиё-Тинч Океани минтақалари ўртасидаги савдо алоқаларида ўзига хос коридор – боғловчи ҳудуд сифатидаги аҳамияти ошиб бораётир. Европада ушбу минтақаларни ўзаро савдо йўллари билан боғлаш масалаларида ҳам янги имкониятларни излаб топишга катта аҳамият қаратилмоқда. Глобаллашаётган, ўзаро иқтисодий боғлиқлик тобора ошаётган бир даврда логистика тизимларини кенгайтириш ниҳоятда муҳим роль ўйнаши табиий, албатта. Қадим даврлардан Буюк Ипак йўлида ўзига хос ўрин эгаллаб келган Марказий Осиёнинг мазкур масаладаги мавқеи эса бўлакча. Ўз навбатида, минтақанинг марказий давлати ҳисобланган Ўзбекистоннинг позицияси бу борада ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

ЕИнинг минтақамизга алоқадор устувор йўналишларини яна санаш мумкин. Лекин уларнинг барчаси бўйича самарали ечим, аввало, Ўзбекистоннинг позициясига бевосита боғлиқлиги ҳар қадамда кўзга ташланаверади. Мана шуларнинг ўзиданоқ ЕИнинг, хусусан, Германиянинг Марказий Осиё билан ўзаро муносабатларда нимага айнан Ўзбекистон билан ҳамкорликка эътибор қаратилаётганини англаб олиш қийин эмас.

Шу ўринда навбатдаги савол туғилади. Хўш, ЕИ ўзи учун Марказий Осиёда амалга оширилиши устувор деб билган масалалар минтақамиз давлатлари, хусусан, Ўзбекистон учун қанчалик манфаатли? Эътибор беринг, европаликлар Марказий Осиё йўналишида илгари сураётган лойиҳаларини ушбу ҳудудда тинчлик ва барқарорлик қарор топган, иқтисодиёт ва демократия ривожланган шароитдагина амалга ошириш мумкин деб ҳисоблайди. Бундай ёндашув, қолаверса, юқорида келтириб ўтилган асослар ЕИ ва Марказий Осиё ҳамкорлигидан кўзланган мақсадлар ҳар икки минтақа давлатлари манфаатларига тўла мос келишини яққол ифодалайди.

Мазкур фикрлар ўтган ҳафтада Германия ва Ўзбекистон раҳбарлари томонидан қабул қилинган қарорлар, ўзаро манфаатли келишувлар нафақат икки давлат учун, балки бутун минтақамиз учун нақадар катта аҳамиятга эгалигини кўрсатади.

Мамлакатимиз раҳбарининг Германияга сафари ёритилган ахборотларнинг қисқа сатрлари ортида яширинган яна бир муҳим жиҳатга ойдинлик киритсак. Аксарият ОАВлар ушбу ташрифнинг икки давлат ўртасидаги муносабатларда янги босқични бошлаб берган воқеа бўлганига қайта-қайта урғу беришди. Бир қарашда мазкур тезислар дипломатик нуқтаи назардан айтилаётгандек туюлиши мумкин. Аслида эса бунинг замирида жуда катта умид ва ишонч ётибди десак муболаға бўлмайди.

Сабаби эса қуйидагича: Европа Иттифоқи ва, хусусан, Германиянинг Марказий Осиё сиёсатида илгари сураётган режалари қайси соҳага дахлдор бўлмасин, аввало, минтақа давлатлари ўртасида дўстона ва ўзаро ишончга асосланган яқин алоқалар шароитидагина рўёбга чиқиши мумкинлигига урғу берилади.

Ўтган йиллар давомида минтақа давлатлари ўртасидаги муносабатлар бундай яқинлик ва ишонч муҳитидан бироз узоқ бўлгани сир эмас. Алоҳида таъкидлашни истардик, кейинги икки йилда айнан Ўзбекис­тон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан бу борада ижобий томонга кескин силжишга эришилди. Мамлакатимиз раҳбарининг Германия федерал президенти Франк-Вальтер Штайн­майер, федерал канцлери Ангела Меркель билан учрашувларида бу ўзгаришлар алоҳида эътироф этилди. Бевосита Ўзбекистон етакчисининг қатъий саъй-ҳаракатлари туфайли бугун минтақа давлатлари ўртасидаги муносабатларда шаклланган мутлақо янги, ўзаро ишонч муҳити илгари бу ҳудудда амалга ошиши қийин бўлган кўплаб ижобий ўгаришларни рўёбга чиқаришга, давлатларо муносабатларни мутлақо янги сифат босқичига кўтаришга асос яратмоқда.

Ўзаро ишончнинг дастлабки самаралари икки давлат ишбилармон доиралари иштирокида бўлиб ўтган бизнес-форумда тузилган шартномалар умумий миқдорининг 8 миллиард доллардан ошганида, “Siemens”, “ThyssenKrupp”, “Class”, “Knauf”, “Volkswagen” каби ўнлаб етакчи компаниялар билан тузилган битимларда ўз ифодасини топди. Яъни, тузилган ҳар бир шартнома Ўзбекистон иқтисодиётига киритилаётган инвестиция, қўшимча маблағгина эмас, халқ хўжалигининг кўплаб соҳаларига татбиқ этиладиган мутлақо янги технологиялар, инновацион лойиҳалардир. Буларнинг барчаси ўз иқтисодиётини инновацион рельсларга ўтказиш йўлидан бораётган мамлакатимиз учун ниҳоятда муҳим десак муболаға бўлмайди.

Шу ўринда яна бир жиҳатга эътибор қаратсак.

Ушбу ташриф тафсилотларига алоҳида таҳлилий мақола бағишлаган Россиянинг “Независимая газета” нашри шарҳловчиси, кўп йиллардан буён юртимиздаги сиёсий ва иқтисодий жараёнларни ёритиб келаётган мутахассис В.Панфилова Стратегик баҳолаш ва прогноз маркази директори И.Панкратенконинг қуйидаги фикрини келтиради: “Берлин иқтисодий форуми натижалари Ўзбекистон учун ўзига хос синов, чақириқдир. Чунки имзоланган келишувларнинг ҳар бири Тошкент томонидан доимий мониторинг ва назоратни талаб қилади. Бу ерда гап чет эл инвестицияларининг кириши ва фаолият кўрсатиши учун зарур бўлган ҳуқуқий моделни шакллантириш ҳақида бормоқдаки, у бизнес юритиш учун қулай ва шаффоф шароитлар яратилишига ниҳоятда талабчанлик билан ёндашадиган ҳамкор учун ҳам мақбул бўлиши керак. Бир нарсани ишонч билан айтиш мумкинки, агар шундай ҳаётий модель шакллантира олинса, ваҳоланки, ҳали бу ишни минтақадаги бирор қўшни давлат амалга ошира олган эмас, инвестициялар Ўзбекистонга ҳеч бир қийинчиликсиз кира бошлайди”.

И.Панкратенконинг фикридаги икки жиҳатга эътибор қаратмоқчи эдим: энг талабчан чет эл инвестициялари учун ҳам мақбул бўла оладиган ҳуқуқий моделни шакллантириш ҳамда кириб келаётган инвестициявий лойиҳалар бўйича ишларнинг боришини мониторинг ва назорат қилишни тизимли йўлга қўйиш.

Мамлакатимиз раҳбари томонидан Германияга ташриф чоғида жуда муҳим биринчи қадам ташланди, яъни дунёга машҳур немис компаниялари инвестиция ва технологияларини мамлакатимизга жалб қилиш учун йўл очиб берилди. Бошланган ҳаракатлар мантиқий якунига етиши учун зарур бўлган кейинги ишлар – бевосита зарур қонунчилик асосларини такомиллаштириш билан боғлиқ ҳуқуқий моделни шакллантириш ҳам, парламент назорати воситаларидан фойдаланган ҳолда инвестицион лойиҳаларнинг боришини назорат қилиш ҳам бевосита депутатлик корпуси ваколати доирасидаги масалалардир. Мана шуларнинг ўзиёқ сиёсий партиялар, биринчи навбатдаO‘zLiDeP ва партиямиздан сайланган депутатлик корпуси олдида қанчалик кенг миқёсли ишлар турганини яққол кўрсатади.

Бунинг учун эса масалага ёндашувимизни тубдан ўзгартиришимиз зарур бўлади. Шу пайтгача мамлакат раҳбарининг ҳар бир чет эл сафаридан кейин сиёсий партиялар имзоланган келишувларни, сафар натижаларини қўллаб-қувватлашини билдирарди-ю, шу билан ўз миссиясини бажарган ҳисобларди. Бугун юртимизнинг, керак бўлса минтақамизнинг эртанги кунига дахлдор ўзгаришлар юз бераётган даврда, ва, очиғи, бу ўзгаришлар ҳар доим ҳам осонлик билан кечмаётган бир вақтда сиёсий партияларнинг ҳам, улардан сайланган депутатлик корпусининг ҳам жараёндаги иштироки фақат қўллаб-қувватлашдан иборат пассив кузатувчанлик даражасида қолиши мумкин эмас.

Хўш, айнан ушбу ҳолатда бизнинг вазифамиз нималардан иборат бўлади?

Биринчидан, таҳлилчилар талабчан чет эл инвесторлари учун, аввало, уларни жалб эта оладиган хуқуқий модель зарурлигини гапираётган экан, демак, биз депутатлик корпусимиз ваколатидан фойланган ҳолда бугунги чет эл инвесторларининг юртимиздаги фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик базасини тўлиқ инвентаризациядан ўтказишимиз зарур. Бу борада хорижий амалиётда етарлича тажриба мавжудки, уларни пухта ўрганган ҳолда ўз қонунчилигимизни такомиллаштириш олдимиздаги энг муҳим вазифадир.

Иккинчидан, мамлакатимизга келаётган ҳар бир инвестор ҳудудларда  эмин-эркин фаолият олиб бориши учун қулай бизнес муҳитини шакллантириш, бу йўлда тўсиқ бўлаётган омилларни ўз вақтида аниқлаш ва зарур чораларни кўриш юзасидан қатъий парламент назоратини амалга ошириш маҳаллий кенгашларда энг йирик депутатлик корпусига эга O‘zLiDeP учун устувор вазифага айланиши керак бўлади, токи ҳар бир инвестор ўз фаолияти парламент аъзолари, депутатларнинг доимий эътиборида эканини сезиб турсин. Ривожланган давлатларда вакиллик органлари, депутатларнинг бундай ҳимояси жуда катта ўрин тутади ва бизга келган инвесторлар ҳам, албатта, ушбу омилга ўзгача аҳамият билан қарашади.

O‘zLiDePнинг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” доирасидаги режаларида албатта ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратилади ва маслакдошларимиз халқимиз учун муҳим бўлган жараёнларда фаол иштирок этади.

Бахтиёр ЯКУБОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари

  • Кўрилди
    813
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Билдирилган фикрлар

Умидахон Исломқулова УзЛиДеП Фарғона вилояти Кенгаши Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги роли ва мавқеини ошириш булими мудири 2019-01-25 11:27:43

Муҳтарам Юртбошимизнинг Германия давлатига бўлган ташрифлари ҳар икки давлат учун ҳам катта аҳамият касб этишига ишонамиз.Давлатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли шартномалар биз аёлларга юқори кўтаринкилик бахш этди.


Даврон Темиров O`zLiDeP Бўка туман Кенгаши ижрочи котиби2019-01-23 13:01:28

Германия билан кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштириш мамлакатимиз иқтисодиётига сифат жиҳатдан янгича руҳ бағишлайди. Иқтисодиётга инвестицияларни жалб қилган ҳолда республикада тадбиркорлик муҳитини такомиллаштиришга , хориж инвестицияларини олиб кириш жараёнин шаффофлигини таъминлаш юрт тараққиётига хизмат қилади. Президентимиз таъкидлаганларидек инновация бўлмас экан, ҳеч бир соҳада рақобат, ривожланиш бўлмайди. Шунинг учун партия фаоллари бу соҳадаги ўзгаришларни халқимизга кенг тарғиб қилиб,уларнинг кўникма ва малакаларини оширишга ёрдам беришимиз зарур.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+