Ўзбекистон Бизнес юритиш учун қулай ҳудудга айланади

12.02.2019, 10:13

Ўзбекистон Бизнес юритиш учун қулай ҳудудга айланади

Маълумки, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” рейтингида Ўзбекистон жаҳоннинг 190 та мамлакати орасида 146 ўриндан 76 ўринга кўтарилгани, бу эса сўнгги бир неча йиллар давомида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш соҳасида норматив ҳуқуқий ҳужжатлар базасини яратилиши ва уларни тартибга солиш жараёнларини такомиллаштирилишига шунингдек, қулай бизнес муҳитини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар кўрилганлиги натижалари десак муболаға бўлмайди.

“Бизнес юритиш” рейтинги натижаларига эътибор қаратсак, Ўзбекистон ушбу рейтингда ўтган 2018 йилга нисбатан барча йўналишларда умумий ҳисобда қарииб 1,1 фоиз ўсиш натижасини қайд этган.

Жумладан, ўтган йилга нисбатан савдо алоқалари, экспорт импорт операциялари ҳамда чегаралараро савдо (Trading across Borders) йўналишида - 5,5 фоизга;

- солиқ маъмурчилигида ва соҳадаги туб ўзгаришлар ҳамда солиқ тўловчиларда солиқ маданиятининг ошиши натижасида солиқларнинг тўланиши (Paying Taxes) йўналишида - 2,2 фоизга;

- мамлакатга инвестициялар киритиш ва инвесторларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилиш натижасида инвесторларни ҳимоя қилиш (Protecting Minority Investors) йўналишида - 1,7 фоиз ўсиб, бошқа йўналишларга нисбатан юқори кўрсаткич қайд этилган.

Президентимизнинг жорий йил 5 февралда қабул қилинган “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора - тадбирлар тўғрисида”ги Қарори мамлакатимизда фаолият юритаётган тадбиркорлар ва инвесторлар учун кенг имкониятлар эшигини очиб берди. Мазкур қарорга кўра қатор устувор вазифалар амалга оширилиши кўзда тутилган.

Хусусан, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, қурилиш учун рухсатномалар олиш, электр таъминоти тизимига уланиш, мулкни рўйхатдан ўтказиш, миноритар акциядорларни ҳимоя қилиш, халқаро савдо соҳаси ҳамда контрактлар ижросини таъминлаш йўналишларида ҳамда бизнесни юритишга тўсиқ бўлаётган омилларни олиб ташлаш, тадбиркорни сарсон қилаётган тартиб таомилларни соддалаштириш борасида кенг эркинлик ва имтиёзлар берилиши белгилаб қўйилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур чора-тадбирлар ижросини таъминлаш, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикаси рейтингини янада яхшилаш борасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳам ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади.

Қарор билан белгиланган долзарб вазифаларни амалга оширишда O’zLiDeP ва унинг парламентдаги фракцияси кенг жамоатчилик ва тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазалари асосида амалдаги қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай, шаффоф, содда тартиб-таомиллар акс этишини таъминлашда алоҳида эътибор қаратади.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон 2022 йилгача Жаҳон банки ҳамда Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” рейтингида жаҳон мамлакатларининг биринчи йигирматалиги даражасига мос келадиган энг қулай шарт-шароитлар яратилган “Бизнес юритиш учун энг қулай ҳудуд” даражасига эришади.

Жамшид Жалолов

O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия

қўмитаси мутахассиси

  • Кўрилди
    356
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+