Президентимизнинг ташрифи янги марралар сари руҳлантирди

01.03.2019, 22:15

Президентимизнинг ташрифи янги марралар сари руҳлантирди

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида жорий йилнинг 28 февраль – 1 март кунлари Наманган вилоятига ташриф буюрди.

Таъкидлаш жоиз, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2-3 май кунлари вилоятга ташрифи чоғида берган топшириқлари ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Саноат, транспорт, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш каби тармоқларни изчил ривожлантириш, уй-жойлар барпо этиш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Президентимиз бу галги ташрифи чоғида қатор йирик лойиҳалар, тадбиркорлик субеъктлари фаолияти билан яқиндан танишди, энг муҳими оддий аҳоли вакиллари билан дилдан суҳбат қилди. Партиямиз учун эътиборли жиҳати шундан иборатки, давлат раҳбари томонидан эътироф этилган муҳим лойиҳаларни амалга ошираётган аксарият ишбилармонлар O‘zLiDeP электорати тадбиркорлар ҳисобланиб, уларнинг бу борадаги фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтамиз.

Самида КАРИМОВА, Халқ депутатлари Тўрақўрғон туман кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси:

Халқ билан мулоқот қилиш, ҳамиша халқ билан бирга бўлиш Президентимиз фаолиятининг бош мезони. Давлатимиз раҳбари ҳар бир ҳудудга, жумладан, 2017 йилда Тўрақўрғон туманига ташрифи чоғида одамлар билан мулоқот қилган эди.

Вилоятга бу галги ташрифи чоғида ҳам Президентимиз Тўрақўрғон тумани деҳқон бозори ёнида тўхтаб, халқ ичига кириб борди, одамлар билан самимий мулоқот қилди.

Аҳоли вакиллари билан мулоқот чоғида Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш йўлидаги ислоҳотлар халқ билан бамаслаҳат давом эттирилишини таъкидлади. Жумладан, Наманган вилоятининг ҳар бир туманига катта миқдорда инвестициялар киритиш, янги корхоналар, санаториялар, мактаблар, боғчалар қуриш, иш жойлари яратиш бўйича улкан лойиҳалар бошланганини қайд этди. 

Туманимиз аҳолиси Президентимиз ташрифидан бениҳоя хурсанд бўлиб, ислоҳотлар натижалари ҳар бир соҳада сезилаётганини билдирди. Наманган вилояти, умуман, мамлакатимиз ҳаётида рўй бераётган ўзгаришлар учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик изҳор этди.

Халқнинг бир вакили сифатида шуни алоҳида эътироф этмоқчиман, Президентимиз белгилаб берган вазифаларнинг жойлардаги ижросини таъминлашда, аҳоли билан юзма-юз мулоқотда бўлиб, муаммоларига ечим топишда астойдил ҳаракат қиламиз.

Зафар РАҲИМОВ,  “FT TEXTILE GROUP”  МЧЖ раҳбари, O‘zLiDeP фаоли:

Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир ҳудуддаги мавжуд имкониятларни ишга солиб, аҳолини иш билан таъминлашга қаратаётган сиёсати натижасида кундан кунга  тадбиркорлар сафи кенгайиб бормоқда.

Тўрақўрғон туманида жойлашган “FT TEXTILE GROUP” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонамиз ҳам мамлакатимизда тадбиркорларга яратилган қулай шароит ва имкониятлар натижасида ўз фаолиятини бошлади.

 “Шаҳанд” қишлоқ фуқаролар йиғинида ҳудудида жойлашган ушбу корхонамиз биноси бир пайтлар қаровсиз ҳолда эди. 2018 йилда ушбу бинони таъмирлаб, замонавий ишлаб чиқариш корхонасига айлантирдик. Германиядан замонавий ип йигирув машиналари, Бельгия, Швейцария, Ҳиндистон ва Туркиядан зарур  ускуналар келтириб ўрнатилиши натижасида йилига 15,6 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотларимизни эса Хитой, Россия, Туркия ва Украина мамлакатларига экспорт қилмоқдамиз.

Корхонамиз дастлабки иш фаолиятини бошлаганида ён-атрофдаги Боғишамол, Дукат, Темирқишлоқ, Олчин, Ахси каби маҳаллаларда яшовчи 300 кишини доимий иш билан таъминлаб, йилига 15,6 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлдик. Натижада йиллик экспорт ҳажми 10,2 миллион долларни ташкил этди.

Қолаверса, Германиядан энг замонавий газогенератор олиб келиб ўрнатганимиз туфайли корхонамиз электр энергияси билан ўзини ўзи тўлиқ таъминлаш имкониятига эга бўлди. Иш жараёнида пайдо бўладиган иссиқ сув ҳам беҳуда кетмайди. 9 гектар иссиқхонани иссиқлик билан таъминлашга етади.

Келгусида эса фаолиятимизни янада кенгайтириш ва  200 та қўшимча иш ўрни яратишни режалаштиряпмиз. Бу эса 20,8 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш, экспорт ҳажмини 25,2 миллион долларга етказиш имконини беради.

Президентимиз ушбу корхонамиз фаолияти билан яқиндан танишаркан, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларимизни, ишчиларга яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди, фаолиятимизни янада кенгайтириш, бошқа кўплаб давлатларга экспорт қилиш борасида аниқ таклиф ва кўрсатмаларини бериб ўтдилар.

Олимжон БОБОХАНОВ, Наманган шаҳридаги “Art Soft Tex Group” корхонаси раҳбари, O‘zLiDeP фаоли:

Бизнинг корхонамизда турли бичим ва рангдаги сочиқлар, халат, чойшаб ва бошқа маҳсулотлар тайёрланади. Улар ички бозорга, шунингдек, Россия, Украина, Молдова, Болгария ва қўшни давлатларга етказиб берилмоқда. Ўтган йили 290 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 9,4 миллион доллар миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинди. 

Наманган шаҳри, Риштон ва Янгиқўрғон туманларида ҳам корхонамизнинг бир нечта цехлари бор. Уларда 2 мингдан зиёд киши меҳнат қилади. Яқинда тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш комплекси ишга туширилиши билан яна мингга яқин иш ўрни яратишни режалаштирганмиз.

Корхонамиз фаолиятини янада кенгайтириб, кластер усулида ишлашга ўтмоқдамиз. Корхонамиз учун Мингбулоқ ва Поп туманларидан ер ажратилган, қишлоқ хўжалиги техникалари сотиб олинган.

Давлатимиз раҳбари бизнинг корхонамизга ташрифи чоғида келгуси режаларимиз билан қизиқди. Унинг таркибида пахта тозалаш, уруғ етиштириш, дон маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари, иссиқхона ташкил этиш, чорва боқиш, ем ишлаб чиқариш йўлга қўйилишини маъқуллади.

Президентимизнинг биз тадбиркорларга қаратаётган бу каби эътибор ва кенг имкониятлардан руҳланиб, келгусида фаолиятимизни янада кенгайтириш, маҳсулотларимизни бошқа кўплаб давлатларга экспорт қилиш, минглаб янги иш ўринлари яратишни бош мақсад қилиб олдик. 

  • Кўрилди
    1749
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Билдирилган фикрлар

Тошонов Яздон Каттақўрғон туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари -аппарат раҳбари2019-03-04 09:03:53

Президентимиз томонидан Наманган вилояти учун қилинаётган эътиборлари барча вилоятлар учун ҳам қилинаётган эътибор деб ҳисоблаш зарур.Президентимиз белгилаб берган вазифаларнинг жойлардаги ижросини таъминлашда, биз партия ходимлари ва фаоллари ташаббускор бўлмоғимиз керак.


JALOL2018-12-22 12:45:06

Men xam shunday issiqxona barpo etish niyatim bor , qilaman desam sharyoit xam bor uyimizni yonida issiq suv tarmog'i bor yerimiz bor uncha katta bo'lmasada bor. Lekin menga bularning xammasini o'rgatadigan tushuncha beradigan inson kerak. Kimga yoki qayerga murojat qilishim kerak bo'ladi raxmat.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+