Юк ва йўловчи ташиш тизими такомиллаштирилади

17.03.2019, 07:13

Юк ва йўловчи ташиш тизими  такомиллаштирилади

Сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, республикада давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хусусий мулкнинг устуворлигини янада кучайтириш билан боғлиқ жараённи соддалаштиришга қаратилган изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Бу борада амалга оширилаётган тадбирлар бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлиги ҳамда натижадорлиги тадбиркорлар даромадини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, халқимиз турмуш тарзини яхшилашга қаратилганлиги етакчи халқаро молиявий ташкилотлар томонидан ҳам ижобий баҳоланмоқда.

Хусусан, транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш, мулкчиликнинг барча шаклларидаги ташувчилар учун рақобат муҳитини ҳамда қулай шарт-шароитларни яратиш, республикамизнинг транспорт-транзит салоҳиятини ошириш мақсадида Президентимизнинг жорий йил 6 мартдаги “Юк ва йўловчи ташиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора- тадбирлари тўғрисда”ги Қарори соҳада ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этишга қаратилганлиги, айниқса, транспорт хизматларини кўрсатишда бир қатор чеклов ва ортиқча “қоғозбозликлар”га чек қўйилганлигидан далолат беради.

Жумладан, 2019 йил 1 июлдан бошлаб халқаро юк ташишларда фойдаланиладиган тягач (шатакчи) автомобилларга лицензия карточкалари берилиши учун давлат божи тўлаш тартиби;

- Европа иттифоқи мамлакатларида ишлаб чиқарилган экологик талабларга мос келадиган янги юк ва махсус автотранспорт воситалари, автомобиль транспортида юк ташиш учун фойдаланиладиган тиркама ва ярим тиркамалар ҳамда транспорт-экспедиторлик хизматларини мажбурий сертификатлаш;

- чек бериш ёки йўловчининг юрганлигини электрон қайд этиш имконияти мавжуд бўлиши шарти билан йўловчилар ташишда фойдаланиладиган автотранспорт воситаларида назорат-касса аппарати мавжуд бўлиши;

- автомобиль транспортида юк ташиш билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг ҳамда юридик шахс раҳбарининг малака талабларига мувофиқлик юзасидан аттестациядан ўтиши;

- автомобиль транспортида йўловчи ва юкларни ташиш бўйича фаолиятни амала ошириш учун лицензия олишда юридик шахсларнинг балансида транспорт воситалари мавжуд бўлиши каби талаблар бекор қилинди.

Бундан ташқари, 1 апрелдан юридик ва жисмоний шахслар ўртасида ижара шартномаларини тасдиқлаш учун амалдаги давлат божи миқдори икки баробарга камайтирилган бўлса, йўналишсиз таксилар сифатида фойдаланиладиган ҳамда ягона ички ва ташқи белгилар билан жихозланган енгил автомобиллар йўналишли транспорт воситалари учун ажратилган йўл қисмида ҳаракатланиши, шунингдек, “Тўхташ тақиқланади” белгиси амал қилиш ҳудудида тўхташи мумкинлиги юзасидан имтиёзлар берилди.

Шу билан бирга, юк ва йўловчиларни ташиш хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилиши белгиланди.

Хулоса қилиб айтганда, юқоридаги тартибларнинг жорий қилиниши мамлакатимизда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига янги фаолиятларини бошлашларида ҳамда транспорт соҳасини мамлакатимиз иқтисодиётидаги ўрнини янада мустаҳкамлашда қўшимча имкониятлар яратади.

Жамшид ЖАЛОЛОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси ходими

  • Кўрилди
    2331
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+