Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеи тубдан оширилмоқда

09.04.2019, 17:35

Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеи тубдан оширилмоқда

Халқимизда “Бир болага етти маҳалла ҳам ота ҳам она” деган нақл бор. Азал-азалдан маҳалла жамиятда тинчлик-тотувлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий урф-одат ва қадриятларни асраб-авайлаш, оилалар жипслилигини таъминлаш, аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал этишда халқимизга энг яқин ижтимоий тузилма бўлиб келган.

Кейинги пайтларда мамлакатимизда ушбу бўғиннинг нуфузини ошириш ва унга қўшимча ваколатлар бериш борасида қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, тизимнинг янгича ишлаш механизмлари яратилмоқда.

Ўзбекистон Репсубликаси Президентининг жорий йил 2 апрелида қабул қилинган “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ҳам соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Қарорга кўра, Мурожаатлар билан ишлаш, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича “маҳалла – сектор – Халқ қабулхонаси – маҳалла” принципи асосида ҳамкорлик тизими жорий этилиши белгилаб берилди. Бунинг натижасида жойлардаги муаммоларни аниқлаш ва ўз вақтида бартараф этиш бўйича янгича механизм яратилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, меъёрий ҳужжатга кўра, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали муаммоларни аниқлаш ва ҳамкорликда бартараф этиш чораларини кўришда таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ва ҳар чоракда жамоатчилик назоратининг натижалари, аниқланган муаммолар тўғрисида умумлашган маълумотлар, шунингдек, тегишли мансабдор шахсларнинг ҳисоботини эшитиш бўйича таклифларни халқ депутатлари Кенгашлари мажлисларида муҳокама қилиш белгиланган.

Фуқароларнинг яшаш шароити, турмуш тарзи ва муаммоларидан маҳаллачалик бохабар ташкилотнинг ўзи бўлмаса керак. Шу нуқтаи назардан қараганда, бу борада жамоатчилик назоратини ўрнатган ҳолда тузилманинг салоҳиятидан фойдаланиш ижобий натижаларни беради. Жамоатчилик назоратининг натижалари ва аниқланган муаммоларнинг халқ депутатлари Кенгашларида эшитув ва муҳокамасини уюштириш кўрсатиб ўтилган. Бу эса ушбу аниқланган муаммоларга ечим топишда ва уларни бартараф этишда самарали усул ҳисобланиб, бевосита маҳаллаларнинг депутатлар билан ишлашда ҳамкорлик тизими яратилади.

Шунингдек, ҳуқуқий ҳужжатда “Кексалар маслаҳати” гуруҳларини ташкил этиш борасидаги таклифлар ўрганиб чиқилиб, розилик билдирилган. Бу азалий  қадриятларимизнинг бир кўриниши бўлиб, маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлашда кекса авлод вакиллари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар нафақадаги ходимларининг бой ҳаётий тажрибасидан унумли фойдаланишда қўл келади.

Бундан ташқари   қарорга биноан, фуқаролар йиғинлари раислари ва масъул котиблари ойлик иш ҳақини жорий йилда босқичма-босқич 1,5 бараварга оширилиши соҳада фаолият кўрсатаётган ишчи ходимларнинг моддий томондан қўллаб-қувватланганлиги бизни янада ишга масъулият билан ёндашишга чорлайди.

Энг муҳими  меъёрий  хужжат асосида “Маҳалла маркази” мажмуалари ва фуқаролар йиғинлари биноларини намунавий лойиҳалар асосида қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш  борасида ишларнинг амалга оширилиши биз маҳалла тизими фаолларини янги куч ва янги ғайрат билан ишлашга ундайди.

Абулхафиз Аширов,

Каттақўрғон туман

“Каттакўрпа” МФЙ раиси,

O‘zLiDeP фаоли

  • Кўрилди
    1012
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+