“Бир макон, бир йўл”: иккинчи халқаро форум муҳим аҳамиятга эга бўлди

02.05.2019, 09:24

“Бир макон, бир йўл”: иккинчи халқаро форум муҳим аҳамиятга эга бўлди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Пекин шаҳрида ўтказилган “Бир макон, бир йўл” иккинчи халқаро форумида иштирок этиши ўтган ҳафтанинг мамлакатимиз ҳаётидаги энг муҳим воқеаларидан бири бўлди. Юртбошимизнинг нуфузли анжуманда сўзлаган нутқини юрагида Ватан тараққиётига дахлдорлик ҳисси жўш уриб турган барча ватандошларимизгина эмас, балки жаҳон ҳамжамияти вакиллари ҳам диққат билан кузатганига гувоҳ бўлдик.

Форум давомида халқаро савдо ва инвестиция алоқаларини мустаҳкамлаш, янги транспорт ва логистика йўлаклари яратилишини рағбатлантириш бўйича амалга ошириладиган лойиҳалар хусусида кўп томонлама ва икки томонлама мулоқотлар ҳам ўтказилди. Аслида давлатимиз раҳбари хорижий сафарларга ажратилган вақтнинг ҳар бир дақиқасидан унумли фойдаланиши кўпчилик учун янгилик бўлмай қолди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, илк бор 2017 йили Хитой ташаббуси билан ўтказилган “Бир макон, бир йўл” халқаро форумида қуруқлик ва денгиз йўлларини ривожлантириш, уларни ўзаро боғлаш орқали давлатлараро ҳамкорлик механизмларини мустаҳкамлаш масалалари илгари сурилган эди. Ҳозирда мазкур ташаббус Осиё, Европа ва Африка қитъаларининг 65 мамлакати томонидан қўллаб-қувватлангани, келгусида унга бошқа давлатларнинг ҳам қўшилиш нияти борлиги глобал иқтисодий макон юзага келаётганидан дарак бермоқда. Бу эса жаҳон миқёсида ҳамжиҳатликда барқарор ривожланишга интилиш йилдан-йилга кучайиб бораётганидан далолатдир.

Бугун барчамиз Хитой ташаббуси билан БМТ, ШҲТ, Европа Иттифоқи, Евроосиё иқтисодий иттифоқи каби халқаро ва минтақавий тузилмалар ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси турли мамлакатларнинг миллий тараққиёт стратегиясига мос келиши жиҳатидан бутун дунёда иқтисодий ривожланишга кенг йўл очиб бераётганини яхши англаяпмиз. Мазкур форум ишида минтақавий иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, узоқ муддатли тараққиётнинг янги манбаларини излаб топиш борасидаги шерикликни фаоллаштириш, “яшил” иқтисодиёт ва инновацияларни илгари суриш, устувор инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига жиддий эътибор қаратилгани бежиз эмас.

Президентимизнинг анжумандаги нутқи мазмун-моҳиятига эътибор қаратар эканмиз, ҳозирги босқичда юртимизда олиб борилаётган сиёсат негизида ҳам барқарор ривожланишга эришишда халқаро миқёсдаги иқтисодий ҳамкорликнинг нақадар муҳимлигини ва бу масалага халқимиз манфаатлари рўёбида қанчалик катта аҳамият касб этаётанини яна бир бор ҳис қиламиз.

Ўзбекистонда етакчи сиёсий куч бўлиб келаётган O‘zLiDePнинг дастурий вазифалари форум мақсадига ҳамоҳанг эканини айтишимиз мумкин. Мен бу ерда партиямизнинг танлаган йўли – мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш орқали ижтимоий имкониятларни янада кучайтириш ҳаётий эҳтиёжларимиз ифодаси эканига урғу бераётирман. Шу йилнинг сиёсий аҳамиятидан келиб чиқсак, партиямизнинг сайловолди платформасида юртимизда барқарор тараққиёт учун кучли иқтисодий асосларни яратишдек устувор мақсадимизга асос бўладиган аниқ вазифаларни белгилаб олиш вақти келгани яққол аён бўлади. Бунда халқаро иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, тараққиётнинг янги манбаларини ўзлаштириш орқали иқтисодиёт тармоқларини кенгайтириш, бизнес доираларининг салоҳиятидан самарали фойдаланган ҳолда саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, энергетика ва қурилиш соҳаларида ресурс тежамкор ёндашувлар ва тамойилларни жорий этиш, инновацияларни кенг қўллаш, ички ва ташқи сармояларни жалб қилиш баробарида қулай инвестициявий муҳитни янада такомиллаштиришнинг замонавий механизмларини яратиш давр талаби бўлиб турибди.

Дилором ФАЙЗИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги O‘zLiDeP

фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    247
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Билдирилган фикрлар

Носирова Шоира Кармана туман Кенгаши депутати2019-04-29 15:21:23

Форум доирасида давлат раҳбарлари кўп томонлама ўзаро манфаатли алоқаларни янада мустаҳкамлаш, автомобиль, денгиз ва ҳаво йўли орқали алоқаларни ривожлантиришга келишиб олгани қайд этилди. Юксак сифатли, барқарор, инклюзив ва кенг кўламли инфратузилмани тараққий эттириш, иқтисодий йўлаклар ва зоналар фаолиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Лойиҳаларнинг янада барқарор бўлиши, хорижий инвесторлар учун адолатли муҳитарнинг барчаси “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси доирасидаги ҳамкорлик давлатимиз равнакига кенг йул очиб беришига аминмиз.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+