Президентимизнинг Сурхондарёга ташрифи доирасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашда астойдил ҳаракат қиламиз

01.05.2019, 17:01

Президентимизнинг Сурхондарёга ташрифи доирасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашда астойдил ҳаракат қиламиз

Эшқобил СОБИРОВ, Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳамда аввал берилган топшириқлар ижроси билан танишиш мақсадида 30 апрель ва 1 май кунлари Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди.

Таъкидлаш жоизки, Давлатимиз раҳбари 2018 йил 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишиб, туман ва шаҳарларда қурилиш-бунёдкорлик ишлари кўламини сифат жиҳатидан кенгайтириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб берган эди.

Ўтган вақт мобайнида мазкур топшириқлар ижроси юзасидан муайян ишлар амалга оширилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишларида умумий қиймати 3 триллион 12 миллиард сўмлик 423 та лойиҳа ишга туширилиб, 7 мингга яқин иш ўрни яратилди.

Ушбу топшириқлар ижроси доирасида вилоятда цемент ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Гранит ва габбро тошларини қазиб олиш ва қайта ишлаш корхонаси барпо этилди. Замонавий таълим, тиббиёт муассасалари, иссиқхоналар қурилиб, турли зироатлар етиштириш, чорвачилик ва паррандачилик соҳаларини ривожлантириш, аҳолини арзон, сифатли уй-жой билан таъминлашга эътибор янада кучайди. Олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида жорий йилнинг дастлабки чорагида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ялпи ҳудудий маҳсулот 3,4, саноат 2, қурилиш 25,5, хизматлар 4,2 фоизга ошди.

Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятда 42 та лойиҳага 23,6 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилинди. Саноат соҳасида 16,2 миллион доллар, қишлоқ хўжалигида 3,62 миллион, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида 3,16 миллион доллар миқдорида хорижий инвестиция ўзлаштирилди.

Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи давомида Сариосиё туманидаги Тўполанг гидроэлектр станцияси, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли Сариосиё туманидаги Шарғун кўмир конида амалга оширилаётган ишлар ва бир қатор йирик корхоналар фаолияти билан яқиндан танишди. “Шарғункўмир” АЖни модернизация қилиш инвестиция лойиҳаси, Бойсун тошкўмир ва Шеробод туманидаги Кўҳитанг конларида кўмир қазиб чиқаришни ташкил этиш, Сариосиё тумани ва Шарғун шаҳарчасини 2019-2020 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди.

Вилоятимизда бу каби амалга оширилаётган катта лойиҳалар, инвестицияларнинг киритилиши, йирик корхоналарнинг барпо этилиши минглаб янги иш ўринларини яратилишига, аҳолимиз фаровонлигини таъминлашга, нафақат вилоятимизни балки, Ўзбекистон иқтисодиётини юксалтиришга катта хизмат қилади.

Партиямиз депутатлик гуруҳи аъзолари Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган топшириқларнинг ижросини таъминлашда ўз фаоллигини кўрсатади. Шу билан бирга вилоятимиз иқтисодий салоҳиятини ошириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, ҳудудларда янги ишлаб чиқариш корхоналари, тадбиркорлик субъектлари ташкил қилинишида хорижий инвесторларни жалб қилиш, янги инвестиция лойиҳаларнинг ҳар бири устидан қатъий депутатлик назоратини олиб боришда астойдил ҳаракат қилади.        

Алишер РЎЗИЕВ, O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси вазифасини бажарувчи:

Давлатимиз раҳбари Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида йирик лойиҳалар билан танишиш баробарида ҳудудларимиз аҳоли фаровонлигини таъминлаш мақсадида томорқаларда замонавий усулдаги иссиқхоналарни ташкил қилиш, мева-сабзавот маҳсулотларни етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва экспортини йўлга қўйиш ҳамда чорвачилик, паррандачиликни ривожлантириш борасида амалга оширилиши режалаштирилган янги лойиҳаларни ҳам кўздан кечирди, бу борада мутасадди ташкилотлар раҳбарлари олдига қатор устувор вазифалар белгилаб берилди.

Президентимиз Сариосиё ва Бойсун туманларида мева-сабзавот етиштиришни кўпайтириш, хонадонларда чорва боқишни кенг йўлга қўйиб, оилаларнинг ўзини ўзи таъминлашга ўтиши лозимлигини таъкидлади.

Шу билан бир қаторда барча мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, туман ҳокимликлари кичик-кичик инвестиция лойиҳаларини жалб қилиб, экспорт ва солиқ тушумини кўпайтириши лозимлиги, бу орқали эса ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича марраларимиз ва эришадиган натижаларимиз бугунгидан ўн карра баланд бўлишлигини алоҳида қайд этиб ўтдилар.

Сурхондарё вилоятида эртаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ва экспортга чиқариш, аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш, агросаноат кластери ташкил этиш ва бошқа қатор лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Бу борада O‘zLiDeP фаоллари ҳам республикамизнинг барча ҳудудларида ҳар бир хонадонларда бўлиб, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш борасида тизимли ишларни олиб боряпти. Энг чекка ҳудуд аҳоли вакиллари учун тажрибали томорқачилар иштирокида маҳорат дарслари, семинарлар ўтказиб келинмоқда.

Президентимиз томонидан томорқалардан самарали фойдаланиш борасида берилган топшириқлар ижросини таъминлашда партия вакиллари, депутатлик гуруҳлари, фаолларидан таркиб топган ишчи гуруҳлар бундан кейин ҳам тизимли равишда бу каби амалий ишларни олиб боришда астойдил ҳаракат қилади.

  • Кўрилди
    1206
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+