Ўзбекистон – Германия: мақсадлар ҳам, манфаатлар ҳам муштарак

30.05.2019, 12:02

Ўзбекистон – Германия: мақсадлар ҳам,  манфаатлар ҳам муштарак

Бугунги кучли рақобат шароитида жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари ҳақида гап кетар экан, шубҳасиз Германия биринчилар қаторида тилга олинади. Нега? Чунки, ушбу давлат кўплаб соҳаларда бошқаларга ўрнак бўлишга арзигулик ишларни амалга оширди, оширяпти. Айниқса, иқтисодий соҳада Иккинчи жаҳон уруши талофатларидан сўнг ҳақиқий мўъжиза ярата олди.  Айни пайтда мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ)нинг  ҳажми 3 триллион еврога тенглиги ҳам буни яққол кўрсатиб турибди.

Экспертларнинг фикрича, немис мўъжизаси замирида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка тўла эркинлик бериш ҳамда уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ғояси мужассамдир.  Эътиборга молик жиҳати, кичик бизнес вакилларининг асосий қисми оилавий тадбиркорлик йўналишида фаолият юритади. Аҳолининг 70 фоизи айнан шу соҳада банд. Ушбу сектор мамлакат солиқ ҳажмининг 41 фоизини, ялпи ички маҳсулотнинг эса тенг ярмини қоплайди. Агар яқин тарихга назар ташласак, ХХ асрнинг 50-60 йилларида Германияда яратилган жами ишчи ўринларининг деярли тенг ярми кичик бизнес ҳиссасига тўғри келганини кўриш мумкин. 1978 йилга келиб, ҳукумат бундай натижалардан ҳам қониқмай  хусусий бизнесни қўллаб-қувватловчи жамғармаларни рағбатлантириш дастурини ишлаб чиқди. Бу билан тадбиркорларга кам фоизли ҳамда узоқ муддатли кредитлар олиш имконияти яратилди.

Шу ўринда маҳаллий ишбилармонларнинг аксарияти ахборот технологиялари, биолабораториялар ва коммуникация воситалар каби юқори билим ва илмий салоҳият талаб этувчи соҳаларда банд эканини қайд этиш жоиз. Бош­қача айтганда, немис тадбиркорлари, асосан, инновацион йўналишларда фаолият олиб боришади. Маълумотларга қараганда, 80-йиллар бошида мамлакат савдо-саноат палатаси қошида технологик трансферт­ (инновацияларни рағбатлантиришнинг асосий шакли бўлиб, техник ва савдо нуқтаи назаридан технология ва ноу-хау сотиш жараёни)ни рағбатлантириш комиссияси ва маслаҳат марказлари ташкил этилган. 90-йилларга келиб эса технопаркларга кенг йўл берилиб, кичик компанияларни имтиёзли қўллаб-қувватлаш учун дастурлар қабул қилинган. Айни пайтда ҳам кичик инновацион бизнес давлат томонидан изчил қўллаб-қувватланяпти. Уларда технологик марказлар ва илмий текшириш институтлари ташкил этилганини, махсус транспорт тизими йўлга қўйилганини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз.

Шу жиҳатдан олиб қараганда, Германия Федератив Республикаси Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг мамлакатимизга уюштирган расмий ташрифи биринчи навбатда кичик бизнес соҳасида инновацион ишланмаларни ўзлаштириш ва бу борада икки мамлакат ишбилармон доираларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтиришга хизмат қилади. Иккинчи томондан юртимизга Германия инвестициялари ва технологияларини жалб этиш, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни нафақат Марказий, Шарқий ва Жанубий Осиё давлатлари, балки дунё бозорларига таклиф этиш имкониятлар эшигини очади. Иқтисодчи экспертлар фикрича, бунинг учун Ўзбекистонда ривож­ланган саноат, юқори малакали ишчи кучи, бой хомашё базаси ва энергия ресурлари мавжуд. Шу билан бирга эркин иқтисодий зоналарда имтиёзли солиқ ва божхона тартиблари амал қилади. Қолаверса, ЯИМнинг юксак ўсиш суръати – йилига 5 фоиздан ортиқлиги Ўзбекистоннинг энг катта афзаллиги ҳисобланади. Бир сўз билан айтганда, Германия тадбиркорлари томонидан хизмат кўрсатиш тўпламлари таклиф этилиши ҳамда бу йўналишда ўқитиш ва илғор тажрибани ўзлаштириш нафақат Ўзбекистон балки Германия учун ҳам бирдек манфаат келтиради.

Дилшод ШОУМАРОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси 

раиси ўринбосари

  • Кўрилди
    248
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+