Сайлов кодекси кучга кирди

27.06.2019, 12:38

Сайлов кодекси кучга кирди

Сир эмас, эркин, шаффоф ва очиқ сайлов тизими ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятининг муҳим белгиларидан саналади. Негаки, айнан сайловлар орқали фуқаролар давлат ва жамият бошқарувида бевосита қатнашади. Шу боис, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи фуқаронинг энг муҳим сиёсий ҳуқуқларидан бири десак муболаға бўлмайди.

Фуқаролар сайлов ҳуқуқини таъминлаш, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш Ўзбекистон тараққиётининг навбатдаги босқичида ҳам муҳим вазифалар сифатида қаралиб, Президентимиз томонидан 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномада Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вазифасини қўйилганди. Ўтган давр мобайнида сайлов кодекси лойиҳасини ҳар томонлама такомиллаштириш борасида қизғин ва фаол иш олиб борилди.  Зотан, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Сайлов жараёнларида барчамизнинг, аввало, дунёқарашимиз, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятимиз, гражданлик позициямиз яна бир бор намоён бўлади”.

Хусусан, Сайлов кодекси лойиҳаси устида ишлаш жараёнида 20 дан ортиқ хорижий мамлакатнинг ушбу соҳадаги амалий тажрибаси пухта ўрганилди. Лойиҳа жамоатчилик, экспертлар, илмий доиралар,  амалиётчилар, мутахассислар ҳамда халқаро ташкилотлар экспертизасидан ўтказилди. ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси, Венеция комиссияси, МДҲ Ижроия қўмитаси ва бошқа халқаро ташкилотларнинг хулоса ва фикрлари олинди ва якунда 18 боб, 100 моддадан иборат сайлов кодекси қабул қилинди.

Сайлов кодексининг қабул қилиниши сиёсий ҳаётимизда муҳим аҳамиятга ­эга бўлган сайлов қонунчилиги ва амалиётининг ҳозирги ҳолати билан бевосита боғлиқдир. Яъни бугунгача бу борада қабул қилинган қонунлар ва бир қатор қонуности ҳужжатлари яхлит бир ҳужжат шаклига келтирилмаган эди. Бугунгача мамлакатимиз сайлов қонунчилиги 5 та қонун билан тартибга солиниб, бу эса ҳуқуқни қўллашда бир қатор мураккабликлар туғдираётганди. Яъни сайловларга ­доир ана шу бешта қонуннинг барчасида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари билан боғлиқ деярли бир хил нормалар такрорланган. Бундан ташқари, сайлов жараёни ва уни ўтказиш тартиб-тамойиллари ва қоидаларининг кўпчилиги қонун даражасида эмас, балки Марказий сайлов комиссиясининг низом ва йўриқномалари билан тартибга солинарди. Ўз-ўзидан аёнки бу - Президентимиз олдимизга қўйган, яъни қонунлар тўғридан-тўғри ижро этиладиган бўлиши керак, деган муҳим талабга зиддир. Сайлов кодексининг кучга кирганлиги сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ягона кодекс сифатида тизимлаштириш, бирхиллаштиришга хизмат қилмоқда. 

Мазкур Сайлов кодексида катта ижтимоий хавфи бўлмаган жиноятлар ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларнинг сайловда иштирок этиши бўйича чекловлар олиб ташланди. Бундан ташқари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига номзодлар кўрсатиш тартиби бекор қилинмоқда. Шу тариқа сиёсий партиялар халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига номзодлар кўрсатишда мутлақ ҳуқуққа эга бўлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхати амал қилиши тартиби қонунчилик даражасида тартибга солинмоқда, бу сайловчини “битта сайловчи – битта овоз” принципи бўйича фақат битта сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби татбиқ этилишини таъминлайди. Қолаверса, сайловчиларнинг Ягона электрон рўйхатини жорий қилиш қоидалари қонун билан тартибга солинади, ягона ҳужжатни жорий қилиш орқали “Сайлов варақаси” деган тушунча бекор қилиниб, сайлов бюллетенида муддатидан олдин овоз бериш ва сайлов куни овоз беришда асосий ҳужжат сифатида фойдаланиш мумкин бўлади. 

Сайлов кодексида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, ташкилотлар томонидан участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш тартиби белгиланди. Номзодлар туман, шаҳар Кенгашлари мажлисларида муҳокама этилади ва округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия қилинади.

Масаланинг яна бир аҳамиятли жиҳати Сайлов кодексида сайлов комиссияси аъзоларига қўйиладиган талаблар мустаҳкамланмоқда. Яъни йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар сайлов комиссияларининг аъзолари бўлиши мумкинлиги белгилаб қўйилмоқда. Бунда сайлов комиссияси аъзолари бошқа сайлов комиссияси, сиёсий партиялар аъзолари бўлиши мумкин эмас. Ҳокимлар, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари, номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишончли вакиллари, номзодларга бевосита бўйсунадиган шахслар сайлов комиссиялари таркибида бўлишига йўл қўйилмайди.

Бир сўз билан айтганда, пишиқ ва пухта қарорлар асосида қабул қилинган Сайлов кодексига киритилган янги нормалар демократик принцип ва халқаро қоидаларга тўла мувофиқ бўлиб, бугунги замон талабларига мос ва хос бўлган сайлов тизимининг вужудга келишига замин яратади.

Қаҳрамон ЭРГАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги

O`zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    280
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+