Мақтанишга арзигулик ютуқларимиз кўп

22.08.2019, 09:40

Мақтанишга арзигулик ютуқларимиз кўп

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида жорий йилнинг 20-21 август кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари ўз ташрифини Мўйноқ туманидан бошлади. Бу ерда Амударё дельтасида кичик сув ҳавзаларини барпо этиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди. Мазкур лойиҳа 2019-2022 йилларга мўлжалланган бўлиб, сув ҳавзаларини самарали бошқариш орқали ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилашга қаратилган. Президентимиз ҳудудда чорвачилик ва балиқчиликни ривожлантириш орқали иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадини кўпайтириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг Мўйноқ туманини иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, Орол  фожиасидан азият чеккан аҳолининг ҳаётини яхшилаш борасида илгари сурган ташаббуси доирасида кейинги йилларда туманда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Қисқа вақт ичида қатор объектлар фойдаланишга топширилди. Жумладан, 800 ўринли амфитеатр ва давлат хизматлари маркази қурилди, маданият маркази ва стадион, “Бозатау” овул фуқаролар йиғинидаги оилавий поликлиника реконструкция қилинди.

“Мўйноқ порлоқ текс” МЧЖ жорий йил июль ойида тикувчилик корхонаси ташкил этиб, 350 кишини иш билан таъминлади. Замонавий тикув машиналари ўрнатилган янги корхона йилига 1 миллион дона тайёр тикувчилик ва трикотаж маҳсулоти ишлаб чиқариш қувватига эга. Ҳозирги кунда чойшаб, кўрпа жилдлари ва махсус иш формалари тикилмоқда. Шу ерда савдо дўкони ташкил этилган. Янги қурилаётган уйлардан корхона ишчилари учун хонадонлар ажратилган. Давлатимиз раҳбари корхона фаолияти билан танишиб, ишчи-ходимлар билан дилдан суҳбат қилди. Корхона фаолиятини кенгайтириш, маҳсулот турини кўпайтириш бўйича мутасаддиларга тегишли тавсиялар берди. Бу ўз навбатида, O‘zLiDeP электорати вакиллари олдига ҳам катта масъулият юклайди. Чунки аҳолини тадбиркорликка жалб этиш орқали янги иш ўринлари яратиш, хотин-қизлар ва ёшларни иш билан таъминлаш партиямизнинг бирламчи вазифасидир. 

Бир пайтлар Мўйноқ тумани балиқчилик саноати билан ҳам машҳур бўлган. Президентимиз ўтган йилги сафари чоғида мавжуд сув ҳавзаларида балиқчиликни қайта тиклаш ва ривожлантириш, шу орқали аҳолини барқарор даромад билан таъминлаш бўйича тавсиялар берган эди. “Мўйноқ аква саноат” корхонаси ана шу ташаббуснинг амалий натижасидир. Лойиҳа қиймати 20 миллиард сўм бўлган ушбу корхона келаси ой ишга туширилади ва йилига 4 минг тонна балиқни қайта  ишлаш қувватига эга бўлади. 200 тонна дудланган балиқ, 780 тонна қийма, 400 тонна филе, 9 миллион дона консерва ишлаб чиқаради. Айни пайтда корхона биноси қурилиши якунланиб, технологик ускуналар ўрнатилмоқда. Президентимиз корхонанинг салоҳияти, бу ерда тайёрланадиган маҳсулот турлари ва уларни экспорт қилиш имкониятлари билан танишди. Балиқ консерваларини кўпайтириш ва савдосини кенгайтириш, иш ўринларини ошириш юзасидан зарур кўрсатмалар берди.

Хуллас, бугун Мўйноқда улкан ишлар амалга оширилмоқда. Олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида кетганда, мақтанишга арзигулик ютуқларимиз жуда кўп. Буни қурилаётган корхоналар, маданий-маиший муассасалар мисолида ҳам кўриш мумкин.

 Абдижаббар ТЛЕЎОВ,

Халқ депутатлари Мўйноқ

туман Кенгашидаги

O‘zLiDeP депутатлик

гуруҳи аъзоси  

  • Кўрилди
    958
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Билдирилган фикрлар

Жовлиев Улуғбек O`zLiDeP Қашқадарё вилояти Маъмурий-хўжалик ишлари бўлими мудири2019-08-26 10:40:32

To`g`ri hozirda qilayotgan ishlarimizdan qancha maqtansak kam, lekin kamchiliklarimiz ham yetarli. Biz ushbu yutuqlarimizdan havollanmay qolgan kamchiliklarga ko`z yumasdan olib borayotgan siyosatimizni yanada kuchaytirishimiz zarur.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+