Таълим-тарбия жамият тараққиётини белгиловчи омил

27.08.2019, 17:39

Таълим-тарбия жамият тараққиётини белгиловчи омил

Кейинги йилларда мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Кўп натижаларга эришилди ҳам. Аммо шунга қарамай ҳали-ҳануз таълим-тарбия тизими ҳозирги замон талабларидан орқада қолаётганлиги, бу соҳада кўплаб камчиликлар, муаммолар борлиги халқимизни ўйлантириб келаётган эди.

Жорий йилнинг 23 август куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида айнан шу масала атрофлича муҳокама қилинди. Бу оддий йиғилиш эмас, балки миллатга, халққа мурожаат бўлди. Мурожаатда юртбошимиз мамлакатимиз таълим тизимининг ҳозирги ҳолати, тизимда йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар ҳақида тўхталиб, мактабгача, ўрта ва олий таълим муассасаларидаги таълим-тарбия жараёни замон талабларидан орқада қолаётганлигини танқидий руҳда очиб берди.

Президентимиз йиғилишда мактаб таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу борада олдимизда турган долзарб вазифалар ҳақида сўз юритар экан, улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактабдир” деган фикрини алоҳида таъкидлаб, бу масаланинг моҳияти ва аҳамиятига атрофлича тўхталди.

Шунингдек, ўқитувчининг мақоми ва нуфузини ошириш, ҳуқуқлари ва имтиёзларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Бу бежиз эмас, чунки 2030 йилда Ўзбекистонни энг ривожланган 50 та давлат қаторига киритиш мақсад қилиб қўйилган. Ўша даврда бугун мактаб партасида ўтирган ўқувчиларимиз мамлакат, давлат, жамиятга хизмат қиладиган баркамол авлод бўлиб камол топади, демак, мамлакат тақдири, келажаги бугун мактабда ҳал бўлаяпти.

Давлатимиз, халқимиз ва миллатимиз тақдири устоз-мураббийларга боғлиқ. Демак, ёшларга таълим-тарбия берувчи ўқитувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш барча вазирликлар, маҳаллий ҳокимликлар ва жамоатчиликнинг энг муҳим вазифасига айланиши керак.

Ойбек ДЖУМАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати, 

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1940
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Билдирилган фикрлар

Samidillo2019-09-05 11:41:27

Дарҳақиқат, сифатли ва замонавий таълим орқалигина камбағаллик ёки кам таъминланганлик тушунчаларини лексиконимиздан бутунлай чиқариб ташлашимиз мумкин, бошқа йўл йўқ!!!


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+