Прогрессив ислоҳот: кадрлар сиёсати ва давлат хизматида шаффоф тизим яратилади

07.10.2019, 10:57

Прогрессив ислоҳот: кадрлар сиёсати ва давлат хизматида шаффоф тизим яратилади

Нега “Ҳамма нарсани кадрлар ҳал этади” деган жумлага тез-тез тўқнаш келамиз. Ёки олимларнинг турли анжуманларга боришни ёқтириши ва уларнинг мазкур анжуманлардан янада ақллироқ бўлиб қайтишларининг асосида нима ётибди, деган савол ҳар биримизда бўлиши табиий. Негаки, илмли одамларнинг бир жойга тўпланиши ақл майдонини яратади ва ушбу майдон ичига тушган одам бошқаларнинг кўз ўнгида фикрлари чархланиб, яхши ғояларни кашф этишлари мумкин. Бироқ, ақлий майдон ақлсиз тебратишлар таъсирида осонгина парчаланиб кетиши ҳам осон. Ана шу майдонга бир неча нафар ақлсиз, ўз фикрини “фикри мутлақ” деб ҳисоблайдиган - илмсиз, тадбирсиз, маданиятсиз, иқтидорсиз, масъулиятсиз, ўз устида изланмайдиган, замон билан ҳамнафас қадам ташламайдиган шахсларни кириб қолиши ақл майдонини ичидан емириши ва уни адо этиши мумкин. Агар ўша шахслар кўпроқ тўпланса, улар ўз ақлсизлар майдонини яратиш орқали билиб билмай давлат ва жамият ривожига-да салбий таъсир этиб қўйиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Бу борада дунё амалиётидаги таҳлиллар шуни кўрсатадики, раҳбар кадрларни танлаш тизимида ёки юқори раҳбарлик мансабларига бу вазифаларга жавоб бера олмайдиганларни тайинлаш, танлаш охир оқибат бошқарув тизимни издан чиқариши мумкин.

Яқин тарихдан маълумки, айрим мамлакатлардаги бошқарув тизими лавозимларига аввало, ҳамкасблари орасида обрўси бўлмаган ва ҳурмат қозонмаган, ўртамиёна, иқтидорсиз ва ютуқларга эришмаган кадрларнинг ялпи тарзда қўйилиши, уларнинг хомийларига бутунлигича ва тўла итоаткор бўлишига ўрғу берилганлиги, шунингдек, ўша шахсларни салбий ички сирларни асрашни билиши, калтабинлиги, аммо ўзига ишончи катталиги, сохта фаоллиги, қўрқоқлиги, эътироз билдирмаслиги, очкўзлиги, бундай вазифаларга эти қотган “хўжалик одамлари”нинг тўпланганлиги, улар асло ишни яхшилашда ўзининг маълум бир фикр эгаси бўлмаганлигига одатий ҳолатдек қарашлар устувор бўлганлиги кузатилган.

Бу эса ўша тизимга ишлаш учун атайин йўлга қўйилган аччиқ сабоқларидан хулоса чиқариш ва кадрлар сиёсатида шаклланиб, қотиб қолган  қобиқдан чиқиш, замон билан ҳамнафас бўлиш, бу борада тараққий этган давлатлар тажрибасини иккиланмай давлат хизматлари тизимига имплементация қилишдек, вазифани кун тартибига қўяётган эди.

2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг  давлат бошқарувида мутлақо янги, самарали ва сифатли фаолият тизимини яратишга қаратилган йўналишлар асосида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясига ҳамоҳанг тарзда қабул қилинган Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони айнан биз юқорида айтган кун тартибидаги масалани ечиш мақсадида қабул қилинган десак, асло муболаға бўлмайди.

Фармонга мувофиқ, эндиликда давлат бошқаруви ва давлат хизматларида ваколатли - Президент ҳузурида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Кадрларни танлаш ва давлат хизматини такомиллаштириш билан алоҳида танлов, меритократия ва мансаб модели йўлга қўйилмоқда. Бу эса, энг муносиб ва қобилиятли шахсларни уларнинг касбий фазилатлари ва алоҳида хизматларига адолатли ҳамда объектив баҳо бериш асосида давлат хизматига қабул қилишни назарда тутадиган меритократия принципини қўллаш демакдир.

Шунингдек, давлат хизматида «мансаб модели»ни жорий этиш, бунда мансаб даражаларидан босқичма-босқич ўтиш, кадрлар малакасини мунтазам ошириб бориш, давлат хизматига очиқ мустақил танлов асосида қабул қилиш, бу номзоднинг барча устунликлари ва афзалликларини, шу жумладан унинг ахлоқий ва ватанпарварлик фазилатларини холисона баҳолаш имконини беради. Бу - давлат хизматчиларига иш ҳақи тўлашнинг ягона тизимини жорий этиш, давлат органлари ва ташкилотларида кадрларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жалб қилиш, самарали ижтимоий кафолатлар тизимини жорий этиш, шунингдек, давлат хизматчиларининг касбий маҳорати ҳамда уларнинг фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган рағбатлантиришнинг замонавий тизими ҳаётг тадбиқ этилади деганидир.

Албатта ушбу фармон ва унда белгиланган вазифалар партиямизнинг дастурида қайд этилган давлат бошқарувида ислоҳотларни амалга оширишдаги иштирокимизни таъминлаш, давлат аппаратининг жамиятдан узилиб қолиш ҳолларини, унинг фаолиятидаги тўрачилик ва бошқа салбий кўринишларни бартараф этиш, давлат бошқаруви тизимини чуқур ва изчил ислоҳ қилиш, давлат органлари устидан самарали жамоатчилик назоратини шакллантириш, кўпсонли назорат органларини қисқартириш, мансабдор шахслар орасида коррупция ва лавозимни суистеъмол қилиш ҳолларига қарши изчил чора-тадбирлар амалга ошириш каби мақсад вазифларига ҳамоҳангдир. Партия бу борада ижро органлари ваколатларининг қонуний жиҳатдан аниқ белгиланиши, давлат тузилмаларига профессионал кадрлар соҳасининг етук билимдонлари, юқори малакали иш юритувчилар келишини таъминлайдиган тизим яратиш керак, деб ҳисоблайди.

Шунингдек, партия ўз дастурида давлат хизматчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ваколат доираси ва фаолияти тамойилларини, аниқ белгиланган кадрлар сиёсатини шакллантириш ҳамда амалга ошириш мезонларини назарда тутган давлат хизмати ҳақидаги қонунчиликни такомиллаштиришни таклиф этмоқда.

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ушбу фармон давлат бошқаруви ва давлат хизматлари соҳасини тубдан такомиллаштириш, бу борада кадрларни танлаш ва тайинлашнинг очиқ, ошкора, шаффоф тизимини, бугун мавжуд бу борадаги энг тараққий этган давлатлар тажрибасини амалга тадбиқ этишга хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, ҳуқуқий асоси белгилаб берилган ушбу тизим давлат бошқаруви ва давлат хизматларини ривожлантиришда янада мустаҳкам ақлли майдонни  яратади. Ўз навбатида илмий салоҳиятга асосланган ақлли майдон эса, янги ва қудратли Ўзбекистонни қўришда ҳал этувчи омилларнинг биринчи қаторида тарихдан муносиб ўрин олиши шубҳасиз.

Нуриддин Муродов,

OꞌzLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия

 Қўмитаси котибият мудири

  • Кўрилди
    163
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+