Янги Ўзбекистон феномени

02.11.2019, 16:00

Янги Ўзбекистон феномени

O‘zLiDeP назарида унинг  асосий мезонлари ва устувор

парадигмалари нималардан  иборат?

Ота-боболардан қолган уйни янгилаш, эскилари ўрнида янгисини тиклаш ривожланиши ва фаровонликни истовчи одамзоднинг барча авлодларига хос табиий хусусиятдир. Бутун инсоният тарихининг энг асосий ҳаётбахш тамойилларидан бирини ифодалайдиган бундай ўзгариш эҳтиёжи, янги ижтимоий маконни бунёд этиш жараёни улкан натижаларга сабаб бўлган юксалиш ва тараққиёт даврларининг асосий қонуниятларидан бирига айланган.

Ана шундай эзгулик ғоялари устувор бўлган даврларда асрлар силсиласидан омон қолган осори-атиқалар, тарихий обидалар қайта тикланади ва таъмирланади, иншоотлар қурилади, муаззам бинолар қад кўтаради, боғу роғлар барпо этилади. Натижада, юрт янгиланади, Ватан ўзгача чирой очади, мамлакат кўркам қиёфага эга бўлади. Энг асосийси, бу жараёнда одамлар ўзгаради, янги авлод вояга ета бошлайди, янгича тафаккур ва янги турмуш тарзи шаклланади.

Бугун биз, худди ана шундай бир даврда, Президентимиз ­Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ­Ўзбекистоннинг янги қиёфаси шакл­ланаётган, ҳаётимизнинг барча соҳаларида Ҳаракатлар стратегиясининг тамойиллари амалга оширилаётган, том маънода мутлақо Янги Ўзбекистон қурилаётган замонда яшамоқдамиз.

Энг муҳими, жамиятнинг ривожи ва камоли учун тер тўкиб, меҳнат қилиши кўзда тутилаётган халқ вакилларига сайловлар арафасида турибмиз. Бу жиҳатдан ушбу жараённинг асосий шиори “Янги Ўзбекистон, янги сайловлар” деган эзгу ғояга таянгани ҳам асло бежиз эмас.

Шу муносабат билан кейинги пайт­ларда ушбу мавзу баъзи олимлар ва мутахассислар, тарғиботчи ва ташвиқотчилар, масаланинг турли жиҳатларига эътибор қаратаётган ОАВ вакиллари ҳамда ижтимоий тармоқдаги айрим қизиқувчиларнинг диққат-эътиборини ўзига жалб қилмоқда. Улар методологик характердаги долзарб масалаларга ҳам дуч келмоқдалар. Хусусан, “Янги Ўзбекистон” тушунчаси нимани ифодалайди? Уни барпо этишнинг энг асосий мезонлари, ҳаётий йўналишлари ва тараққиёт тамойиллари нималардан иборат? Ушбу йўналишда инсоният тўплаган тажрибалар ва улардан фойдаланишда нималарга алоҳида эътибор қаратиш лозим? Айни йўналишдаги инкор ва ворислик, ўзгаришлар ва янгиланишлар жараёни юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва амалий фаолиятда қандай акс этмоқда? каби саволларга жавоб изланмоқда.

Бундай долзарб саволларга дабдурустдан жавоб бериш қийин, албатта. Шу тобда, бизнинг асримиз арафасида энг ривожланган мамлакатлар қаторидан ўрин олган айрим Осиё давлатларининг қўлга киритган ютуқларига доир ҳаётий далилларни ижодий ўрганиш ушбу саволларга жавоб излашда қўл келиши мумкин.

Мана бир мисол. 2006 йили O‘zLiDeP фаолларидан бир гуруҳи Жанубий Кореяда бўлиб ўтган ва Осиёнинг 50 дан ортиқ мамлакатидан 90 га яқин партиялар вакиллари иштирок этган анжуманда қатнашган эди. Бир ҳафта давомида ушбу мамлакатнинг қатор жойларида бўлдик, унинг тараққиёт даражаси, халқининг шукуҳи, юрт қиёфасидан ҳайратга тушдик.

Бизни лол қилган Янги Корея 50 йил илгариги юпун, хароб мамлакат эмасди. Бу – бизга эски китоблардан маълум бўлган, ўз бошидан кўплаб истилоларни ўтказган, маънавий эзилган ва халқининг руҳи сўндирилган қолоқ бир давлат эмас эди. Биз кўрган Янги Корея XXI асрнинг энг қудратли ва ривожланган давлатларидан бири даражасига етган, фикр эркинлиги ва ғоялар ранг-баранглиги, кўпмулклилик ва кўппартиявийлик, демократик тамойиллар устувор аҳамият касб этган қудратли мамлакат эди.

Биз ҳалигача ўша сафарда иштирок этган партиядошларимиз билан Янги Кореяни яратган ислоҳотчи халқнинг маънавий руҳи, ижтимоий қиёфаси, сиёсий тараққиёт даражаси, иқтисодий ўсиш суръатларини ёдга оламиз. Унинг бир кунда, тасодифан ва ўз-ўзидан оддийгина бунёд бўлмаганига такрор ва такрор амин бўламиз.

Қадрли партиядошлар, ушбу манзарада, яъни Янги Кореянинг бунёд бўлиши мисолида юртимизда бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиланишлар билан ажиб бир уйғунлик борлигини англаяпсизми?

Аслида, XX аср сўнгига келиб ривож­ланган давлатлар даражасига етган кўплаб мамлакатлар ана шундай сермашаққат ислоҳотлар ҳамда ўзгаришлар йўлидан борган ва Япония, Корея, Хитой, Сингапур каби янги “дунё мўъжизалари”ни яратганлар. Тўғри, эндиликда уларнинг номига “янги” сўзини қўшиб айтишмайди ва бу шарт ҳам эмас. Чунки у жойларда янгилик бугунги воқеликка айланган, халқнинг маънавий қиёфаси, фаровонлиги ва кундалик ҳаётининг мазмун-моҳиятини ташкил қилади.

Ҳозирги кунга келиб, бизнинг мамлакатимизда ҳам ўз умрини яшаб бўлган эски парадигмалар чекиниб, янги давр бошланди, янги воқелик бўй кўрсатмоқда. Улкан имкониятлар, шиддатли ислоҳотлар даври келди. Янги Ўзбекистоннинг энг муҳим парадигмалари, устувор тамойиллари ва амалий ҳаёт мезонлари мамлакатимиз Президенти асарлари ва маърузалари, қарор ва фармонларида ўз аксини топмоқда.

Улар қуйидагилардан иборат:

– аввало, бутун мамлакатда ислоҳотлар ва янгиланишларнинг кенг кўламда амалга оширилаётганлиги, энг муҳими, рақобатбардош ва ташқи олам учун очиқ ижтимоий-иқтисодий маконни барпо этиш, барқарор ривожланишни таъминлаш каби парадигмаларга асосланадиган Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси халқимизнинг барча қатламлари томонидан қўллаб-қувватланаётгани ва унинг бу ғоя атрофида жипслашаётгани;

– ушбу жараённинг дастурил­амали бўлган, мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини тўлиқ амалга ошириш масъулиятининг бутун халқимиз томонидан чуқур ҳис этилаётгани, ушбу мақсад йўлида аҳолининг барча қатламлари, ҳокимиятнинг вакиллик ва ижро органлари, фуқаролик институтларининг имкониятлари ишга солинаётгани: жамият қурилиши ва давлат бошқаруви тубдан ўзгариб, “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган умуминсоний тамойилга амал қилинаётганлиги;

– мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади инсон, унинг ҳаёти, қадр-қиммати, эҳтиёжлари ва манфаатларига қаратилганлигини, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари том маънода асл қадриятга айланаётгани ва ўзгаришлар ҳамда янгиланишларнинг асл мақсад ва муддаоларни ифодалаётгани;

– “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” тамойили асосида барчанинг мулк ҳуқуқини ҳурмат қилиш, шахс, жамият ва давлат манфаатлари уйғунлиги жорий этилган кучли фуқаролик жамияти, конституциявий парламент демократияси, эркин бозор иқтисодиётининг мамлакатимиз ва халқимиз равнақининг асосига айланётгани;

– Ўзбекистонни эркин ва бахтли одамлар яшайдиган қудратли ва салоҳиятли давлатга айлантириш, бу борада замонавий технологияларни жалб этган ҳолда турмушнинг юқори даражасига эришиш, мамлакатимизни дунёнинг 50 та ривожланган, иқтисодиёти барқарор ўсаётган, инсон капитали юқори бўлган рақобатбардош демократик давлатлари қаторига киришини таъминлашга ҳаракат қилинаётгани;

– бугунги дунёнинг кўплаб мамлакатлари “тўртинчи саноат инқилоби” арафасида турган бир пайтда Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини ошириш, мамлакатнинг инновацион ривожланиш йўлидан жадал ҳаракатланиши, “билимлар иқтисодиёти”, “рақамли иқтисодиёт”, “эркин ахборот жамияти” ҳамда инсонпарвар “ахборот майдони”ни шакллантирилаётгани;

– Янги Ўзбекистонни барпо этаётганларнинг навқирон авлоди, юқори фуқаролик масъулияти ва замонавий дунёқарашга эга баркамол ёшлар ҳаётга кириб келаётган бугунги кунда уларга муносиб ҳаёт шароитларини, инновацион таълим ва умуминсоний тамойилларга асосланадиган миллий тарбия муҳитини ва унинг самарали тизимининг яратилаётганлигидир.

Буларнинг барчаси янги жамиятни барпо этиш йўлидаги ислоҳотларнинг ортга қайтмаслиги, бу йўлдан қатъият ва собитқадамлик билан борилаётганини англатади.

Янги Ўзбекистон ана шундай серқирра ислоҳотлар жараёнида барпо бўлмоқда, унинг замонавий қиёфаси шаклланиб бормоқда. Лекин бу осонгина амалга ошмаслиги, унинг биноси бир кунда тикланиб қолмаслиги аниқ.

У тасодифий ҳодиса, жўнгина дунё­га келадиган ва ўткинчи бир ижтимоий воқелик эмас, албатта. Бу жиҳатдан, у Президентимиз раҳбарлигида, ҳаётбахш ғоялар асосида, халқимизнинг қалб қўри ва фидокорона меҳнати эвазига дунёга келмоқда.

Шу муносабат билан, инсоният тарихи ва халқлар тараққиётининг бир қонунини эсдан чиқармаслигимиз лозим. Унга кўра, даврлар ўтади, одамлар қолади. Уларнинг орасида янгиликка интилувчилар, ислоҳотларга дахлдорлигини чуқур ҳис этувчи ва омилкор иштирокчисига айланганлар кўпчиликни ташкил қилади. Лекин эскилик қон қонига сингган, бутун вужуди билан янгиликка қарши бўлганлар, ўтмишни қўмсайдиган ва унинг қайтишини истайдиган айрим консерваторлар ҳам сақланиб қоладилар.

Афсуски, бугунги давр ҳам бундан мустасно эмас. Бундай консерваторлар ислоҳотлар ва янгиланишларга очиқдан очиқ қарши чиқмайдилар. Балки уни ичдан бузиш, обрўсизлантиришга уринадилар. Бу йўлда мўмай пул илинжидаги айрим “қаламкашлар”, узоқ-яқиндаги аламзада “назариётчи” ва “амалиётчилар”, баъзи оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларга ёпишиб олган ғўр ва тажрибасиз “ОАВ юлдузлари”ни қўлга оладилар. Арзимаган нарсалардан, яъни “пашшадан фил”, кичик бир ҳодиса ёки жузъий камчиликлардан фожиа ясашга, баъзи бир уқувсиз раҳбарларнинг билиб-билмай йўл қўйган хатосидан бутун Ўзбекистонни, ҳукуматни обрўсизлантириш, ислоҳотлар жараёнини қоралашга, уни ортга қайтаришга ҳаракат қиладилар.

Лекин халқимиз улар ўйлаган йўлдан бормайди, ислоҳотлар жараёни энди ортга қайтмайди! Тобора янгиланаётган мамлакатимизда очиқлик ва ошкоралик, шаффофлик замони, юксак марраларни кўзлаган тараққиёт даври бошланди. Ҳақиқий ватанпарвар, эркинлик ва халқпарварлик туйғулари қалб нидосига айланган фаол одамларга эҳтиёж пайдо бўлди.

Бу эса, ўз навбатида, барчамизнинг зиммамизга бугунги давр талабларидан келиб чиқадиган улкан масъулият юклангани ва ҳар биримизнинг бу эҳтиёжни англашимиз зарурлигидан далолат беради.

Қиём НАЗАРОВ,

фалсафа фанлари доктори,

профессор

  • Кўрилди
    1688
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+