O‘zLiDeP сайловнинг якуний натижалари юзасидан брифинг ўтказди

07.01.2020, 09:58

O‘zLiDeP сайловнинг якуний натижалари юзасидан брифинг ўтказди

Жорий йилнинг 6 январь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг сайловлардаги иштироки ва якуний натижалар юзасидан брифинг бўлиб ўтди.

Унда оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ва блогерлар иштирок этди.

Брифингда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов бугун Марказий сайлов комиссияси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловнинг якуний натижалари эълон қилинганини айтиб, мазкур сиёсий жараён мутлақо янги шароитда, халқаро стандартларга мос Сайлов кодекси асосида ўтганини таъкидлади.

Қайд этилганидек, сайлов жараёнларида сиёсий партияларга яратилган тенг имкониятлар, уларнинг ўзаро соғлом рақобатлашуви, фуқароларнинг фаоллиги юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг том маънодаги амалий тасдиғи бўлди. Сайловлар “Янги Ўзбекистон — янги сайловлар” шиори остида ўтказилгани ҳам халқимизни келажакка ишончини намоён этиб, олиб борилаётган янгиланиш жараёнларининг ортга қайтмаслигини кўрсатди.

2019 йил 22 декабрдаги сайловда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 125 та округдан 42 тасидан O‘zLiDeP номзодлари депутатликка сайланган эди. Жорий йил 5 январдаги Қонунчилик палатасига такрорий овоз бериш белгиланган 25 та округдан 15 тасида партиямиз номзодлари иштирок этиб, шундан 11 таси депутатликка сайланди. Натижада Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида энг кўп – 53 та ўринга эга бўлди.

Шунингдек, брифингда партия етакчиси маҳаллий кенгашларга ўтказилган сайловларда ҳам яққол устунлик O‘zLiDePда эканини эътироф этиб, эришилган натижа билан барчани самимий табриклади.

“Партиямизга, номзодларимизга билдирилган ишонч аввало давлатлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган ислоҳотларни халқимиз қўллаб-қувватлаётгани натижасидир. Чунки партиямиз сайловларда амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, “Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз”, “Давлат ҳам, ислоҳотлар ҳам инсонга хизмат қилиши керак” деган шиорлар билан сиёсий майдонда кураш олиб борди”, – деди O‘zLiDeP раҳбари А.Хаитов.

Брифинг якунида партия етакчиси сайловларда O‘zLiDeP номзодларини қўллаб-қувватлаган юртдошларимиз, хайрихоҳларимизга, қолаверса, сиёсий жараёнларни холис ёритиб борган оммавий ахборот воситалари, журналист ва блогерларга самимий миннатдорлик билдирди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    333
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+