O‘zLiDeP Бош вазир лавозимига А. Арипов номзодини кўрсатиш борасида қарор қабул қилди

20.01.2020, 09:07

O‘zLiDeP Бош вазир лавозимига А. Арипов номзодини кўрсатиш борасида қарор қабул қилди

2020 йил 18 январь куни Тошкент шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда партиянинг фаоллари, депутатлар, Нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, шунингдек, партиянинг ҳудудий кенгашлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси А.Хаитов олиб борди.

У ўз сўзида 2019 йил 22 декабрь ва 2020 йил 5 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ҳамда Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига бўлиб ўтган сайловларда юртдошларимиз юксак сиёсий маданият ҳамда Ватанимиз тақдирига дахлдорлик туйғусини намоён этганини қайд этди.

Сайловларда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси муваффақиятли иштирок этди ва натижада Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 53 нафар депутатлик ўрнини эгаллаб, мамлакат тарихида тўртинчи бор парламентдаги энг йирик фракцияни ташкил этди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддасига мувофиқ мамлакат Президентига кўриб чиқиш учун Бош вазир лавозимига номзодни тақдим этиш масаласи муҳокама қилинди.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши мажлисида сўзга чиққан партия фаоллари Л.Муратова, В.Пак, О.Отахонова, Р.Кушербаев, Д. Каттаханова ва бошқалар ушбу лавозимга 2016 йилнинг декабрь ойидан Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири лавозимида ишлаб келаётган А.Арипов номзодини кўриб чиқишни таклиф қилишди.

Сўзга чиққанлар таклиф этилаётган номзод зарурий тажрибага эга эканлигини, Ҳукумат Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар ва устувор вазифалар амалга оширилаётганлигини қайд этишди.

Бош вазир лавозимига номзод А.Арипов мажлис иштирокчилари эътиборига Ҳукуматнинг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ҳаракатлар дастурини тақдим этди. Давлат раҳбари томонидан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, маъруза ва топшириқларда белгилаб берилган стратегик вазифалар дастурнинг асоси эканлиги алоҳида қайд этилди.

Булар:

биринчи – халқ билан мулоқотни давом эттириш, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини изчил ошириш, уларнинг қонуний талаб, эҳтиёж ва мурожаатларини ўз вақтида қаноатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни тизимли асосда амалга ошириш;

иккинчи – “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти самарадорлигини тубдан такомиллаштириш;

учинчи – макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, банк-молия тизимини ислоҳ қилиш, солиқ сиёсатини такомиллаштириш, иқтисодиётни, энг аввало, унинг базавий тармоқларини, агросаноат комплексини жадал ривожлантириш, фаол инвестиция ва ташқи иқтисодий сиёсатни амалга ошириш;

тўртинчи – иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки даражасини камайтириш, давлат корхоналарини бошқаришни такомиллаштириш, хусусий мулкчиликни янада ривожлантириш
ва мулкдорларнинг ҳуқуқларини қонуний ҳимоя қилинишини мустаҳкамлаш;

бешинчи – тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш ва қулай бизнес муҳитини шакллантириш;

олтинчи – ҳудудларни, айниқса, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан орқада қолаётган туманлар ва шаҳарларни комплекс ривожлантириш, замонавий йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яратиш;

еттинчи – ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, иш ҳақи, пенсия ва аҳолининг реал даромадларини ошириш ва аҳолининг муҳтож қатлами ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

саккизинчи – таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт, маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш, фаол ёшлар сиёсатини амалга ошириш, аёллар меҳнати ва турмуши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш.

Бош вазир лавозимига номзод мазкур устувор вазифаларни амалга ошириш учун асосий эътиборни Ҳукумат аъзоларининг фаолият самарадорлиги ва натижалари бўйича шахсий масъулиятини ошириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар кўрилишига қаратилишини қайд этди. Мазкур устувор вазифаларни амалга ошириш мақсадида тегишли қонунлар, ҳар бирида иқтисодиёт тармоқлари
ва ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича узоқ муддатли дастурлар ҳамда уларни амалга ошириш механизмларини назарда тутувчи тегишли қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати ҳужжатлари лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасини 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш концепцияси, Урбанизация концепцияси ва 2020–2025 йилларда саноатни ривожлантириш концепцияси, шунингдек, иқтисодиёт тармоқларининг ўрта муддатга мўлжалланган стратегия – “йўл хариталари” ишлаб чиқилиши режалаштирилган.

Номзод томонидан тақдим этилган Ҳукуматнинг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ҳаракатлар дастури йўналишлари қўллаб-қувватланди ва тасдиқланди.

Мажлис сўнгида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг мамлакат Бош вазири лавозимига А.Арипов номзодини Ўзбекистон Республикаси Президентига кўриб чиқиш учун тақдим этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.

  • Кўрилди
    688
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+