Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни жалб қилиш янада кучайтирилади

31.01.2020, 19:36

Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни жалб қилиш янада кучайтирилади

Бугунги кунда мамлакатимизда мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни қўллаб-қувватлаш орқали мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини янада кенгайтириш ҳамда болаларнинг мактабгача таълими билан кенгроқ қамраб олинишини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, мактабгача таълимни ривожлантириш борасида бошлаган ислоҳотлар натижасида ўтган йили 5 минг 722 та давлат, хусусий, оилавий болалар боғчалари ташкил этилди. Шунинг ҳисобидан фарзандларимизни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси бир йил давомида 38 фоиздан 52 фоизга кўтарилди.

Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида бу борада бошланган ишларни келгуси йилларда ҳам давом эттириш ва мактабгача таълимни янада ривожлантириш масаласи бундан кейин ҳам долзарб бўлиб қолишлиги таъкидланганди.

Куни кеча Президентимизнинг “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани ушбу соҳага қаратилаётган катта эътиборнинг ёрқин наъмунасидир.

Қарорга кўра Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва Молия вазирлигининг давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш дастурини давом эттириш мақсадида белгиланган тартибда тузилган битимлар бўйича кредитларни молиялаштириш учун тижорат банкларига қўшимча маблағлар ажратиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда 2020-2021 йилларда давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитларини (қарзларини) жалб қилиш чоралари кўрилиши белгилаб қўйилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда давлат-хусусий шериклик асосида ташкил қилинадиган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини устувор тартибда Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар, шунингдек, вилоят ва туманларнинг маъмурий марказларида ташкил этилишига эътибор қаратилади.

O‘zLiDeP сайловолди дастурида ҳам таълим соҳасига, хусусан, мактабгача таълим муассасаларини давлат-хусусий шериклик асосида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Партия бу борада таълим тизимида рақобат муҳитининг шаклланиши, хусусий сектор ресурсларидан фойдаланиш, давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш ҳисобига 3-7 ёшлардаги болаларнинг 73,1 фоизи ҳамда 6 ёшдаги барча болаларнинг мактабгача таълим билан қамраб олинишига эришишни устувор вазифа деб билади.

Эмма АСЛОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1291
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+