O‘zLiDePнинг коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича мурожаати

19.03.2020, 16:09

O‘zLiDePнинг коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича мурожаати

Қадрли юртдошлар!

Барчамиз хабардормиз, шу кунларда коронавирус эпидемияси бугун дунё аҳлини хавотирга солиб қўйди. Минг афсуски, кутилмаган ушбу бало мамлакатимиз сарҳадларига ҳам кириб келди. Табиийки, бу бизнинг ҳамюртларимиз орасида турли саволларни юзага келтирмоқда.

Бу борада ҳеч қандай ваҳимага ўрин йўқлигини такрор ва такрор таъкидламоқчимиз ва кўп синовларни бошидан ўтказиб, уларни мардона енгган доно халқимизни аҳилликка, янада ҳамжиҳат бўлишга чақирамиз.

Партиянинг кўп минг сонли аъзолари, хайрихоҳлари ва халқимизга қарата шуни айтмоқчимизки, мамлакатимизда мураккаб эпидемик вазият, бу касалликни Республика ҳудудига кириб келиши ва тарқалиб кетишини олдини олиш борасида жуда жиддий тиббий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда касаллик манбаини жиловлаш, касаллик юқиш йўлларини бартараф қилиш бўйича зарур захиралар шакллантирилган. Энг асосийси вазият шахсан Ўзбекистон Республикаси Президенти назоратида турибди.

 Давлатимиз раҳбари куни кеча ушбу долзарб масала юзасидан халқимизга мурожаат қилгани ва унда вазият тўлиқ назорат остида эканлигини алоҳида таъкидлаб, бажарилиши лозим бўлган навбатдаги вазифалар кўламини белгилаб берганлиги айни муддао бўлди.

Шу ўринда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси юзага келган вазиятни ўнглаш борасида қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим деб ҳисоблайди:

- Коронавирус туфайли мамлакатимизда эълон қилинган карантин ҳолати аслида сизу-бизнинг, фарзандларимизнинг саломатлигини муҳофаза қилиш учун жорий этилганлигини теран ҳис этган ҳолда касалликни яширмасдан, ўз вақтида мурожаат қилиш, ҳар биримиз шахсий гигиена ва санитария қоидаларига қатъий амал қилишимиз зарур;

- ижтимоий тармоқларда тарқалаётган турли асоссиз хабарларга ишонмасдан, фақат ва фақат расмий ахборотлар ва мутахассисларнинг тавсияларига қатъий риоя этишингизни сўраймиз. Ўз навбатида ҳозирги қалтис вазиятда барча ОАВ вакилларини аҳолига зарур маълумотларни ўз вақтида ва объектив тарзда етказишларига ишонамиз ва уларни шунга даъват этамиз.

бундан кейин видеоконференция форматида ишлаш, вирус тарқалишининг олдини олиш бўйича зарур чораларни кўриш, фуқаролар ўзини-ўзи бу хавфдан ишончли ҳимоя қилиши лозим деб ҳисоблаймиз. Оммавий тадбирлар бўладиган жойларда камроқ бўлиш, айниқса, шахсий гигиена талабларига қатъий риоя қилиш зарур эканлигини яна бир бор эслатиб қўймоқчимиз. Мазкур жараёнда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, тегишли тиббиёт муассасалари вирус тарқалишининг оғир оқибатларининг олдини олиш ва бартараф этиш учун зарур жиҳозлар ва аппаратлар билан таъминлаш чораларини зудлик билан кўриши зарур эканлигини таъкидламоқчимиз;

жойларда комиссиялар тузиб, уларда депутатларнинг иштирокини таъминлаш, айниқса, дорихоналарда ниқоблар, зарур дори-дармонлар нархининг ошиб кетиши устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш зарур деб биламиз;

- мажбурий таътил пайтида ота-оналар ўз фарзандларининг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратишлари, уларни китоб ўқишга даъват этишлари мақсад мувофиқдир;

Мамлакатимиз бўйлаб эълон қилинган карантин билан боғлиқ айрим чекловларни тўғри тушуниш ҳамда уларни бузмаслик барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир. Бундай касалликларга қарши туришда қатъиятлилик ва тартиб-интизом катта самара беришини унутмайлик.

Касаллик ўчоғида бўлган, қолаверса, ушбу хасталикка чалинганлар билан мулоқотда бўлган юртдошларимиз ўз вақтида бу ҳақда тегишли тиббиёт муассасасига хабар бериши нафақат унинг ўзига амалий ёрдам берилишини, балки кўплаб бошқа юртдошларимизни ҳам ушбу хатарли хавфдан халос этишини таъкидлаб ўтмоқчимиз. Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари бераётган тавсияларга имкон қадар тўғри амал қилайлик.

Эл бошига тушган ташвишдан ўз манфаати йўлида фойдаланишга уринаётган айрим қўштирноқ ичидаги “тадбиркорлар” томонидан сотилаётган маҳсулотлар ва кўрсатилаётган хизматлар нархини оширишга бўлаётган ҳолатларни кўрганимизда бефарқ бўлмайлик.

Такрор бўлсада айтиш керакки, коронавирус туфайли мамлакатимизда ҳеч қандай озиқ-овқат танқислиги кузатилмайди. Негаки, мамлакатимизда 98 фоиз озиқ-овқат маҳсулотлари маҳаллийлаштирилган. Деярли барча хом ашё юртимизда етиштирилади. Четдан фақат какао ва қаҳва донлари, цитрус мевалар каби маҳсулотлар импорт қилинади. Шундай экан, озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлайди ёки тақчиллик бўлиши мумкин, деган хавотирга асло ўрин йўқ. Қолаверса, озиқ-овқат ва бошқа кундалик истеъмол маҳсулотларининг нархи ошиб кетмаслиги учун Давлат солиқ қўмитаси, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент бу борадаги ишларни кучайтирган.

Шунингдек, иш берувчи вазирлик, идоралар, корхоналар раҳбарлари, у ерда ишловчи ходимлар чекловчи чора-тадбирларга қатъий амал қилишлари лозим. Бу эса ўзларининг бебаҳо ҳаёти учун муҳим омил эканини яхши англашлари керак. Иситмаси бор ходимлар икки ҳафта давомида уйида карантин шароитида бўлиши ва бу режимни бузмаслиги керак.  Беморлар ҳолидан хабар олиш, кўнгил сўрагани боришни вақтинча тўхтатиб туриш, мақсадга мувофиқдир.

Азиз юртдошлар!

Президентимиз халқимизга қилган ўз мурожаатида таъкидлаганидек, шу давргача ҳаётнинг кўп оғир синовларини, яхши-ёмон кунларини бошидан кечирган юртдошларимиз бу балога қарши курашда ҳамжиҳатлик ҳамда бир ёқадан бош чиқариб, бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилишларига ишончимиз комил. Шундай экан, ортиқча ваҳима-хавотирларга берилишга ҳеч қандай асос йўқ. Боиси, давлатимиз биз билан ҳамиша камарбаста ва энг мураккаб вазиятларда тўла-тўкис ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, амалий кўмак беришга тайёр. Асосийси, бундай эпидемияларга қарши самарали  иш олиб боришда давлатимиз етарлича тажриба ва тиббий салоҳиятга эга. Биздан фақат бир нарса талаб қилинади. Яъни санитария-гигиена талабларига қатъий тарзда риоя қилиб, ўзимиз ва оила аъзоларимизни хавфли инфекция юқишидан ҳимоя қилишдир. Мавжуд вазиятни тўғри тушуниб, масалага онгли ёндашсак, ҳаммамиз якдиллик ва ҳамжиҳатлик билан иш тутсак бу қийинчиликлар, албатта, ортда қолади.

  • Кўрилди
    1250
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+