Наманганнинг меҳнаткаш, фаол, илмли халқи яхши яшашга муносиб

29.06.2020, 09:36

Наманганнинг меҳнаткаш, фаол, илмли халқи яхши яшашга муносиб

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 26-27 июнь кунлари Наманган вилоятида бўлди.

Ташрифнинг иккинчи куни Президентимиз иштирокида Наманган шаҳрида вилоят ва туман ҳокимлари, соҳа ва тармоқлар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари билан йиғилиш бўлиб ўтди.

– Кейинги пайтларда анъанага айланганидек бир-биримиз билан очиқча гаплашиб, муаммоларни маҳаллалардан бошлаб туманлар миқёсида ўртага ташласак, шу асосида бир йилга режа қилиб олсак, ўйлайманки ушбу йиғилишимиздан кўзланган натижага эришамиз. Энг катта мақсад-муддаомиз – одамларни рози қилиш. Шу боис бугун вилоят фаоллари, ҳар бир туман мутасаддилари ўзларининг таклифларини бериши керак. Келгуси йилга қандай режалар қиламиз, қандай имкониятларимиз бор, бугун шуларни гаплашамиз, – деди давлатимиз раҳбари.

Президентимиз жойларда ютуқлар борлигини, ўзгаришлар бўлаётганини, лекин булар ҳали кўзлаган марраларимизга мос эмаслигини таъкидлади.

– Тўғри гапни гапирган одам – ислоҳотларга хайрихоҳ. Аччиқ гаплардан тўғри хулосалар чиқариб йўлимизни топиб олишга ҳаракат қилсак, энг катта маррамиз шу бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда эскича тушунчада қолиб кетган раҳбарлар йўқ эмаслиги қайд этилди. Пандемия шароитида юзага келган инқироз пайтида иқтисодиётни тиклаш жуда оғир масала экани, бу жойлардаги ижро органлари мутасаддиларидан катта масъулият талаб қилиши таъкидланди. Наманган вилоятини ривожлантириш бўйича энг мақбул йўлни топиб, иқтисодиётни юргизиш, иш ўринлари яратиб, аҳолининг бандлигини таъминлаш энг катта масала бўлиб қолаётгани айтиб ўтилди.

Йиғилишда Наманган вилоятида камбағалликни қисқартириш, таълим муассасалари битирувчиларини касб-ҳунарга қамраб олиш ва аҳоли даромадларини кўпайтириш бўйича ҳозирги аҳвол пухта таҳлил қилиниб, амалга ошириладиган долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Бугунги кунда вилоятда ўсиш нуқталарини аниқлаш ва ишга солиш, шу орқали аҳоли фаровонлигини ошириш олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг энг муҳим шарти ҳисобланади. Президент бу борада вилоятда ташкил этилиши зарур бўлган ишларга алоҳида эътибор қаратди.

Жумладан, саноат, кичик ва ўрта бизнес, ҳунармандчилик, хизмат кўрсатиш соҳалари вилоят иқтисодиётини ривожлантириш ва аҳоли даромадларини оширишнинг энг муҳим драйверлари бўла олади. Ушбу соҳалар бўйича Наманганда катта тажриба бор. Шунга мувофиқ, вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш орқали муҳтож оилаларнинг 12 мингдан ортиқ ишсиз аъзоларини банд қилиш ва йил охирига қадар камбағал оилалар сафидан чиқариш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берилди. Хусусан, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги 600 та тадбиркор фаолиятини тиклаш орқали 2 мингта ходим иш жойига қайтади.

Давлатимиз раҳбари туман ва шаҳарлар кесимида вилоятда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ва ушбу лойиҳалар учун 80 миллиард сўм маблағ ажратилишини қайд этди. Ушбу маблағга қўшимча равишда яна 100 миллиард сўм ажратилади. Карантин шароитида тушуми камайган тадбиркорларни айланма маблағ билан таъминлашга 2,3 триллион сўм, жорий йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга 350 миллиард сўм кредитлар йўналтирилади.

Вилоятда заргарлик саноатини ривожлантириш, Наманган шаҳрида 2 йилда 4 мингта янги иш ўрни яратиладиган замонавий заргарлик маркази ташкил этиш, бу ерда «устоз-шогирд» тамойили асосида ишсиз юрган ёшларни ҳунармандчиликка жалб қилиш бўйича топшириқлар берилди.

2020-2021 йилларда Чортоқ туманини комплекс ривожлантириш, ҳудуддаги фойдаланилмай ётган 3 минг гектар ерни ўзлаштириш ва тупроқ-иқлим шароитига мос экинларни жойлаштириш чоралари кўрилади.

Вилоятда 2020-2021 йилларда қиймати 16,3 триллион сўм бўлган 1953 та ҳудудий лойиҳа амалга оширилиб, 55 минг янги иш ўрни яратилади. Шундан жорий йилда умумий қиймати 8,3 триллион сўм бўлган 1652 та лойиҳа ҳаётга жорий этилиб, 35 мингта янги иш ўрни ташкил этилади.

Бугунги кунда Европадаги машҳур брендлар Наманганнинг костюм-шимларини тан олмоқда. Шу боис, йирик тўқимачилик корхоналарига ер ажратилиб, вилоятда пахтани чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтилмоқда.

Президент пахта-тўқимачилик кластерлари ушбу эътиборга муносиб ҳаракат қилишлари, кўпроқ даромад олиб, одамларни иш билан таъминлаши зарурлигини таъкидлади.

Вилоятда қуёнчилик, асаларичилик, чорвачилик, паррандачилик бўйича истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш белгиланди. Наманган туманида 4806 та хонадонда иссиқхоналар ташкил этиш, йил охиригача чорвачилик йўналишида қиймати 386 миллиард сўм бўлган 84 та лойиҳани амалга оширишни якунлаш топширилди.

Бунда четдан 13 минг бош наслли қорамол, 13 минг бош жўн йўналишидаги эчки ва шунча қўй олиб келиб, Поп ва Чуст туманларидаги хонадонларга тарқатилади. Йиллик қуввати 10 минг тонна сут ва минг тонна гўштни қайта ишлаш бўйича янги қувватлар ишга туширилади.

Йиғилишда уй-жой ва инфратузилма қурилиши, аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш, таълим, маданият соҳаларини ривожлантириш, инқирозга қарши халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилиш, янги корхоналарни барпо этиш бўйича инвестиция лойиҳаларини кўпайтириш, экспортни кенгайтириш юзасидан вазифалар белгиланди.

Наманган вилояти нуфуси йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Бу эса ҳудудни демографик бошқариш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда қийинчилик туғдирмоқда. Шу муносабат билан Президент Наманган шаҳри таркибида Давлатобод туманини қайта ташкил этишни таклиф қилди.

– Наманганнинг фаол, меҳнаткаш, илмли халқи яхши яшашга муносиб. Бунинг учун давлатимиз барча имкониятларни ишга солади, – деди пировардида Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, иқтисодиёт тармоқлари мутасаддилари, ҳокимлар ҳисоботи эшитилди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятининг рамзий дарвозаларидан бири ҳисобланган Наманган темир йўл вокзалида амалга оширилган қурилиш-реконструкция ишларини кўздан кечирди.

Маҳаллий аҳоли ва хорижлик сайёҳларга темир йўл транспорти хизматини кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида вокзалда 24 миллиард сўмлик бунёдкорлик ишлари бажарилди.

Вокзалдаги кутиш заллари, буфет, тиббиёт пункти, она ва бола хонаси, электрон маълумотлар маркази, кутубхона, миллий совғалар, газета-журналлар шохобчаси, юкларни вақтинчалик сақлаш хизмати каби барча бўлимлар замонавий андозаларда ташкил этилди. Бундан ташқари, мажмуага қўшимча равишда ўттиз уч ўринли меҳмонхона қуриб битказилди.

Ушбу ишлар натижасида Наманган темир йўл вокзали замонавий қиёфа касб этиб, бир вақтнинг ўзида 250 нафар, суткасига 2,5 минг нафар йўловчига замонавий хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлди.

Вокзал Фарғона водийси ҳалқа темир йўли бўйлаб тезкор электропоездлар қатновида водий шаҳарлари ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари билан транспорт боғланишида муҳим бўғин бўлиб хизмат қилади.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи якунига етди.

ЎзА

  • Кўрилди
    55
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+