“Томорқа хизмати” корхоналари фаолияти янада кенгаяди

02.07.2020, 12:33

“Томорқа хизмати” корхоналари фаолияти янада кенгаяди

Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича қабул қилинган қарорлар асосида амалга оширилган бир қатор муҳим ташкилий тадбирлар, шу жумладан маҳаллаларда томорқа билан шуғулланадиган алоҳида лавозим жорий этилганлиги, аҳолига уруғлик ва кўчат етказиб бериш, хизматлар кўрсатиш бўйича “Томорқа хизмати” корхоналари фаолияти йўлга қўйилганлиги ҳамда томорқада янги лойиҳаларни амалга ошириш учун Фермерлар кенгаши ҳузурида жамғарма фаолияти йўлга қўйилганлиги аҳоли даромадларини ошишига, кўплаб иш ўринлари яратилишига хизмат қилмоқда.

Куни кеча Президентимизнинг “Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани томорқачиликни янада ривожлантиришга, етиштирилга ҳосилни нес-нобуд қилмасдан бозорини топишга, аҳолининг кўпроқ даромад топишига, экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга ундайди.

Қарорга кўра, томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, “Томорқа хизмати” МЧЖ моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, фаолиятини янада кенгайтириш ва аҳоли томорқаларини хизматлари билан қамраб олиш даражасини ошириш, шунингдек, маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятларини янада кўпайтириш борасида қатор вазирликлар олдига аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Эндиликда тегишли вазирлик ва ҳокимликлар аҳоли томорқаларига кафолатланган кўчат ва уруғларни тизимли етказиб беришни ташкил этиш учун “Томорқа хизмати” МЧЖларга иссиқхона, совутгичли омборхоналар, чорвачилик мажмуалари қуриш учун асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ ер майдони ажратиб беришда кўмаклашади.

Шунингдек, кластер усулида фаолият юритадиган “Томорқа хизмати” МЧЖларга 3 йил муддатга кредит ёки уларнинг устав капиталига кейинчалик сотиш ҳуқуқи билан улуш ажратиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари аҳоли томорқаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун 20-30 тонналик кичик ҳажмли совутгичлар барпо этиш учун ҳамда Марказий банкнинг асосий ставкасида уч ой имтиёзли давр билан бир йил муддатга 4 фоиз банк маржасини ҳисобга олган ҳолда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш йўналишида 2 миллион сўмгача Оилавий тадбиркорлик маркази хулосасисиз Оn-line тарзда томорқа ер эгаларига микрокредитлар ажратиш механизми жорий этилмоқда.

Энг муҳими бугунги коронавирус пандемиясининг салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланган ҳолда икки марта ҳосил олиш ишларини ташкил этиш вазифалари қарорда белгилаб берилди. Мақсад бугунги синовли кунларда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланган ҳолда даромадларини ошириб бориш, бу орқали фуқароларнинг камбағалликдан чиқишида яқиндан кўмакчи бўла олишлиги кўзда тутилган.

Парламент вакили сифатида ҳудудларда ўрганишлар олиб борилганида биринчи галдаги вазифамиз аҳоли ўз томорқаларидан қайдаражада фойдаланяпти, қандай муаммолар бор, уларни бартараф этишда нималар қилиш керак каби саволларга жавоб топишга ҳаракат қилганмиз. Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори билан ушбу муаммоларга аниқ жавоб топа олдик. Энг муҳими юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, аҳоли томорқаларига кўчат ва уруғлар етказиб бериш, етиштирган маҳсулотларини бозорини топиш, экспортга йўналтириш, сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқаларида артизан қудуқлар ўрнатиб бериш, ихчам иссиқхоналар қуриш ва техникалар олишда барча имконият ва имтиёзлар яратиб берилади.

Биз депутатлар мазкур қарорнинг жойларда тўлиқ ижросини таъминлашда бор кучимизни сафарбар этамиз.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

аграр ва сув хўжалиги масалалари

қўмитаси аъзоси

  • Кўрилди
    1779
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Билдирилган фикрлар

Shodlik2020-07-09 20:26:04

Bu imtiyozdan foydalanish uchun qayerga murojat qilishimiz kerak. Javob uchun oldindan raxmat


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+