Ўзбекистон – БМТ доирасидаги муҳим халқаро ташаббуслар ижодкори

24.09.2020, 09:17

Ўзбекистон – БМТ доирасидаги муҳим халқаро ташаббуслар ижодкори

Маълумки, БМТ Бош Ассамблеяси сессияси инсоният олдида турган долзарб муаммоларни муҳокама этиш, уларга ечим қидириш масалаларига бағишланади. Бу борада давлатларнинг қарашлари ўртага ташланади, минтақалар ва халқлар манфаатидан келиб чиқиб хулосалар белгиланади.

Бундай нуфузли анжуманда маъруза қилиш имконияти ҳаммага ҳам берилавермайди. Бунда давлатнинг ички ва ташқи сиёсати, халқаро майдондаги обрў-эътибори, дунёда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, турли миллат ва элатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашдаги фаол иштироки ҳисобга олинади.

Давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг етмиш бешинчи сессиядаги нутқи чиндан-да тарихий воқеа бўлди. 2017 йилнинг сентябрь ойида ҳам БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиб нутқ сўзлаган ва бу мамлакатимиз билан БМТ ҳамкорлигининг янги босқичини бошлаб бергани ёдимизда.

Айтиш жоизки, Президентимиз БМТ ташкил этилганининг 75-йиллик юбилейидаги нутқида ўткир ва долзарб халқаро ташаббусларни илгари сурди. Бу эса Ўзбекистоннинг БМТ доирасидаги муҳим халқаро ташаббуслар ижодкорига айланиб бораётганини дунё жамоатчилигига яна бир бор намоён этди, десак тўғри бўлади.

Биринчидан, пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш таклиф этилди. Ушбу ҳужжатда ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари акс этиши лозимлиги таъкидланди. Ҳақиқатан ҳам бугунги кунда шундай масалалар юзага келаяптики, бу муаммоларни бирорта мамлакат якка ҳолда ҳал этиши амримаҳол. COVID-19 пандемияси ана шу жараёнга ёрқин мисолдир. Пандемия туфайли юзага келган ва бутун дунёдаги миллионлаб одамларнинг ҳаётига таъсир кўрсатган ҳозирги глобал инқироз бутун дунё ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва бунда БМТнинг ўрни нақадар муҳим эканлигини кўрсатди.

Шу маънода Президентимиз жаҳон ҳамжамиятини ушбу ташкилот атрофида янада жипслашишга, коронавирусни глобал тарқатмасликни олдини олиш борасидаги алоҳида саъй-ҳаракатларни умумлаштиришга чақирди. Зеро дунё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик алоқаларининг мустаҳкамланиши пандемия туфайли вужудга келган кутилмаган вазиятга мослашишга олиб келади.

Иккинчидан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш таклифи бугунги куннинг жуда долзарб масаласидир. Чунки бу борадаги алоқалар янги босқичга кўтарилса, минтақамиздаги мамлакатлар билан яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳурмат муҳити янада яхшиланади. Энг асосийси Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан ўзаро савдо ҳажми ошади.

Учинчидан, қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказиш таклиф этилди. Чиндан ҳам бугунги кескин глобаллашув ва рақобат жараёнида қашшоқлик ва камбағаллик масаласи кун тартибига чиқмоқда. Бу муаммолар айниқса пандемия даврида кескин кўриниш олди. Ушбу муаммоларни ҳар бир мамлакат якка ҳолда эмас, биргаликда ҳал этиши энг тўғри йўлдир. Қолаверса, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг тадбиркорлик қобилиятларини рўёбга чиқариш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, бу борада ўзаро тажриба алмашиш ҳам яхши самара беради.

Ишончимиз комилки, бу каби ташаббуслар жаҳон ҳамжамияти ва БМТ раҳбарияти томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланади. Зеро, илгари сурилган таклифлар бугунги кунда инсониятни ўйлантириб келаётган долзарб ва ўткир муаммоларни ҳал этишга қаратилган муҳим чақириқдир.

Умуман олганда, ўтган йиллар давомида инсоният қандай ютуқларга эришган бўлса, бунда ташкилотнинг ўрни ниҳоятда муҳим. Шу жиҳатдан Ўзбекистон учун БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш жуда долзарб. Ҳамкорликни янги даражага кўтариш бўйича Ҳаракатлар режаси (йўл харитаси) ишлаб чиқилганлиги бу борадаги амалий қадамдир. 17 йўналишни ўз ичига олган “Йўл харитаси” давлатимиз раҳбарининг ташқи сиёсий ташаббуслари, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган таклифларини ўз ичига олганлиги билан аҳамиятлидир.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, эндиликда Ҳаракатлар режасига мувофиқ, БМТ институтларида фаолият юритиш учун Ўзбекистон ҳам ўз номзодларини киритиш имкониятига эга бўлади. Ушбу ҳужжатдаги вазифаларнинг тўлиқ рўёбга чиқарилиши муносабатларимизни янги, янада юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Яна бир гап. Ҳаракатлар режаси барча, айниқса, жамиятнинг энг заиф ва эҳтиёжманд қатлами учун инсон салоҳиятини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида миллий, минтақавий ва глобал даражаларда БМТ тизими билан ҳамкорлик муносабатларини чуқурлаштириш ҳамда мустаҳкамлашга қаратилган. Бир сўз билан айтганда, ушбу Ҳаракатлар режаси Ўзбекистоннинг кўп томонлама муносабатларга содиқлигининг муҳим намойишидир.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг муҳим миссияси ва ҳар бир давлатнинг ушбу мураккаб даврдаги долзарб вазифаси халқаро ҳамжамиятда алоҳида хавотир ва ташвиш уйғотувчи озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга масъулият билан ёндашишдир. Чунки ҳар бир давлатнинг муваффақияти, ҳар қандай халқаро вазиятдан қатъи назар, аҳолининг барча қатламларини фаол ва соғлом ҳаёт фаолияти учун зарур бўлган миқдорда хавфсиз, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш салоҳиятига боғлиқ.

Ички бозорни озиқ-овқат билан тўлдириш, уларни ишлаб чиқариш соҳасида ўз-ўзини таъминлашга эришиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим сектори ҳисобланган қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан биридир.

 Бугунги кунда Ўзбекистон ўзининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш баробарида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш орқали бошқа мамлакатларнинг озиқ-овқат таъминотига ҳам ҳисса қўшмоқда. Бу, айниқса, кўплаб давлатларнинг протектционистик чораларни қўллаётган бир пайтда яққол намоён бўлаяпти.

Шу жиҳатдан Президентимизнинг “Бош котиб Антониу Гутерриш жанобларининг бугунги инқирозли вазиятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб муаммоларига бағишланган саммитни ўтказиш бўйича таклифини маъқуллаймиз” деган чуқур маъноли фикрлари нуфузли халқаро анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Негаки, бутун дунёда озиқ-овқат тақчиллиги хавфи ортиб бораётган бир пайтда Ўзбекистон раҳбарияти нафақат ички талабни қондириш, балки ташқи бозорга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини ошириш имконини берадиган муҳим ва зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, БМТ ташкил этилганининг 75-йиллик юбилейи мамлакатлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик кўламларини кенгайтириш, нафақат Ўзбекистонда, балки бутун жаҳонда барқарорлик, ривожланиш ҳамда фаровонлик манфаатлари йўлида биргаликдаги ишларнинг янги йўналишларини белгилаб олишга замин яратади.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    632
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+