Бизнес вакиллари билан елкама-елка ишлаш – биринчи галдаги вазифамизга айланиши керак

02.10.2020, 12:01

Бизнес вакиллари билан елкама-елка ишлаш – биринчи галдаги вазифамизга айланиши керак

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик – иқтисодиётнинг ўсиш нуқталаридан бири, аҳоли бандлигини таъминлашнинг энг муҳим манбаи ҳисобланади. Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга бўлган эътибор туфайли бу соҳа йилдан-йилга ривожланиб бормоқда.

Сўнгги йилларда юртимизда соҳани ривожлантиришга қаратилаётган катта эътибор, бизнес субъектларига берилаётган имтиёз ва енгилликлар сабабли бу тармоқ ўзининг иқтисодиётимиздаги ўта муҳим ва салмоқли ҳиссаси билан давлатимиз ва жамиятимиз тараққиётида тобора муҳим ўрин эгалламоқда.  

Тўғри, карантин талаблари жорий этилиши натижасида мамлакатимизда 72 минг 500 та саноат корхонасидан 16 минг 700 таси ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган эди. Лекин давлатимиз раҳбари бошчилигида ўз вақтида кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида 16 минг 600 та корхонада ишлаб чиқариш жараёни тикланди.

Айни пайтда ҳам бу бора иқтисодий ислоҳотлар жадал давом эттирилмоқда. Бизнесни юритиш учун қулай муҳит яратиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир.  

Солиқ тизими тубдан ислоҳ қилингани, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилгани, тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширишлар бекор қилингани нафақат аҳоли турмуш даражасини ошириш, балки кўплаб иш ўринларини яратиш имконини берди. Бу бежиз эмас, албатта. Агар юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш, инвестиция ва бизнес муҳитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмаганда, ҳозирги оғир шароитда одамларни янги касб-ҳунарларга ўргатиш ва бандлигини таъминлаш жуда оғир кечиши мумкин эди.

Эътибор беринг, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 майдаги тегишли қарорига асосан, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизими жорий этилган эди. Шунга мувофиқ, биринчи марта туман ва шаҳарлардаги иқтисодий кўрсаткичлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш муҳити, инфратузилма ва мавжуд ресурслардан фойдаланиш даражаси ўрганилди.

Таҳлиллар асосида улардаги тадбиркорлик ривожи ҳолати “яхши”, “ўрта” ва “қониқарсиз” ҳудудларга ажратилди. Хусусан, 48 та туман ва шаҳардаги ҳолат “яхши”, 119 тасида “ўрта” ҳамда 33 тасида “қониқарсиз” деб топилган. Бундан англаш мумкинки, эндиликда иқтисодий комплексга кирувчи вазирлик ва муассасалар “тадбиркорга хизмат қилувчи” ташкилотга айланади. Бошқача айтганда, эндиликда битта тадбиркор ўз фаолиятини тўхтатса ҳам, бунга “фавқулодда ҳолат” сифатида қаралади.

Куни кеча ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз бу масалага алоҳида тўхталиб, мутасаддиларга “қониқарсиз” деб баҳоланган туманларда кичик саноат зонаси ташкил этиш, яйловларда чорвачилик, қоракўлчилик, йилқичиликни ривожлантириш бўйича топшириқлар берди.

Президентимиз таъкидлаганидек, “қониқарсиз” ҳамда “ўрта” деб баҳоланган туман ва шаҳарларда инқирозга қарши бошқарув тизими жорий этилади. Яъни, уларга раҳбарлик қилиш истагини билдирган ҳар қандай талабгор ҳудудни ривожлантириш дастурини маҳаллий кенгашларда ҳимоя қилади. Халқ вакилларини ишонтира олган салоҳиятли кишилар бутун жамоаси билан туманга раҳбар этиб тайинланади.

Бу эса коронавирус пандемияси туфайли дунё миқёсида иқтисодий ўсиш суръатлари пасаяётган ҳозирги даврда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва унинг даромадини оширишга қаратилган муҳим ташаббусдир. Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари ҳамда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакиллари эса жойларга чиқиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлашга халақит бераётган муаммоларни ўрганган ҳолда уларни ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўряпти.

Видеоселектор йиғилишида “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш, бундай интилишларни рағбатлантириш бўйича ҳам алоҳида топшириқлар берилдики, бу ЎзЛиДеП ва унинг парламентдаги фракцияси зиммасига катта масъулият юклайди. Демак, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга доир қарор ва қонунларнинг ижросини мониторинг қилиш, бу борада депутатлик назоратини янада кучайтириш – биринчи галдаги вазифамизга айланиши керак.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугун юртимизда тадбиркорлар сонини кўпайтириш, одамларни ишбилармон қилишга қаратилаётган чора-тадбирлардан кўзланган мақсад битта – янги тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш ва фаолиятини тўхтатган корхоналарни тиклашга кўмаклашиш. Шундай экан, ҳар бир раҳбар тадбиркорга шароит яратиб, бизнес вакиллари билан елкама-елка ишлаши лозим.  

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик 

палатаси Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    759
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+