Ишсиз хотин-қизларда мотивация уйғотиб, касбий кўникмаларини шакллантиришимиз зарур

09.10.2020, 16:42

Ишсиз хотин-қизларда мотивация уйғотиб, касбий кўникмаларини шакллантиришимиз зарур

Бугун мамлакатимизда хотин-қизлар ва ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилгани бежиз эмас. Уларнинг бандлигини таъминлаш, ўқишлари, муносиб иш шароитларида фаолият юритишлари учун барча имкониятлар эшиги очиб берилаётгани фикримиз исботидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 8 октябрь куни жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам айни масала ечимлари атрофлича муҳокама қилинди. Албатта, хотин-қизлар ва ёшлар аҳолининг катта қисмини ташкил қилишини ҳисобга олсак, ижтимоий масалаларнинг аксарияти ҳам улар билан чамбарчас боғлиқлигини кўрамиз. Масалан, хотин-қизлар масалалари бўйича ҳар бир маҳаллада алоҳида раис ўринбосари, туманда – маҳалла ва оила бўлими бошлиғи ўринбосари ва 2 нафар мутахассиси, вилоятда эса 8 нафаргача штат бирлиги берилди. Бу нима дегани? Бу мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, муаммоларни имкон қадар тез ва самарали ҳал этиш, улар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиларнинг олдини олиш бўйича тизимли ишлар олиб бориляпти, дегани.

Давлатимиз раҳбари йиғилишда: “Бундан кейин одамларнинг уйига бориб, ишга муҳтожларни ишга жойлаштириш тизимини яратишимиз керак. Энди қайси жойда раҳбарлар уйма-уй юриб, масалаларни ҳал қилса, ўша жойда вазият ўзгаради. Энг асосий мақсад – иқтисодий барқарорликдан натижадорликка ўтиш”, дея қатъий таъкидладилар. Мазкур фикрларни тинглаб, бугунги фаолиятимизнинг аксар қисмини аҳоли орасида, хонадонларида ўрганиш олиб бориб ўтказаётганимиз бежиз бўлмаётганига амин бўлдим. Худди шу хонадонма-хонадон ўрганишларимиз давомида ишсиз хотин-қизларда мотивация уйғотиб, касбий кўникмалар шакллантириш, психологик, ҳуқуқий, тиббий ва молиявий кўмак беришга ҳаракат қиляпмиз.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳам айни пайтда хотин-қизларимиз учун етакчи даромад манбаига айланиб бормоқда. Хусусан, камбағалликни қисқартириш бўйича олиб бораётган ишларимизда айни соҳага кўпроқ суянаётганимиз бор гап. Кам таъминланган, ишсиз аёлларимизга кўмак сифатида фермер хўжаликлари ер майдонларидан ажратилаётган маълум гектар ер майдонларида бугун уларнинг бандлиги таъминланяпти. Шу билан бирга оиласига даромад олиб киряпти, дастурхони ноз-неъматлар билан тўляпти, рўзғори бутланяпти.

Президентимиз раислигида ўтказилган мазкур йиғилишда айтилган ҳар бир фикрни топшириқ сифатида қабул қилдик. Хотин-қизлар ва ёшлар бандилигини таъминлаш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш учун астойдил ҳаракат қиламиз.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

***

“Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти, Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтининг имкониятларидан фойдаланиш керак

Барчамизга яхши маълум, юртимизда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати, яъни “темир дафтар” юритилиб келинмоқда. Ўзимиз ҳам фаолиятимиз доирасида мазкур дафтар бўйича аҳоли орасида ишладик. Эндиликда айни дафатар каби ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари” шакллантирилади. Бу рўйхатлар табиийки “темир дафтар”дан алоҳида бўлади. Унга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар киритилади. Бунинг натижасида улар билан тизимли, манзилли иш йўлга қўйилади.

Муҳтарам Президентимиз раислигида куни кеча ўтказилган видеоселектор йиғилишида шу масала ижроси алоҳида таъкидланди. Давлатимиз раҳбари томонидан ўз ўрнида  сектор раҳбарлари ва мутасадди идоралар вакилларига ҳар бир маҳалладаги ҳолатни ўрганиш, ёшлар ва аёллар билан бирма-бир мулоқот қилиб, эҳтиёжларини, қизиқишларини аниқлаш ҳамда шу асосда манзилли чоралар кўриш бўйича топшириқларни берганлари ҳам айни масалада самарали натижаларга эришиш учун қўйилган қадамлардан бўлди.

Албатта,      “дафтар”лар билан ишлашда нодавлат нотижорат ташкилотлар имкониятларидан самарали фойдаланиш лозим. Бу борадаги ҳамкорлик жуда зарур. Жазони ўтаб қайтганларнинг ижтимоий мослашуви, ёшлар ва аёлларни психологик қўллаб-қувватлаш, уларни чет тиллари ва касб-ҳунарга ўқитиш муҳим.

“Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти, Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтининг имкониятларидан фойдаланиш керак. Бундан ташқари, аҳолини тадбиркорликка ўқитиш ва микромолиявий хизматлар кўрсатишдан иборат комплекс дастурларни амалга ошириш лозим. Бунинг учун эса йиғилишда таъкидланганидек, нодавлат нотижорат ташкилотларга йиллик 4 фоиз ставкада қарз маблағлари ажратилади.

Ёшлар ва аёллар масалалари ҳар доим долзарб экан, уларнинг муаммоларини бартараф этишда, албатта, давлатимиз раҳбари қайд этган вазифаларга жиддий масъулият билан ёндашиш керак. Бу билан самарали натижага эришамиз.

Умидахон ЗОКИРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати.

***

Бугун “ижтимоий шартнома” тажрибасини кенг қўллаш кутилгандан зиёда самарани беради

Бугун ишсизликни камайтириш орқали камбағалликни қисқартиришга эришиш зарурлигини даврнинг ўзи кўрсатмоқда. Айниқса, келажак бунёдкорлари бўлган ёшлар ишсизлиги борасида жиддий масъулият талаб этилади.

Давлатимиз раҳбари раислигида 8 октябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши айни масалалар ижросига бағишлангани замирида ҳам ёшлар муаммоларига ечим топиш саъй-ҳаракатлари мужассам. Аввало, йиғилишда ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш ҳокимнинг инвестиция бўйича ўринбосари, туман ва шаҳар бандлик бўлими, Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш маркази, Бош вазир қабулхоналари ва банкларнинг энг муҳим вазифаси бўлиши кераклиги қайд этилди.

Албатта, шу ўринда ўз меҳнати, иродаси билан катта ютуқларга эришган машҳур шахслар билан учрашувлар ташкил этиб, ёшларнинг дунёқарашини ўзгартириш, уларга кучли мотивация бериш, чет тили, касб-ҳунар ва бизнесга ўргатадиган аудио ва видео материаллар тайёрлаб тарқатиш кутилганидан зиёда самара бериши бор гап.

Муҳтарам Президентимиз томонидан йиғилишда “ижтимоий шартнома” тажрибасини кенг қўллаш муҳимлиги қайд этилгани бежиз эмас. Бунда, аввало, фуқаро касб ўрганиши, ишга жойлашиши, ўзини ўзи банд қилиши учун давлат томонидан моддий ва ижтимоий кўмак кўрсатилади.

Фаолиятимиз сабабли аҳоли орасида мулоқотлар қиламиз, суҳбатлашамиз, муаммоларига ечим топишга ҳаракат қиламиз. Масалан, кўп ҳолларда, айниқса, бугунги пандемия шароитида сайловчиларимизнинг аксарияти ишсизликдан қийналяпти. Ўзим бир неча йил Андижон вилоятида Фермерлар кенгашида раҳбар бўлиб фаолият юритганим боис уларнинг бу борадаги масалаларига айни соҳа орқали ечим топишга интиламан. Ҳудудлардаги фермер хўжаликларида бандлигини таъминлашга ҳаракат қиламан. Ҳам даромад топсин, ҳам рўзғорга кўмаклашсин, ҳам бандлиги таъминлансин. Муҳими, уларда ерга меҳр ҳам уйғониб боради. Ўзим қанчалаб ёшларнинг фермер хўжаликларига бириктирилганларидан кейин мустақил равишда томорқачиликни йўлга қўйганларининг гувоҳи бўлдим.

Назаримда, шундай ишлаш орқали уларнинг меҳнатга, ўзини-ўзи банд қилиш йўлларини излашга ўргатяпмиз. Ютуғимиз ҳам аслида шунда!

Албатта, ёшлар масаласи ҳар доим долзарб бўлиб келган. Фақат вазият ва имкониятдан, шароит ва давр талабидан келиб чиққан ҳолда ёндашишимиз керак.

Бегали ҚОДИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

  • Кўрилди
    575
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+