Форумда илгари сурилган ташаббуслар миллий қадриятларимиз ва иқтисодиётимиз тараққиётига эш бўлди

29.12.2020, 09:38

Форумда илгари сурилган ташаббуслар миллий қадриятларимиз ва иқтисодиётимиз тараққиётига эш бўлди

Муҳтарам Президентимизнинг Ёшлар форумига ташрифи доирасидаги нутқлари, ёшлар билан самимий суҳбатларидан тўқинланмаган одам бўлмаса керак. Айниқса, давлат раҳбарининг йигит-қизлар билан дилдан суҳбати уларнинг нигоҳларидаги оловдан, шижоатдан шундоққина билинди.

Президентимизнинг “Мен ҳар гал ёшларимиз билан учрашганимда сизларнинг ғайрат-шижоатингиздан куч-қувват оламан, кўнглим тоғдай кўтарилади... Сизларни Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси сифатида қадрлайман”, деган фикрлари, шубҳасиз, ёшларимизнинг келгуси улкан мақсадларига дебоча очди.

Форум доирасида президентимиз томонидан қўллаб-қувватланган “Ёшлар: 1+1” дастури доирасида ишсиз ва уюшмаган ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитишнинг ташкил этилиши ҳамда “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида 1 нафар тадбиркорга 1 нафар ишсиз ёшни бириктириш ташаббуслари жуда олижаноб фикр бўлди. Келгуси йилда мазкур ташаббуслар асосида камида 500 минг нафар ёшни иш билан таъминлашга замин яратилади.

Шунингдек, кейинги вақтда ҳунармандлар билан ёшлар ўртасида етарлича ҳамкорлик, айтиш жоиз бўлса, “Устоз-шогирд” анъанаси намунали олиб бормаётгани алоҳида қайд этилди. Президентимиз томонидан анъанани кучайтириш учун янги чоралар белгилаш ва ёшларга кўмакдош бўладиган ҳунарманд усталарни Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан моддий рағбатлантириш тизимининг жорий этилиши чинакам эзгу ва миллий қадриятларимизга эш ташаббус бўлди. 

Биз ҳам ўз навбатида ёшлар ташаббусларига қанот беришда айни форумда илгари сурилган эзгу ҳаракатлардан куч оламиз. Андижонлик йигит-қизларимизнинг улкан мақсадларига форум доирасидаги хайрли ташаббуслар билан йўл очамиз.

Элёрбек НИЯЗОВ,

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раисининг

 Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари.

***

Ёшлар Ватанимизнинг энг катта кучи, бойлиги, бебаҳо хазинаси қайта-таъкидланган Ёшлар форуми ўзгача юқори кайфиятда ўтди. Мамлакатимизда илк бор ўтказилаган мазкур анжуманни иштирок этган давлатимиз раҳбари ҳам юртимиздаги ҳар қандай ислоҳотларда ёшларнинг куч-ғайратига, азму шижоатига суянишларини алоҳида қайд этганлари бежиз эмас. Бугун Ватанимизда учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга фаол киришган бир вақтимизда чиндан ҳам келажак яратувчилари муҳим ўрин тутади.Негаки, бўлғуси Ренессанснинг энг муҳим бўғинлари оила, мактабгача таълим, мактаб ва олий таълимни ўзида ифода этади. Шунинг учун ҳам айни соҳаларда туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Муҳтарам Президентимиз шунингдек, эркин иқтисодий зоналар бўйича мавжуд тажриба асосида ҳудудларда Ёшлар кичик саноат зоналари ташкил этилишини таъкидлаганларида жуда мамнун бўлдик. Чунки айни ташаббус билан ёш тадбиркорларнинг, тадбиркорликни бошламоқчи бўлган ёшларнинг имкониятлари янада кенгаяди. Саноат зоналарида устб келаётган авлод вакилларининг бизнес лойиҳалари юз очади, қўллаб-қувватланади.

Бугун, албатта, тенгдошларига ибрат бўлаётган. жамиятдаги янгиланишлар жараёнларида фаол иштирок этаётган ёшлар жуда кўпчиликни ташкил қилади. Аммо тан олиш керак, йўлидан адашган йигит-қизлар ҳам йўқ эмас. ана шундай кўмакка муҳтож ёшлар қатлами билан масъуллар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатишга хизмат қиладиган “Ёшлар мурожаати” электрон платформаси яратилиши белгилангани мазкур йўналишдаги муаммоларнинг бартараф этилиши учун замин бўлади.

Форум доирасидаги эзгу ташаббуслар асосида биз ҳам ёшлар билан ишлашда маълум вазифаларни белгиладик.

Жавлонбек ЭРГАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

***

Президентимизнинг форумга йиғилган ёшлар билан қилган суҳбатларини тинглаб, кўриб, очиғи, шундай хурсанд бўлдимки, шундай бағрикенг, бизларни қўллаб-қувватлагувчи юртбошининг фарзандлари эканимиздан яна бир бор фахрланиб кетдим.

Айниқса, давлатимиз раҳбарининг бизларга кўзи, юраги ёнган ёшлар дея таъриф беришлари, хайрли ташаббусларни илгари сурган фикрлари бутун Ўзбекистон ёшларига улкан мотивация берди.

Айни вақтда ҳаётимизда санъат, адабиёт, спорт соҳасида биз ёшларнинг имкониятларимиз керагидан ортиқ. Улар билан юқори марраларга томон дадил бормоқдамиз. Хусусан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Ёшлар қаноти аъзоларининг айни соҳалардаги ютуқлари мақтанишга арзийди. Нокамтарликка йўймангу, тенгдошларимнинг жуда кўплари партиямиз томонидан қўллаб-қувватланиш туфайли шу соҳаларда юксак чўққиларни забт этаётирлар. Муҳтарам Президентимизнинг бу соҳаларни ривожлантириш бўйича истиқболдаги вазифаларни белгилаб берганлари айни муддао бўлди.

Форумда ёшлар маънавияти хусусида айтилган муаммолар борасида бизнинг ҳар доимгидан сезгир, огоҳ, ҳар бир масалада аввало, Ватан манфаатларини ўйлаб иш тутишимиз зарурлиги юртбошимиз томонидан алоҳида таъкидланди. Бу эса бизнинг келгусидаги улкан марраларни забт этишимиз, оқилона ва одилона ҳаёт кечиришимиз, Ватаннинг ҳар қандай эзгу чақириқларига “лаббай” дея жавоб беришимиз, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида юксак зрин эгаллаши учун бор билимимиз, куч-ғайратимизни сафарбар этамиз.

Толибжон МИРЗАЖОНОВ.

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

Ёшлар қаноти фаоли,

“Ёшлар парламенти” аъзоси

***

Жонажон ва гўзал Ўзбекистонимиз янги – 2021 йилга яхши ният, янги режалар ва улуғвор мақсадлар билан пешвоз чиқмоқда. Ана шу тариқа яна бир йилимизни тарих саҳифаларига кузатмоқдамиз.

Ортда қолаётган ушбу йил ўзидан бирмунча хотиралар қолдирмоқда. Бу хотиралар ичида энг ёддақоларлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ёшлари форумида сўзлаган нутқи бўлди, десам адашмайман. Боиси унда Президентимизнинг ҳар бир сўзи ёшларга катта куч-ғайрат, шижоат бағишлади. “Биз юртимизда қандай ислоҳотларга қўл урмайлик, аввало, сиз каби ёшларга, сизларнинг куч-ғайратингиз ва азму шижоатингизга суянамиз”, деганликлари юракларимизни фахр-ифтихор туйғуларига тўлдирди.

Юртбошимиз ҳар гал ёшлар билан мулоқот қилганларида ўқиш, изланиш, тинимсиз ҳаракат қилиш лозимлигини таъкидлайдилар. Уларнинг “Ўз тажрибамдан келиб чиқиб, сизларга айтадиган маслаҳатим шу: Илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин! Ёшлик – умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ва билим – ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг! Сизлар мустақиллик фарзандларисиз”, деган даъваткор сўзлари бизни янги марралар сари ундади. Илм излашдаги ғайрат-шижоатимизни оширди.

Президентимизнинг Ёшларга масалаларида илгари сурган долзарб вазифалари O'zLiDeP олдига ҳам амалга оширилиши зарур бўлган ишларни юклайди. Хусусан, эндиликда, Республикамизнинг барча шаҳар ва туманларида “ёшлар кичик саноат зоналари” ташкил этилади. Ушбу саноат зоналарида ёшлар лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш учун зарур бўладиган барча инфратузилма объектлари жойлаштирилади. Бундан ташқари, Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури орқали ҳар бир вилоятга ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун 100 миллиард сўмдан кредит маблағлари йўналтирилади. Албатта, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш каби бажарилиши лозим бўлган вазифалар ЎзЛиДеПнинг сайловолди дастурида ҳам белгиланган бўлиб, бу ишларни янада жадаллаштириш борасида муҳим вазифаларни белгилаб олдик.

Юртбошимизнинг ёшларни қўллаб-қувватлашдаги яна бир муҳим сўзлари “Ёшлар билан ишлаш Президентдан тортиб вазиргача, ҳокимдан тортиб маҳалла раисигача – ҳаммамизнинг энг асосий ишимизга айланиши зарур”, деганлари бўлди. Юртбошимизнинг бу сўзлари биз, ёшларни янада тўлқинлантирди. Биз Президентимизнинг ишончларини оқлаб, юртга муносиб фарзанд бўлишга ҳаракат қиламиз!

Жавоҳирбек ШАМСУДДИНОВ,

O'zLiDeP Фарғона вилоят Кенгаши Ёшлар

билан ишлаш бўлими мудири.

***

Руҳи баланд одамнинг мақсади улуғ ва қадами қатъиятли бўлади.

Бундай инсон қийинчиликларни писанд этмайди, улардан ўз кучи, иродаси, ақлига таянган ҳолда чиқиб кета олади. Бундай одамни енгиб бўлмайди. Давлат раҳбарининг Ўзбекистон ёшлар форумида айнан навқирон ёшдагилар билан учрашуви, самимий мулоқоти бутун мамлакатдаги ёшларни руҳлантирди. Кўнглимизга туккан умидларимизни оловлантирди, режаларимиз, мақсадларимизни юксакроқ олишимиз кераклигини, кучли ва ташаббускор бўлишимиз лозимлигини уқтирди.

Айниқса, Президентимизнинг ёшларга қилган мурожаатида 2 ва ундан ортиқ фарзанди олий ўқув юртида ўқийдиган оилаларга имтиёзли таълим кредити берилиши, ёшлар томонидан ишлаб чиқилган лойиҳаларни молиялаштириш учун 100 миллион доллар ажратилиши, ёшлар кичик саноат зоналари ташкил этилиши яна бир имконият бўлди. Бу имконият кўплаб тадбиркорлигини бошлаш ниятида юрган тенгдошларим учун ҳам қулайлик яратади.

Албатта, мурожаатда ўртага ташланган айрим масалалар O'zLiDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши «Ёшлар қаноти»нинг олдига ҳам масъулият юклайди. Шундан келиб чиқиб, йўл харитамизга ҳам ёшларни ҳаётда ўз ўрнини топишлари, жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашувчи лойиҳалар, вазифаларни амалга оширишни белгилаб олдик. Жумладан, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи спортнинг футбол ҳамда волейбол тури бўйича «Ўзбекистон кубоги» мусобақаларини ташкил этиш, ёш фермерларнинг тажрибасини оммалаштириш орқали уларнинг сафини кенгайтириш, «Замонавий касблар» маҳорат дарсларини ташкил этиш ва ёшларни тадбиркорларга бириктириш орқали уларнинг тажрибасини ўргатиш каби лойиҳаларни амалга оширишни белгилаб олдик. «Ёш инновациячи» стипендияси танловини эълон қилиш орқали эса илмий изланиш қилаётган, янги инновацион лойиҳалар муаллифларини қўллаб-қувватлашни мақсад қилганмиз. Буларнинг барчаси партиямиз фаоллари бўлган тенгдошларимизни ҳаётида бурилиш ясаши, эзгу ишлар ва мақсадлар сари ундашга хизмат қилади.

 Хумойиддин НУРФАЙЗИЕВ,

O'zLiDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши

ёшлар билан ишлаш бўлими раҳбари

  • Кўрилди
    782
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+